Халқаро Қизил Хоч ташкилоти: Афғонистонда жангарилар сони жадал кўпаймоқда

Image caption Турли қуролли гуруҳлар кўпайгани Қизил Хочга муҳтожларга ёрдам беришига тўсқинлик қилмоқда

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг айтишича, Афғонистонда қуролли гуруҳлар жадал кўпаймоқда ва бу ҳолат ўзларининг эҳтиёжманд одамларга ёрдам етказишларига халал бераяпти.

Ташкилотнинг бу мамлакатдаги раҳбари Рето Стокернинг айтишича, низолар бугун янгича ва шубҳали паллага кирган.

Бу йил масалан, тинч фуқаролар орасида қурбонлар сони ҳам ошган.

Қизил Хоч ташкилоти айтишича, улар шу йил мобайнида ўз уйларини ташлаб қочган 140 минг Афғонга кўмак кўрсатган.

Би-би-си мухбирига кўра, Афғонистондаги инсонлар ҳолатини тасвирлайдиган камдан-кам таснифларидан бирида Халқаро Қизил Хоч ташкилоти умидсиз манзарани чизган.

Ташкилотга кўра, Афғонистондаги низолар янгича ва қора паллага кирган.

Тобора сони ошаётган қуролли гуруҳлар кўплаб афғонларнинг ҳаётини оғирлаштирмоқда.

Бундай гуруҳларнинг кўпини ҳатто аниқлаб ҳам бўлмайди.

Бир қуролли гуруҳи келади-да, бугун одамлардан овқат ва бошпана талаб қилади.

Эртаси куни бошқа бир қуроллилар гуруҳи пайдо бўлиб, нега душман гуруҳга ёрдам бердинг, деб бу одамларни қийнайди.

Икки ўт орасида қолган бечора афғонлар эса жабр кўришаяпти.

Тинч фуқаролар орасида қурбонлар ошмоқда ва кўпчилик уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлмоқда.

Қизил Хочнинг Афғонистондаги вакили Рето Стоккер муаммолар кўлами кенглигини ва ҳатто қуролли гуруҳлар билан музокарага боришга мажбур бўлаётганини қайд этди.

- Тинч фуқароларнинг қурбон бўлаётгани, йўл четидаги бомба ҳужумлари каби ҳолатларни биз мухолиф қуролли гуруҳ раҳбарлари билан мубоҳаса этаяпмиз. Ҳаво ҳужумлари ва текширув нуқталарида тез тўхтамаган автомашиналарга ҳужумлар ҳам бизни ташвишга солади, - дейди халқаро ташкилот вакили.

Халқаро Қизил Хоч бетараф ташкилот, аммо бу ташкилот ҳам Афғонистоннинг турли минтақаларига ўз ёрдамларани етказиш тобора қийинлашиб бораётганини айтмоқда.

Уруш чўзилиб кетаётгани боис, оддий афғонлар бирон тарафга ўтишга мажбур бўлишмоқда.

Баъзи одамлар эса фақатгина уй-жойларини ташлаб қочишлари мумкин, холос.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти жорий йили низолардан қочган ва ё табиий офатлардан зарар кўрган 140 минг инсонга ёрдам кўрсатган.

Айни дамда "Нью-Йорк Таймc" нашри қилган сўнгги хабарларда ҳам Америка жосуслик хизмати Афғонистон урушига оид салбий манзарани чизади.

Хусусан, агар Покистон ўз ҳудудидаги жангарилар бошпана топган масканларни йўқотмас экан, Толибонни енгиб бўлмайди, дейди рўзнома.

Афғон ҳукумати ҳам мамлакатдаги исёнкорлик ечими кўп ҳолларда бу мамлакатдан ташқарида деб айтиб келади.

Айрим Афғон мулозимларининг айблашича, Покистон жангариларга бошпана бериш билан чекланаётгани йўқ, балки уларни фаол ёлламоқда ва Афғонистондаги исёнкорликни молиялаяпти.