Қирғизистонда социал-демократчилар раҳбари янги Бош вазир этиб сайланди

Қирғизистон парламенти Социал-демократлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаевни мамлакатнинг янги Бош вазири этиб сайлади.

Қирғиз оммавий-ахборот воситаларининг хабар беришларича, жаъми 120 вакилдан 92 таси жаноб Атамбаевнинг номзодини маъқуллашган.

Вакилларнинг яна шунча фоизга яқини янги ҳукумат таркибини ёқлашларини билдириб ҳам овоз беришган.

Алмазбек Атамбаев аввалроқ Қирғизистоннинг Бош вазири этиб сайланган тақдирда, энг аввало Россияга сафар қилиши ва Қозоғистону Ўзбекистон билан алоқаларни кучайтиришни ваъда берганди.

Жаноб Атамбаев бундан аввал ҳам, яъни 2007 йилда муайян муддат Қирғизистон Бош вазири бўлиб фаолият олиб борган.

2000 йилда эса, ўз номзодини Қирғизистон президентлигига ҳам илгари сурган. Президент Акаев ҳукуматига мухолифатда бўлган.

Алмазбек Атамбаев 2005 йилнинг 24 мартидаги митинг ташкилотчиларидан бири сифатида ҳам кўрилади.

Ўша йилнинг апрел ойида Ўш вилоятининг Оқтош қишлоғи аҳолиси томонидан номзоди яна президентликка илгари сурилган бўлса ҳам, Қурмонбек Бакиев ва Феликс Қулов иттифоқчилигига норозилик сифатида бундай қилишдан бош тортган.

Аммо президент Қурманбек Бакиевнинг қудратдан кетишига олиб келган апрел воқеалари ортидан муваққат ҳукумат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича муовини бўлган.

Шу йилнинг 13 июл куни ўз вазифасидан истеъфо берган.

Бунинг ортидан ўз номзодини Қирғизистон Бош вазирлигига илгари сурган, аммо парламентнинг дастагига эга бўлмаган.

Лекин кеча Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган янги овоз беришларда жаноб Атамбаев яна бир бор ушбу лавозимга лойиқ деб топилган.

Янги спикер

Қирғизистон парламентида янги коалиция тузилиши ортидан кеча янги спикер ҳам сайланганди.

Сўнгги ривожланишлар октябр ойидаги парламент сайловлари ортидан ҳукм сурган бир неча ҳафталик сиёсий мавҳумликлар ортидан кузатилмоқда.

Қирғизистон - Марказий Осиёда парламент демократиясига ўтишга қарор қилган илк давлатдир.

Янги давлатчилик қонун-қоидаларига мувофиқ, Бош вазир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлади.

Кеча сўнгги сайловларда Қирғизистон парламентида энг кўп ўринларни қўлга киритган Социал-демократлар, "Ата Журт" ва "Республика" партиялари ягона коалиция тузишга рози бўлишганди.

Ўз вақтида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева аъзо бўлган Социал-демократлар партияси тузган илк коалиция эса, икки кун ўтмай, парчаланиб кетганди.

Мамлакат сиёсатида катта таъсирга эга бўлган парламент спикери лавозими эса, парламентдаги овоз беришлар ортидан собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдорлари томонидан дастакланувчи миллатчи "Ата Журт" партияси аъзоси Ақматбек Келдибековга насиб этди.

Янги коалицияга кирган партияларнинг унча ҳам уйғун ҳамкорлар эмасликлари айтилади.

"Ата Журт" партиясининг собиқ тузум аъзоларидан ташкил топгани назарда тутилса, яна қудратга қайтишлари улар учун катта ютуқдир.

Социал-демократлар партияси эса, президентнинг ваколатларини камайтириш учун конституцион ислоҳотларга қўл уриб, парламент демократиясига тарафдорлик қилган.

Нима бўлган тақдирда ҳам, янги ҳукуматни олдинда қийин вазифалар кутаётгани аниқ.

Бир неча ойлик беқарорлик ва зўравонликлар ортидан Қирғизистон иқтисоди абгор аҳволда.

Қирғизистонда, айниқса, шу йил июн ойида қонли этник низоларга саҳна бўлган жанубий минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият танглигича қолмоқда.