Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 'жангариларнинг Ўшга сизиб кираётганликлари'ни рад этди

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўш ҳокимининг террорчилик амалиётларини уюштириш ва тартибсизликларни келтириб чиқариш учун жангариларнинг шаҳарга кириб келаётганликларига оид баёнотини рад этиб чиқишган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги, "Ўзларида бу каби маълумот йўқлиги, минтақадаги вазият назорат остида" эканини айтган.

Бу ҳақда Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Ўш шаҳар ҳокими Мелисбек Мирзакматов кеча ўзбек диаспораси раҳбарлари билан учрашуви чоғида шаҳарда бир қанча террорчилик ҳужумлари уюштирилиши мумкинлигини баён қилган.

"Террорчилик таҳдиди ва этник тўқнашувлар хавфи яна шаҳар узра осилиб турибди," деб айтган Ўш шаҳар ҳокими.

Мелисбек Мирзакматов, ўз таъбирида, Қирғизистон Хавфсизлик хизматлари ва қўшни мамлакатлардан олинган маълумотларга таяниб, 2005 йил Андижондаги воқеаларда иштирок этган бир гуруҳ миллатчи ва бўлгинчи гуруҳларнинг Ўшга кирганликларини айтган.

"Уларнинг орасида чеченлар, ўзбеклар ва тожиклар бор. Улар 10 декабрдан 20 декабргача қатор террорчилик ҳужумларини уюштириш режасида бўлишган," дея қўшимча қилган жаноб Мирзакматов.

Ўш шаҳар ҳокимига кўра, шаҳар ва минтақада топилган катта миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар бунга далолат қилади.

Аммо Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноий-қидирув бўлими раҳбари Тилекбай Алибаев ҳам бугун берган матбуот анжуманида ушбу хабарларни тасдиқламаган.

Қирғизистон давлат телевидениесининг хабар беришича эса, Ўш шаҳар ҳокимининг буйруғи билан стратегик жиҳатдан муҳим бинолар, тиббиёт ва ўқув масканларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Катта сондаги кишилар иштирокида тадбирлар бўлиб ўтаётган жойларда махсус назорат нуқталари ўрнатилган.

Хабарларга кўра, Ўш шаҳар маъмуриятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизлик ва чегара хизмати раҳбарлари билан махсус йиғин ҳам ўтказилган.

Қирғизистон жанубида июн ойида юз берган этник зўравонликларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, ўн минглаб кишилар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Маҳаллий аҳоли орадан ярим йил ўтиб ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят этиб келишади.