Қозоғистон нега Нобел Тинчлик мукофотини деб Хитой билан сан-манга бормоқчи эмас?

Норвегия Нобель қўмитаси хитойлик диссидент Лю Сяобога Тинчлик мукофотини топширишга сўнгги ҳозирликларини кўраркан, Қозоғистон бугунги маросимда иштирок этиш учун у ердаги элчисининг вақти йўқлигини айтмоқда.

Бу каби мавқеси билан Қозоғистон Ослодаги тантаналарда қатнашмаслигини баён қилган 19 давлатнинг бирига айланган.

Бугунги маросимда иштирок этмасликларини баён қилган давлатлар рўйхатида яна собиқ Шўро республикаларидан Россия ва Украина ҳам бор.

Рўйхатдаги қолган мамлакатларни Афғонистон, Хитой, Колумбия, Куба, Миср, Эрон, Ироқ, Марокаш, Покистон, Филиппин, Саудия Арабистони, Сербия, Судан, Тунис, Венесуэла ва Вьетнам ташкил этади.

Аммо, қўмитага кўра, дунёнинг 44 давлати вакиллари ушбу маросимда қатнашиш истагини билдиришган.

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон биргина тантаналар деб ўзининг шарқий қўшниси ва муҳим савдо ҳамкори бўлмиш Хитойни хафа қилмоқчи эмас.

Энергияга чанқоқ Хитой нефтга бой Қозоғистонга энг катта ётирим киритувчи сармоядор давлатлардан бири ҳисобланади.

Икки ўртада Қозоғистон нефтини Хитойнинг шимолий-ғарбий Шинжон вилоятига элтувчи йирик нефт қувури ҳам амал қилади.

Қозоғистон, бундан ташқари, Хитойнинг ташқи сиёсати ва "тинч" дипломатик мавқеини ҳамиша дастаклаб келади.

Ғарб давлатларидан фарқли тарзда, Хитой Қозоғистондаги демократия билан боғлиқ аҳволни танқид қилишдан ўзини тияди.

Бундан ташқари, икковлоннинг сиёсий ўзгачафикрлиликка қарашлари ҳам бир-бирига ўхшаб кетади.

Дейлик, қозоғистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Жовтис жорий пайтда тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Қатор инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ҳамкасблари адолатсиз маҳкама жараёни ортидан қамоққа ташланган.

Турк Халқлари Умумжаҳон Ассамблеяси эса, яқинда президент Нурсултон Назарбоевнинг номзодини келаси йилги Нобел Тинчлик мукофотига тақдим этганди.

Жаноб Назарбоев номзоди бу каби олий мукофотга илгари сурилаётган илк Марказий Осиё президентидир.

Ассамблея ўз қарори сабабини Қозоғистоннинг бугунги кунда дунё ва минтақада тинчлик-тотувликни тарғиб этишда қанчалик муҳим ўрин тутаётгани билан изоҳлаганди.