Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўш шаҳар ҳокими маҳаллий ўзбекларни нималар билан огоҳлантирди?

Кеча Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов билан учрашган ўзбек диаспораси вакиллари Қирғизистон халқига мурожаат билан чиқишган.

Мурожаатда бўлгинчи ва иғвогарларга қарши биргаликда фаолият олиб боришга даъват этилади.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг AKIpress ахборот агентлиги тарқатган.

Маълум қилинишича, учрашувдан мақсад - шаҳарда зўравонликлар юз бериши эҳтимоли ҳақида хабарлар борлиги ва бундан маҳаллий ўзбекларни огоҳлантириш бўлган.

"Осмонўпар мақсадларда бўлган баъзи бир лидерлар ташқи қўпорувчи кучларнинг дастаги билан апрел ойидаги ҳукумат алмашуви ортидан вужудга келган мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятдан фойдаланиб, ўзларининг бўлгинчилик фаолиятларини кучайтиришди ва уларга оддий ўзбекларни ҳам жалб этишди. Бу эса, икки қардош халқ орасида можароларни келтириб чиқарди," дейилади мурожаатномада.

Мурожаатномада яна, "Қўпорувчи кучлар Қирғизистон жанубидаги вазиятни беқарорлаштириш уринишларидан воз кечмасликлари ва яқинда Бишкекда юз берган портлаш, Ўшда террорчи гуруҳлар аъзоларининг ҳибсга олиниши, Қарақўлдаги иғвогорона ёзувлар мисол" экани ҳам айтилади.

Иштирокчиларга кўра, йиғин чоғида Ўшдаги ўзбек лидерларидан Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов ва улар тарафдорларининг "бўлгинчилик ғоялари" қораланган ва июн ойидаги миллий низоларда айбдор бўлган шахсларнинг жавобгарликка тортилиши талаб этилган.

Биз Ўш шаҳар ҳокими билан йиғинда иштирок этган Ўзбек миллий марказининг раҳбари Рашидхон Жўраев билан боғланиб, тафсилотлар билан қизиқдик.