Қозоғистон маҳкамаси яна бир ўзбекистонлик бошпана изловчи даъвосини рад этди

Дўсим Сатпаев
Image caption Дўсим Сатпаев: Айрим ғарб давлатларининг Марказий Осиёдан қочқинларни қабул қилиш қарашлари салбий томонга ўзгармоқда

Олма ота шаҳридаги Олмали туман маҳкамаси яна бир ўзбекистонлик бошпана изловчининг даъвосини қондирмади. Хуррамов Сарварнинг аризасига рад жавоби берилди. Маҳкама раиси даъвогар ва жавобгарнинг арз ва далилларини эшитиб чиққач жавобгар Олма ота миграция полицияси фойдасига ҳукм чиқарди.

Шу бугунча аризаси қондирилмаган бошпана изловчиларнинг сони 12 тага етди. Биз қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевдан бошпана изловчиларнинг иши бўйича фикрларини сўрадик.

Дўсим Сатпаев: Бу ерда Қозоғистоннинг мутлақо прагматик қизиқишлари ётади. Чунки, норасмий доираларда қочқинлар иши Қозоғистонга муаммо эмаслиги таъкидланмоқда. Қозоғистон ҳудудларида ўзбекистонлик қочқинларнинг пайдо бўлиб қолгани, Ўзбекистон ва у юритаётган сиёсат натижасида юзага келган муаммодир.

Қозоғистон ҳукуматига ва куч ишлатар тизимлари учун ушбу ҳолат ноқулай бўлиб турибди. Чунки, булар икки ўтнинг орасида қолиб кетишди. Бир томондан Ўзбекистон ва иккинчи томондан халқаро жамоатчилик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар. Ҳозир Қозоғистон ҳукумати ушбу вазиятни ўнглаш учун бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун имкон қадар кам ёвузлик принципидан боришмоқда.

Улар агар бу Ўзбекистоннинг муаммоси бўлса, Ўзбекистон қочқинларни жиноий ишларга аралашган деб билади, унда биз бу одамларни ортга қайтаришимиз керак. Ўзбекистоннинг ўзи улар билан орани очиқ қилиб олсин, деган фикрда.

Би-би-си: Ғарб давлатларининг қочқинлар ишига бўлган муносабатини қандай баҳолайсиз?

Дўсим Сатпаев: Айрим ғарб давлатларининг Марказий Осиёдан қочқинларни қабул қилиш қарашлари ўзгара бошлади. Ва бу нарса салбий томонга ўзгармоқда. Бунга ушбу мамлакатларда ислом ва мусулмонларга қарши кайфиятнинг ўсиши сабаб бўлмоқда. Швецияда содир этилган портлашлар бу ҳудудларда хавфсиз бўлмаган Исломий давлатлардан янги вакилларнинг келиши ғарб демократияси хавфсизлигига рахна солиши мумкин деган қарашларни кучайтирди.

Шунинг учун, ҳам Қозоғистон ва Ғарб давлатларининг айнан қочқинлар борасидаги қизиқишларини бирлаштирадиган вазият юзага келди.

Яна ғарб очиқчасига уларга қочқинлар керак эмаслигини айтолмаяпти. Иккинчи томондан эса, Қозоғистон уларни Ўзбекистонга бериб юборса кўзини юмиб ҳам туролмайди.

Би-би-си: Қозоғистонга қочқинларни ортга қайтариш борасида Ўзбекистон томонидан қанчалик босимлар бўлган деб ўйлайсиз?

Дўсим Сатпаев: Ўзбекистон томонидан Қозоғистонга босим ўтказилганининг маълум ҳолатлари мавжуд. Чунки, Ўзбекистон раҳбарияти бир неча маротаба қўшниларини уларнинг ҳудудида хавфли инсонлар борлигида айблаган. Улар гўёки террористик ташкилотларда иштирок этган ё-да, экстремистик ғояларни тарғиб қилишган. Бундай айбловлар Қозоғистон шаънига ҳам бир неча маротаба айтилган.

Аммо, бир нарса, ўзбекистонлик қочқинларнинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан жиноятчи деб аталиши Қозоғистон учун ўнғай ҳолат эмас. Шунинг учун ҳам ушбу омилнинг ўз ўрни бор.

Би-би-си: Қозоғистон ушбу қочқинларни экстрадиция қилиш ортидан нима ютиши мумкин?

Дўсим Сатпаев: Ҳуқуқ тартибот нуқтаи назаридан Қозоғистон хавфсизликни таъминлаш томонидан ютади. Чунки, Қозоғистон ҳукумати ушбу одамларнинг ғарбга кетиш имкониятига эга бўлмай ва шу билан бирга Ўзбекистонга қайтишни истамай Қозоғистон ҳудудларида қолиб кетишини истамайди.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари нуқтаи назаридан қочқинлар миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин. Чунки, қозоқ томони ҳам уларни Ўзбекистон айблаётган жиноий ишларда иштирок этган дея гумон қилади.

Шунинг учун ҳам, қочқинларнинг экстрадиция қилинишида асосий ролни ўйнаётган ҳуқуқ-тартибот органлари учун уларнинг Қозоғистон ҳудудида бўлмаслиги энг мақул вариант.

Яна бир нарса уларни қочқинлар қаёққа кетиши унчалик ташвишлантирмайди. Агар ғарб бошпана изловчиларни қабул қилишга тайёр бўлса, Қозоғистон жон деб уларни юбориши мумкин. Агар қабул қилмаса, Ўзбекистонга қайтаришлари керак.

Би-би-си: Сизнингча, ушбу бошпана изловчилар миллий хавфсизликка нақадар таҳдид солиши мумкин?

Дўсим Сатпаев: Бир нарса дейиш қийин. Чунки, қочқинларга нисбатан ҳам Қозоғистонда ва ҳам ғарбда пайдо бўлган фобиа, ҳар қандай ишора ва гумонни автоматик равишда кўпчиликнинг кўз олдида содир этилган факт мақомига айлантириши мумкин. Уларнинг Қозоғистон учун реал хафв туғдириш мумкин деб айтиш қийин. Чунки, бу одамлар бирор қонунни бузишга манфаатдор эмас деб биламан.

Аммо улардан бўлган қўрқувдан келиб чиқиб қочқинларга нисбатан қатъий муносабатлар тенденцияга айланиши мумкин. Ана унда қолган қочқинларга нисбатан ҳам шундай чоралар кўриб бошланади. Агар биринчи этап Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, ҳуқуқ-тартибот органлари қолган бошпана изловчиларга ушбу усулни бемалол қўллашлари мумкин.