'Қирғизистонда аксилтеррор амалиётлар янада кучайтирилади'

osh
Image caption Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев, бутун мамлакат бўйлаб аксилтеррор амалиётлар янада кучайтирилиши режаланаётганини айтди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги энг аввал оммавий ахборот воситаларга махсус мурожаатнома тарқатиб, текширилмаган маълумотларни чоп этмаслик юзасидан огоҳлантирган.

Вазирлик туҳмат ва иғвогарона ахборотлар, номаълум шахслар тарқатаётган варақалар жиддий кўпайганлигини таъкидлаган. Мазкур варақалар нафақат мамлакат жанубида, балки Қирғизистон шимолида ҳам топилганлиги айтилган.

Шу билан бирга махсус хизматлар аксилтеррор амалиётлар кучайтирилганлигини билдириб, ушбу борада давлат бошлиғи зиммаларига юклаган вазифаларни бажаришга тайёр эканлигини билдиришмоқда.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев, бутун мамлакат бўйлаб аксилтеррор амалиётлар янада кучайтирилиши режаланаётганини айтади.

Ўтган июн ойида Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида қонли миллатлараро низолар содир этилган ва тўқнашувлар, зўравонликларда тўрт юздан ортиқ инсон нобуд бўлган. Икки мингга яқин уй-жойлар вайрон қилинган ва ё ёқиб юборилган.

'Ўшда Янги йил байрам қилинмайди'

Ўш шаҳри ҳокими эса, шаҳарда Янги йил тадбирларини ўтказишни таъқиқлаган. Қирғиз хабар агентликлари Мелис Мирзақматовнинг "Ўшда қон тўкилди ва биз Янги йилни байрам қилишга маънавий ҳаққимиз йўқ" деган сўзларини келтирган.

Айни пайтда у Қирғизистон жанубида фавқулодда ҳолат қайтадан жорий қилиниши ҳақида пайдо бўлган хабарларни рад этган.

Қайта тиклаш ишлари

Image caption Ўшда қайта тиклаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда

Қаҳратон қиш кунлари ҳам Қирғизистон жанубида қайта тиклаш ишлари давом этмоқда. Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларини қайта тиклаш бўйича давлат дирекцияси билдиришича, истиқомат қилишга ярайдиган уйларнинг аксарияти хонадонлар эгаларига топширилган.

Олдинроқ халқаро ташкилотлар вакиллари эса, улар ўтган ёз ойларидаги воқеаларда зарар етказилган уй-жойларни кўриб битириш ҳақида аввал олган мажбуриятини бажаришган. Мазкур ташкилотлар барбод қилинган тахминан 1700 уйлардан саксон фоизини таъмирлашга ваъда берган...

Мен Қирғизистон жанубий пойтахти Ўш шаҳри яқинида жойлашган Фурқат қишлоғидаги Жўрабек Қўзибоевнинг хонадонига бордим.

Эндигина томини ёпган уй эгаси жуда хурсандлигини кўриш мумкин. У менга ўзи ва оиласи ҳақида ҳикоя қилиб берди:

- Мен 62 ёшга тўлдим. Айни дамда оилам таркибида ўн икки инсон бор. Шундай қилиб, янги уйга ҳам кўчиб кирмоқчимиз. Албатта, бу аввалги деярли ўн хонали катта иморат эмас. Ҳозирча икки ўғилимга иккита хона ажратиб берсак, яхши бўларди, чунки улар уйланган. Об-ҳавони хам қаранг, бугун мана кун куёшли бўлиб, худди Худонинг бизга раҳми келгандек...

Жўрабек Қўзибоевга янги уй қуриб бераётган бинокорлар унинг қўшнилари экан. Усталардан бири Абдуллажон қурилиш қандай даражага етиб колганлигини айтади:

- Мана бу хонанинг полларини қоқа бошладик. Умуман олганда, бу янги иморатнинг деярли тўқсон фоизи тайёр бўлди. Эшиги, деразалари ўрнатилган. Полни қоқиб битирсак, Худо хоҳласа, кўчиб кирса бўлаверади...

Ўзини Муҳаррам деб таништирган қишлоқ яшовчиларидан яна бири, шу қиш кунларида янги уйга кўчиб кирганидан розилигини билдиради:

- Бизга янги уйларни куриб беришди, Оллоҳга шукур минг марта, раҳмат. Лекин, бу биноларни куриб беришгани билан ўз уйларимизда тинчимиз йўқ. Шу уйда яйраб-яшнаб ўтира олмаяпмиз. Кечқурун болаларимизни ўз уйимизда ухлата олмаяпмиз. Яна бир тўполон ана бошланар экан, мана бошланар экан деган гап бор.

85 ёшли Шааркан она эса, айниқса, халқаро ва нодавлат ташкилотлари берган ёрдам учун миннатдорчилик билдиради.

Image caption Одамлар ҳамон таҳлика ичида яшашмоқда

Лекин, қишлоқ аҳолисига кўра, инсонпарварлик ёрдамларининг энг кам миқдорини ҳукумат идоралари берганлигини яширмади.

Хавотирлар

Маҳаллий одамлар фақат ўз муаммолари ва хавотирларини ошкора гапирмайдилар. Шундай бўлса-да, тўхтовсиз ваҳимадан тоқати тоқ бўлган Муҳаррам опа йиғлаб юборди:

- Шу болаларимиз ёнимизда бўлишса қани эди. Айниқса, ўғил болаларимиз, оталари олдида юриб, уйимизда ўтирса, деймиз. Мана менинг битта ўғлимни икки кундан бери кимдир сўраб келаётганлигидан ўз уйимизда сақлай олмаяпман. Эрталабдан далаларда совуқда қорни оч юрибди. Кечқурун эса, келади-ю, иссиқ печкани қучоқлаб юмалайди. Бугун ҳам ўглим эрталаб уйдан чиқиб кетган бўйи шу пайтгача йўқ. Ўғлимни сўраб келаётганларнинг кимлиги менга номаълум. Ҳеч қандай ҳужжатлар кўрсатмайди, ўзларини таништирмайди, битта қизил енгил машинада келишаяпти. Ўша машинасининг рақамини ҳам кўриб олмабмиз. Улар нотаниш одамлар...

Муҳаррам опанинг айтишича, маҳалладаги хонадонларга асосан ярим тунда ўзларини таништирмаган ва ҳужжатларини кўрсатмаган шахслар енгил машиналарда келиб, айниқса, ёш эркакларни ва ўсмирларни уйларидан номаълум томонга олиб кетмоқда экан.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимлари эса, бу каби ҳодисалардан шикоят қилиб, ариза бермаганлар йўқлигини айтишади.

Муҳаррам опанинг айтишича, қишлоқда ўзини хавфсиз ҳис қилмаётган эркакларнинг аксарияти хорижга муҳожирликка кетишмоқда.

- Маҳалламизда эркаклар қолмади. Саноқли бир неча эркак бор, лекин уларнинг ҳам бир қисми муҳожиротда қийналиб қайтиб келганлар. Ўз юртинг қаерда-ю, бошқа юрт қаерда! Ҳамма жойда тош билан торози. Ҳамма жой ҳам бир ҳозир. Ҳавас қиладиган жой қолмади...