'Москвадаги жиноятларнинг ярми келгиндилар томонидан содир этилади'

Image caption Россия жамиятида муҳожирларга қарши кайфиятлар кучайган

Москва шаҳар милицияси бошлиғига кўра, Россия пойтахтида содир этилган жиноятларнинг қарийб ярми "келгиндилар"га тўғри келади.

Владимир Колоколцевнинг айтишича, ўтган йили Москвада очилган жиноятларнинг тақрибан 49 фоизи москвалик бўлмаганлар томонидан содир этилган.

Милиция мулозимига кўра, ҳали очилмаган ва тергов қилинаётган жиноятлар ҳам қўшиб ҳисобланса, бу рақам 70 фоизгача ўсиши мумкин.

Жамоатчилик билан учрашув чоғида жаноб Колоколцев жиноятларнинг қанча фоизи этник руслар, қанчаси бошқа миллат вакиллари томонидан содир этилаётгани ҳақида гапиришдан бош тортган.

Нозик масала

"Милиция қасддан рақамларни миллий таркиби бўйича ошкор қолмайди, чунки бу жуда нозик масала ва жамиятнинг маълум қатламлари томонидан сиёсий қарашларига кўра нотўғри талқин қилиниши мумкин", - деб айтган милиция бошлиғи.

Сўнгги ҳафталарда Москва ва Санкт-Петербургда миллатчи кайфиятдаги ёшларнинг "Россия-руслар учун" шиори остидаги чиқишлари ва оммавий тартибсизликлар содир бўлган.

Тартибсизликларга "Спартак" ишқибози Егор Свиридовнинг ўлдирилиши сабаб бўлган.

Қотилликда доғистонлик бир шахс гумон қилинмоқда.

Россия матбуотида келтирилаётган расмий маълумотларга кўра, ёшлардан иборат икки гуруҳ тунги таксини талашиб қолади.

Марҳум ишқибознинг дўстларига кўра, улар тинч ҳазил-мутойиба қилиб туришган, аммо яқинроқдаги "кавказликлар" ўзларининг устидан кулишаётганини тахмин этганлар.

Ҳодиса муштлашувга айланиб кетган ва иштирокчилардан бири Свиридовнинг бошига тўппончадан ўқ узган.

Ҳодисада иштирок этган муҳожирлардан беш нафарининг ўша тунда милиция томонидан қўйиб юборилиши рус ёшларининг ғазабини қўзғагани айтилади.

Тергов ҳодиса юзасидан жиноят кодексининг "совуққонлик" банди бўйича иш қўзғаган, аммо кўпчилик гап мансаб ваколатлари ҳақида эмас, балки милиция ва терговчиларнинг манфаатдорлиги ҳақида бораётганига ишонади.

Қарама-қарши маълумотлар

Ноябр ойи охирида Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромодановский Россия Федерация Кенгашидаги чиқишида хорижликларнинг жиноийлашгани ҳақидаги гап-сўзларни "бориб турган популизм" деб атаганди.

Image caption Россиядан ҳар йили юзлаб марказий осиёлик муҳожирларнинг жасадлари келади

Унинг сўзларига кўра, Россияда содир этилаётган жиноятларнинг бор-йўғи уч ярим фоизи хорижликлар зиммасига тўғри келади, холос.

ФМХнинг рақамларига кавказликлар томонидан содир этилаётган жиноятлар кирмайди, чунки улар Россия фуқароларидир.

2008 йил охирида Москва шаҳар прокурори Юрий Семин "келгиндилар"ни миллатига ажратмаган ҳолда, улар бир йил ичида Москвада 44.5 фоиз жиноятларни содир этганликларини айтган эди.

Бу рақам Москва милиция бошлиғи берган рақамларга яқин.

Шаҳар милициясининг 2009 йилда берган рақамларига кўра, "шаҳарда доимий истиқомат қилмайдиган фуқаролар, бошқа шаҳарлик ва хорижликлар дохил" 212 минг жиноятдан 41.5 мингини содир этганлар, бу эса умумий жиноятларнинг 20 фоизига яқин деганидир.

Миллий мансублик

Шимолий Кавказдан келганларнинг, айниқса, жиноятга мойиллиги ҳақидаги фикр Россия жамиятида кенг тарқалган.

Расмийлар буни тасдиқлашмайди ҳам, инкор ҳам қилмайдилар ва рақамларни яширадилар.

Давлат Думасининг айрим депутатлари ва баъзи таҳлилчилар оммавий ахборот воситаларига ҳуқуқ бузувчиларнинг миллий мансублиги ҳақида маълумот беришни таъқиқлашни таклиф этишган.

Мутахассисларга кўра, ҳар қандай йирик шаҳар ҳар қандай миллатдаги жиноятчиларни ўзига оҳанрабодек жалб этади.

Владимир Колоколцевнинг айтишича, жорий йилнинг январ-октябр ойларида номусга тажовуз қилиш ҳоллари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 79 фоизга ошган.

"Ёвуз ниятлиларнинг катта қисмини МДҲ мамлакатларидан келганлар,жумладан, осиёликлар ташкил этади", - деган Москва шаҳар милицияси бошлиғи.

"Аммо мен ахборот воситалари ва жамоатчиликни бунинг атрофида мушоҳадаларга берилиш, қандайдир умумлаштирувчи хулосалар чиқаришдан тийилишга чақирган бўлардим", - деб айтган жаноб Колоколцев.

Унинг сўзларига кўра, миллатлараро муносабатларга динлараро муносабатларни аралаштириб юборганда, бу янада хавфлироқ тус олади.

Россиялик айрим сиёсатчилар мамлакатда жиноятчиликнинг кўпайишида меҳнат муҳожирларининг ҳиссаси катта экани ҳақида гапиришган.

Аммо меҳнат муҳожирларининг ўзлари кўпинча бу жиноятларнинг қурбони бўлишади.

Ўтган ҳафта Москвада юз берган тартибсизликлар чоғида ўшлик бир Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Орадан икки кун ўтиб, Москва жануби-ғарбида бир ўзбекистонлик ўлдирилган.

Расмийлар қотиллик юзасидан бир кишининг ҳибсга олингани ва қотиллик миллий асосда содир этилган, деган фаразни ўрганаётганликларини маълум қилганлар.