Қозоғистон маҳкамаси яна уч ўзбекистонлик бошпана изловчи аризасини рад этди

Олма-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган жараёнда яна уч бошпана изловчининг даъвоси қондирилмади, яна уч кишининг ҳукми эса душанба кунига қолдирилди.

Жавобгар миграция полицияси бошпана изловчилар Ўзбекистонда тазйиқларга учрамаган деган фикрда қатъий қолаётган бўлса, адвокат ва учинчи томон бунинг аксини таъкидламоқда.

Бугунги маҳкама Миллий хавфсизлик хизмати тергов изоляторида сақланаётган бошпана изловчиларнинг аризасини кўриб чиқиш билан бошланди.

Унда Дилбек Каримов, Ойбек Қўлдошев, Маъруф Йўлдошевларнинг шикояти кўриб чиқилди.

Бу шахсларнинг ҳаммаси ҳибсда бўлгани боис ўзлари маҳакама жараёнида қатнашмади.

Уларнинг ҳуқуқини адвокат Анжелика Раҳимбердина ҳимоя қилди.

Олма-Ота миграция полициясидан жавобгар сифатида қатнашган Гулзара Нурмакин, бу шахсларнинг Ўзбекистон конституциясига қарши ҳаракатларга алоқаси бор, деб айтди.

- Қозоғистон республикаси ҳуқуқ-тартибот органларида Йўлдошев Маъруфга нисбатан Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган унинг антиконстицион ҳаракатлардаги иштироки ҳақида маълумотлар бор, - деди миграция полицияси вакили Гулзара Нурмакин.

Маҳкамада иши кўрилган қаршилик Ойбек Қўлдошевнинг турмуш ўртоғи ҳакамга эри Ўзбекистонда таъқибга учраганини ва шундан сўнгра Қозоғистонга қочиб келишга мажбур бўлганини айтиб берди.

"Хўжайиним ҳеч қандай гуруҳларга қўшилмаган. Чунки ҳар доим ишларига бориб, ишларидан келардилар. Ушланган икки ўртоғидан эса фақат Қуръон ўрганаётган эди. Масжидга намоз ўқишга борган одамларнинг орқасидан одам тушганида бизларни қамаб қўйишади деб, ҳаммаси хафсираб қолишганди. Эрим Қозоғистонга келган вақти намозхонларнинг ҳаммасини ушлаб қамашаётган эди", деди Ойбек Қўлдошев турмуш ўртоғи.

Ҳакам Талғат Садиқов ушбу уч кишининг даъвоси бўйича ҳукмни душанба кунига қолдирди.

Шудан сўнг ҳакам Даурен Тлеубаев Адлия вазирлигига қарашли вақтинчалик ҳибсхонадаги уч кишининг ишини кўриб чиқди.

Раҳматов Ўктам, Пардаев Исабек ва тожикистонлик Акмал Шодиевларнинг даъвосига рад жавоби берилди.

Адвокат Игор Пан халқаро жамотчиликнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи борасидаги хавотирларини маҳкамада яна бир бор эслатди.

- Маълум шахслар Ўзбекистонга экстрадиция қилинганидан сўнг улар билан ташқи дунё ўртасида алоқа умуман йўқолиб қолди. Шунга қарамай комиссия ўзининг асосланмаган қарашлари билан қарор қабул қилди. На иш материалларида ва на маҳкама жараёнида жавобгар томон нима сабабдан қочқинлик мақомини бермаганлиги борасида бирорта ҳам далил келтирмади, - дейди адвокат Игор Пан.

Ҳар бир ишни эшитиб бўлганидан сўнг қарор чиқаришга кириб кетган ҳакам орадан 13-15 дақиқа ўтиб, тўрт бетлик ҳукмнома билан чиқиб келди.

Мазмунан бир-бирига ўхшайдиган бу ҳукмномаларда бошпана изловчиларнинг даъвоси қондирилмагани ва 15 кун давомида шаҳар маҳкамасига ариза ёзиши мумкинлиги ҳақида ёзилган.

Шу кунгача ўн кишининг даъвоси қондирилмади.

Келгуси ҳафтадан бошлаб қолган 19 кишининг аризаси кўриб чиқилади.