Тожикистон шимолида яна 5 киши ЎИҲга аъзоликда гумон қилинмоқда

Image caption Ҳибсга олишлар шу йил сентябрида Ҳўжандда содир этилган худкушлик ҳужумидан сўнг кучайган

Шимолий Тожикистонда яна 5 киши Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда гумон этилиб, қўлга олинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Сўғд вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг ҳаммаси Истаравшан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан бирида яшаб келган фуқаролардир.

Аввалроқ Сўғд вилояти ижроия ҳокимияти раиси Қоҳир Расулзода Истаравшан шаҳри фаоллари билан учрашув чоғида ҳудудда Ислом номидан иш кўраётган ноқонуний ҳаракатларга қўшилганлар сони кўпайганидан ташвиш билдирганди.

Вилоят раҳбари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда гумон этилиб, Шимолий Тожикистонда қўлга олинган 33 кишидан 21 нафари истаравшанлик эканини таъкидлаган.

Расмийлар гумондорларнинг Туркистон Исломий Ҳаракатига мансублигини ҳам айтишган.

Истаравшанда исломий жангариларни аниқлаш ва ҳибсга олишлар жорий йил сентябрида Хўжандда содир этилган портлашдан сўнг бошланиб кетган.

'Маҳаллий жангарилар'

Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда гумон этилиб, қўлга олинганларнинг уч нафари Истаравшан шаҳрида ва яна икки нафари шаҳардан унча узоқ бўлмаган Пошкент қишлоғида яшашган.

Ноқонуний ҳаракатга мансубликда гумон этилаётганлар асосан 28-30 ёшдаги йигитлар бўлиб, "Ҳожи Исроил" лақаби билан иш кўрган Исроил Ҳожиев эса 49 ёшда.

Расмийларга кўра, дастлабки суриштирувлар натижасида ҳибсга олинганларнинг асосан икки-уч йил орасида Туркистон Исломий ҳаракатига аъзо бўлиб кирганликлари айниқланган.

Улар орасида энг ёш саналаётган – 28 ёшли Далер Сафаровнинг ноқонуний ҳаракат сафида беш йилдан буён фаолият юритаётгани даъво қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ҳибсга олинганлар Истаравшан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини Тожикистонда Ислом давлати тузишга чақирганлар.

Улар шунингдек, аҳоли орасида ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан нафрат руҳини уйғотишга урингани ҳам даъво қилинади.

Қўлга олинганларнинг ҳар бирига нисбатан Тожикистон Жиноий қодексининг "жиноий гуруҳ тузиш ва унда иштирок этиш" моддалари билан жиноий тергов бошланган.

Худкушлик ҳужуми

Сентябр ойи бошида Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳовлисида юз берган портлаш натижасида худкуш ҳужумчидан ташқари уч нафар милисия мулозими ҳалок бўлганди. Яна 27 нафар милиция мулозими яраланган.

Портлаш содир этган худкуш ҳужумчининг аслида Истаравшан туманидаги қишлоқлардан биридан эканлиги аниқлангач, у ерда қидирув ишлари кучайтирилган.

Қўлга олинганлардан бири – 23 ёшли Дилшод Раҳимов Туркистон Исломий ҳаракатининг Истаравшан шаҳридаги раҳбари сифатида кўрилади.

Мазкур декабр ойининг ўзида Истаравшанда 11 киши Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда гумон этилиб, ҳибсга олинган.

Истаравшанлик журналист Алишер Толибнинг айтишича, дастлабки суриштирувлар вақтида кескин хулосага келиш тўғри эмас.

"Истаравшан шаҳрида қўлга олинган кишиларни давлат мақомоти гарчанд Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда кўраётган бўлса-да, лекин бу расмий мақомотнинг фикри. Чунки ҳали у кишиларнинг ноқонуний ҳаракатга аъзо ё аъзо эмаслиги тўла аниқланиб, исботланмаган. Аммо Истаравшан шаҳрида Ислом дини таъсирини оладиган бўлсак, бу яққол кўзга ташланади. Масалан, олдинги йилларга нисбатан намозхонлар сони бир неча баробарга ортган", -дейди Алишер Толиб.

Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида Исфара шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан бўлган кишилар борлиги ҳам айтилган.

Исфарадаги ҳибсга олишлар давомида юз берган икки отишмада уч нафар қуролли, жумладан, бир аёл ҳалок бўлган.