Олма ота шаҳрида ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг маҳкамаси бўлиб ўтмоқда

Олма ота шаҳрида ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг маҳкамаси бўлиб ўтмоқда.

29 бошпана изловчи Олма ота шаҳар миграция қўмитаси томонидан қочқинлик мақоми берилмагани юзасидан арз қилган.

Ҳозирча маҳакама даъвогарларнинг аризасини қониқтирмаган.

Олма ота шаҳар Олмали туманидаги 2 чи сонли маҳкамада ўзбекистонлик 29 бошпана изловчининг иши кўриб чиқилмоқда.

Ҳакам журналистлардан маҳкама жараёнида суратга олишлар билан халақит бермаслигини сўраяпти. Адвокат Анжелика Раҳимбердина ҳакамдан унинг ҳимоясидаги шахс Хошимов Алишернинг ҳам маҳкамада иштирокини таъминлашни сўради.

Аммо ҳакам даъвогар тергов изоляторида сақланаётгани боис фуқаролик маҳкамасига олиб келишнинг иложи йўқлигини айтди.

Адвокат Анжелика Раҳимбердина жавобгар шахс сифатида қатнашаётган Олма ота миграция полициясидан қандай ҳужжатларга асосланиб Алишер Хошимовга қочқинлик мақомини бермаганлигини сўради.

Олма ота миграция полицияси томонидан қатнашаётган шахс бошпана сўровчиларга рад жавоби берилишига оид ҳужжатлар фақатгина хизмат мақсадларида ишлатилишии учун уларни очиқлай олмаслигини таъкидлади.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, ушбу ҳужжатлар фақат хизмат юзасидан фойдаланишгагина тақдим қилинган, дейди Миграция полициясидан Гулзада Каримовна.

Бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки бермаслик билан шуғулланган Меҳнат вазирлигига қарашли Миграция қўмитаси тарқатиб юборилган. Ушбу ташкилотнинг ваколатлари ноябр ойидан бошлаб Ички ишлар вазирлигига қарашли миграция полицияси зиммасига ўтди. Шунинг учун ҳам миграция қўмитасининг қарорини миграция полицияси маҳкамада ҳимоя қилмоқда.

Анжелика Раҳимбердина ҳимоясидаги Алишер Ҳошимов Ўзбекистонга юборилса қийноқларга дуч келиши мумкинлигини айтди. Ушбу гапига халқаро ташкилотлар томонидан келтирилган ҳисоботларни исбот ўлароқ келтирди.

Ўз навбатида миграция полицияси вакили бошпана изловчи томони Ўзбекистонда қидирувда эканлиги ва унга хавф борлигини исботлаб бериши кераклигини таъкидлади.

Алишер Ҳошимов иши бўйича Олмали туман маҳкамасининг қарори ҳали эшиттирилгани йўқ.

Адлия вазирлигига қарашли тергов изолятирида сақланаётган 15 кишининги ишини эса ҳакам Даурен Тлеубаев кўриб чиқмоқда.

Ҳакам бугунгача Толипов Сирожиддин, Холтўраев Олимжон, Жалолхонов Саидакбар, Улуғбек Остонов ва Болтаев Аҳмадларнинг даъвосини қондирмади.

Маҳакама жараёнида иштирок этган Болтаев Аҳмаднинг турмуш ўртоғи Адолат Мўминова эри Ўзбекистонда "Жаслиқ" қамоқхонасида ётиб чиққани айтди.

Адолат Мўминовага кўра, ҳар олти ойда турмуш ўртоғини кўришга борганида унинг тирноқлари ва тишлари суғуриб олингани ва баданида бошқа қийноқ излари борлигини кўрганини айтган.

Ҳакам ушбу кўрсатмаларни эътиборсиз қолдирди ва миграция қўмитаси томонидан қочқинлик мақоми берилмаганлиги тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди.

Қочқинларнинг яқинлари ишга бўлган муносабатдан туман маҳкамаси уларнинг даъволарини қондирмаслигини олдиндан кутишганди. Энди даъвоси қондирилмаганлар 15 кун давомида шаҳар маҳкамасига ариза билан чиқиши кутилмоқда.

Айни дамга келиб ҳибсда ушланиб турган бошпана изловчиларнинг сони 29 тага етди. Яқинда Умаров Фазлиддин ҳам ҳибсга олинган. Унга ҳануз адвокат тайинланмаган ва комиссия қароридан норози бўлиб ўзи ариза ёзган. Қозоғистондан бошпана сўраган 4 киши эса аллақачон Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборилган.

Қозоғистондаги бир қатор жамоатчилик ташкилотлари Олма отадаги ўзбек қочқинлари устидан ўтказилаётган маҳкама юзасидан норозиликларини билдиришган.

Инсон ҳақлари ҳимоячиси Вадим Курамшин ва "Талмас" жамоатчилик жамғармаси раҳбари Айнур Қурманов, касаба уюшмалари ҳаракати раҳбари Есенбек Уктешбаевлар норозилик хатига имзо чекишган. Унда айтилишича, Олма ота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ишини кўраётган ҳакам халқаро ва Қозоғистон қонунчилигига номувофиқ иш юритмоқда.

Human Rights Watch ташкилотининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Рейчел Денбер Қозоғистон Бош прокурори Кайрат Мамига мактуб ёзган.

Унда HRW масъули қозоқ расмийларидан Қозоғистондаги ўзбек бошпана изловчиларининг ҳақларига риоя қилишни, уларни қийноқлар мунтазам равишда қўлланиладиган Ўзбекистонга бериб юбормасликни сўрайди.