Эртага Эрон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури тақдири ҳал этилади

Эртага Ашхабодда Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон раҳбарлари Туркманистондан Жанубий Осиёга қадар узайган газ қувурини қуриш бўйича якуний шартномани имзолашлари кутилмоқда. Узунлиги 1.640 километр бўлган газ қувурини қуришни назарда тутган лойиҳа - ТАПИ номини олган. Қўшма Штатлар дастаклаб чиққан ушбу лойиҳа Эрон-Покистон-Ҳиндистон газ қувурига муқобил йўлни таклиф қилади. Хўш, жангзада Афғонистон ва Покистондаги озод қабилалар яшовчи беқарор ҳудудлардан ўтувчи ушбу газ қувури хавфсизлигини таъминлаш қанчалар осон бўлади? Суҳбатдошимиз Туркманистон газ қувурлари бўйича Жон Робертс:

Жавоб: Қувурни қуришнинг имкони борми? Бу анчайин баҳсли савол. Ушбу лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан самарли бўлишини, у хавфсизлик ва дипломатик музокараларни олиб боришга арзишини мен ҳозирданоқ кўриб турибман. Аммо, амалда бунинг имкони борми, менинг ишончим ҳозирча комил эмас.

Савол: Ушбу газ қувури қурилишида учрайдиган асосий тўсиқлар нима?

Жавоб: Асосий тўсиқ хавфсизлик экани аниқ. Афғонистон ҳукумати ва ё у ердаги НАТО кучлари Толибон ҳужумларидан газ қувури ва уни қураётган жамоаларни ҳимоя қилиш учун етарли кучга эгами? Ёки улар газ қувурига ҳужум қилмаслик борасида Толибон билан қандайдир келишувга эриша олишадими? Толибон билан келишув масаласи газ қувуридан ҳам кенгроқ жиҳатларни ўз ичига қамраб олади.

Савол: Бу газ қувури Афғонистон орқали Покистондан ҳам ўтади. Исломобод расмийлари Толибларга қисман бўлса-да таъсир қила олишлари айтилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, Покистон газ қувури хавфсизлигини таъминлашда роль ўйнай оладими? Ё сизнингча бу ерда Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларга кўпроқ эътибор қаратиш керакми?

Жавоб: Бу кенгроқ масалаларга ҳам тааллуқли. Агар Покистон Афғонистондаги йирикроқ хавфсизлик муаммолари ечимида роль ўйнай олса, газ қувурида ҳам унинг таъсири кучли бўлади. Мени ўйлашимча, Афғонистондаги иттифоқчи кучлар Покистоннинг нафақат ушбу лойиҳани деб, балки Афғонистондаги умумий тинчликни деб фаолроқ бўлишини исташади.

Савол: ТАПИ газ қувури қурилишида Россия ва АҚШ манфаатлари қанчалик аҳамиятли бўлиши мумкин?

Жавоб: Газ қувури хавфсизлиги истиқболларида ҳар қандай мамлакат ўз ролига эга бўлиши мумкин. Лекин бу ерда асосий савол газ қувури қурилишига ким пул беришга тайёрлигидир. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Осиё Тараққиёт Банки 7-8 йилдан буён ҳаракат қилиб ётибди. Лекин ҳозиргача бирорта халқаро ташкилот чиқиб, ушбу лойиҳага раҳбарлик қилиш истагини билдирмади. Россиянинг "Газпром" ширкати бу лойиҳага ўқтин-ўқтин қизиқиш билдириб турибди. Лекин хавфсизликнинг таъминланмагани асосий муаммолигича қолмоқда.

Савол: Сармоядорларнинг чиқмаётганлигига сабаб нима? Балки газ қувури сарфланадиган харажатига арзимас...

Жавоб: Йўқ, асло. Лойиҳа тижорий маънода жуда ҳам самарали, фақат хавфсизлик таъминланса. Ҳамма нарса хавфсизликнинг таъминланишига бориб тақалаяпти. Урушлар ўтаётган мамлакат ичкарисидан газ қувурини ўтказиш режаси жуда ҳам қалтис режадир. Аммо қувур ишга тушса, барчага салмоқли даромад келтиради. Илк навбатда бу Туркманистонга беқиёс фойда беради. Чунки Ашхабодда янги экспорт йўли пайдо бўлади.