Қирғиз хавфсизлик хизмати террорчилик фитнаси олдини олганини айтмоқда

Бишкекдаги 30 ноябр куни юз берган портлаш жойи
Image caption Қирғиз хавфсизлик кучларига кўра, Бишкек ва мамлакат жанубидаги хуружларни бир гуруҳ режалаштирган

Қирғизистон хавфсизлик хизмати раҳбари Бишкекда матбуот анжумани ташкил этиб, мамлакат жанубидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадини кўзлаган террорчилар тармоғи режасини фош этганини айтган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев сўзларига кўра, "террорчилар Қирғизистон расмийлари ва хавфсизлик зобитларидан шу йил июн ойидаги ҳодисалар учун ўч олишни кўзлаганларини аниқлашнинг уддасидан чиққанлар".

Қирғиз хавфсизлик хизмати раҳбари айтишича, террорчилар тармоғи тузилмасини аниқлаганлар, бу гуруҳнинг раҳбарлари, мувофиқлаштирувчилари бўлган, "террорчилар Қирғизистон жанубини 11 та секторга, Ўш шаҳрини эса 14 бўлимга бўлиб олган бўлганлар.

Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев сўзларига кўра, Қирғизистонда террорчилик хуружларини содир этган ва бундай амалиётларни режалашда алоқадор шахслар сони бир неча ўнни ташкил этади.

Жаноб Душебаев шу йил июнида мамлакат шимолидаги Тўқмоқ шаҳрида содир этилган портлаш, Ўш шаҳридаги отишма, ноябр, декабр ойларида пойтахт Бишкекдаги портлашлар ана шу террорчилик гуруҳи аъзоларининг иши бўлган.

Кенешбек Душебаев айтишича, Қирғиз хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида террорчилик амалини режалаштирган гуруҳ аъзоларига қарши 29 ноябр куни Ўш шаҳрида махсус амалиёт ўтказилган, отишмада уч жангари ўлдирилган.

11 декабр куни Ўш шаҳрида бир неча шахс қўлга олинган, улар орасида 2005 йил Андижон ҳодисаларига алоқадор Ўзбекистон фуқароси бўлган, деб айтган Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи.

Қирғизистондаги хавфсизлик кучлари охирги пайтларда кўплаб террорчилик, бўлгинчилик мақсадини кўзлаган шахслар қўлга олинаётганини, улар қўлга олинган пайтда қурол-яроғлар, диний-экстремистик мазмундаги адабиётлар қўлга олинаётганини даъво қилмоқдалар.

Айни пайтда Қирғиз расмий мулозимларининг баёнотлари савол остига ҳам олинмоқда.

Хусусан, қирғизистонлик таниқли сиёсий таҳлилчи Александр Князев "Фергана.ру" ахборот агентлиги билан суҳбатда, сўнгги қонли ҳодисалар адолат топа олмаган Қирғизистондаги ўзбекларни Ўзбекистон исломий ҳаракати сингари гуруҳлар сафига қўшилишга ундаши мумкинлиги эҳтимолини билдирса-да, Қирғиз мулозимларининг минбарлардан айтаётган гапларининг ҳақиқатга нақадар мос келишини савол остига олади.

"Ҳозир расман оддий бемаъниликларни гапиришаяпти: терактларни "миллатчи-бўлгинчи руҳдаги гуруҳ томонидан" тайёрланган, аммо ички ишлар вазири сўзларига кўра, бу гуруҳ таркибида қирғизлар, ўзбеклар ва руслар бўлган. Бу қандай телбалик? Бу ерда "миллатчилик" нимадан иборат бўлган, "бўлгинчилик" нимадар иборат? Кам саводли одамларни бундай қўрқитувчи сўзлар "титулли миллатга мос бўлмаганлар"га нисбатан янада кўпроқ гижгижлайди, ўз-ўзидан ўзбеклар назарда тутилаётган "сепаратистлар" образини янада бўрттиради", дейди Александр Князев.

Икки кун илгари Ўш шаҳрининг зиддиятли мэри 800 дан зиёд ўзбек миллати вакилларини тўплаган ва шаҳарга 400-500 террорчи сизиб киргани ҳақида "огоҳлантирган".

Аммо бу баёнотни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги рад этди.

Қирғиз Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев Бишкекдаги матбуот анжуманида Ўш шаҳри мэри баёнотидан кейин ўзларига кўплаб оддий фуқаролардан хавотирли телефон қўнғироқлари бўлганини маълум қилган, сиёсатчиларни ўз баёнотларига эҳтиёткор бўлишга чақирган.

Душебаев айтишича, ҳозир ўзларига жуда кўп ахборот келиб тушаяпти, улар орасида миш-мишу-турли гаплар кўп.