Қозоғистондаги икки мусулмон ташкилоти Ўтинбоевани энг зўр давлат раҳбари деб топди

Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Мусулмонлар Қўмитаси ва Қозоғистон Мусулмонлар Уюшмаси Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевани 2010 йилнинг энг зўр давлат раҳбари, деб топган.

"Қирғизистондаги демократик мухолифатга бошчилик қилиб, Роза Ўтинбоева мамлакатнинг коррупцияга ботган ҳукуматини ағдаришга муваффақ бўлди. Ва, шунингдек, Қирғизистоннинг фуқаролар урушига кириб кетишига йўл қўймади," дейилади Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Мусулмонлар Қўмитасининг бугун тарқатган баёнотида.

Россиянинг "Интерфакс-Казахстан" ахборот агентлигининг хабар беришича, худди шу муносабат билан ҳар иккала ташкилот раҳбарияти Роза Ўтибоеванинг номзодини 2011 йилги Нобель Тинчлик мукофотига илгари суришни ҳам ният қилишган.

Шу йилнинг ноябр ойида Америкада чоп этилувчи нуфузли Glamour журнали ҳам Ўтинбоева хонимни "Йилнинг энг буюк аёллари" рўйхатига киритганди.

Халқаро журналнинг рўйхатидан ўрин олган давлат раҳбарлари орасида Олмония канцлери Ангела Меркел, Аргентина, Либерия, Коста Рика президентлари, Словакия, Бангладеш, Австралия Бош вазирлари ва яна бошқа аёл лидерлар ҳам бор эди.

Журнал рўйхатдаги раҳбарларни, "Дунёнинг энг буюк аёллари," деб атаганди.

59 ёшли дипломат Роза Ўтинбоева шу йилнинг апрелида президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятдан четлатган ҳодисалар ортидан қудратга келганди.

Унинг ҳокимиятга келишидан қисқа вақт ўтмай, Қирғизистон жанубида келиб чиққан миллий низоларда юзлаб кишилар ҳаётдан кўз юмишганди. Уларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, юз берган қонли ҳодисаларга ўша пайтда Қирғизистоннинг муваққат президенти бўлган Роза Ўтинбоеванинг мамлакат жанубида ўз назоратини ўрната олмагани ҳам сабаб бўлган.

Қонли зўравонликлардан бир ой ҳам ўтмай, Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти сифатида қасамёдга келтирилган Ўтинбоева хоним мамлакат жанубида юз берган қонли фожеа оқибатларини тезроқ бартараф этиш учун қўлидан келган барча чораларни кўришга ваъда берганди.

Қирғиз раҳбари, шунингдек, мамлакат конституциясини ҳурмат қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга ҳам сўз берганди.

Аммо маҳаллий аҳоли ҳамон минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят этиб келишади.

Туркий Халқлар Умумжаҳон Ассамблеяси эса, шу йилнинг сентябр ойида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини келаси йилги Нобел Тинчлик мукофотига тақдим этганди.

Ассамблея раҳбарияти ўз қарорлари сабабини Қозоғистоннинг бугунги кунда дунё ва минтақада тинчлик-тотувни тарғиб этишда қанчалик муҳим ўрин тутаётгани билан изоҳлаганди.

Кўплаб маҳаллию халқаро сиёсатшунослар эса, Қозоғистонни ўтган июн ойида Қирғизистонда кечган этник низоларни бостиришда сусткашлик қилганликда айблашади.

Уларга кўра, миллий зўравонликлар чоғида Қозоғистон минтақада эга бўлган қудрати ва ОХҲТ раислиги имкон берган даражада иш тутмаган.