ОХҲТининг Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳи Қирғизистонга етиб келди

Image caption ОХҲТ Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳи маҳаллий аҳоли ва қирғиз хавфсизлик кучлари орасидаги алоқаларни яхшилашда ҳам кўмак бермоқчи

Қирғизистон давлат ахборот агентликларининг хабар беришларича, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти полиция маслаҳатчиларнинг илк гуруҳи мамлакатга етиб келган.

Бироқ асосий контингентнинг 2011 йилнинг бошларида етиб келиши ва уларнинг жаъми сони 30 дан ортиши айтилади. Ҳозир Қирғизистонда бўлганларининг сони 6 нафар экани хабар берилмоқда.

Қирғизистонлик расмийларга кўра, улар бутун Қирғизистон бўйлаб ўзлари учун тажриба мақсадида танланган 18 та туманда иккитадан бўлиб фаолият олиб боришади. Ва фаолиятлари ҳам тахминан бир йилча давом этади.

Халқаро ташкилот сўзчиси аввалроқ Би-би-си билан суҳбатида полиция гуруҳи 27 нафар маҳаллий дастакловчиларга эга бўлишини ҳам айтганди.

Виржиния Коуллодон уларнинг июн ойида зўравонликлар юз берган Қирғизистон жануби, шунингдек, бошқа минтақаларда ҳам фаолият олиб боришлари, маҳаллий милиция идораларида шахсан бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилишларини билдирганди.

Қирғизистонлик масъулларнинг бугун урғулашларича, халқаро Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳи аъзолари маҳаллий аҳоли билан сўзлашиш, мамлакатнинг ички ишларига аралашиш ёки ўз текширув ишларини олиб боришга ҳақли бўлишмайди".

Улар нималар қилишади?

Халқаро ташкилотнинг полиция гуруҳи Қирғизистонда жиноятчиликка қарши қандай қилиб кураш масаласида ўз маслаҳатларини беради.

Шунингдек, аҳоли ва қирғиз ҳуқуқ-тартибот кучлари орасидаги муносабатларни яхшилашга кўмаклашади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг "Жамоат хавфсизлиги ташаббуси" лойиҳасининг бир қисми ўлароқ Туркия, Сербия, Швеция, Финландия, Америка ва Бўлғористондан бўлган 31 нафар полиция ходимлари Қирғизистон ички ишлар идораларини ислоҳ этишда ҳам ўз дастакларини кўрсатишади.

Хабарларга кўра, ўқув-машғулотларидан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларини машиналар ва теле-коммуникация жиҳозлари билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Уларнинг Қирғизистондаги хавфсизликлари эса, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан таъминланади.

Халқаро Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳининг ўзига Қирғизистон ҳудудида қурол-яроғ олиб юришларига изн берилмайди.

Қирғизистон жанубига ОХҲТининг полиция кучларини киритиш масаласи июн ойидаги қонли миллий низолар ортидан ўртага чиққан, аммо шу пайтгача кескин зиддиятларга сабаб бўлиб келаётганди.

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел фақат октябр ойига келиб, Қирғизистон жанубидаги вазият Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг хавфсизлик кучлари ўз фаолиятларини бошлашлари даражасида барқарор эканини айтганди.

Қирғизистонлик мулозимлар эса, халқаро ҳамжамиятни шу пайтгача ушбу масала қирғиз ҳукуматининг кун тартибида эканига ишонтиришга уриниб келаётганди.

Ва ОХҲТи Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳи масаласи Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга қараб, кўриб чиқилишини баён қилишганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти 2002 йилдан буён Қирғизистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларини ислоҳ этиш масаласида ўз дастагини кўрсатиб келади.

Халқаро ташкилот июл ойида Қирғизистон жанубига жўнатилажак полиция гуруҳи раҳбари этиб швециялик Нут Дрейерни тайинлаганди.

Нут Дрейер 2007-2008 йилларда Қирғизистон милициясини ислоҳ қилиш амалиётларида маслаҳатчи бўлиб фаолият олиб борган.

Қирғизистон жанубида 52 кишилик халқаро полиция кучларини жойлаштириш ҳақида шу йил июлида қарор қабул қилинган, аммо миллатчи гуруҳларнинг қаршилиги ортидан миссия номи "Жамоат Хавфсизлиги Ташаббуси," деб ўзгартирилганди.

Нималар бўлганди?

Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева 52 кишилик хорижий полиция кучларининг июн ойидаги этник низолардан жиддий жабр кўрган жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида август ойининг ўрталарида иш бошлашларига умид қилганди.

Аммо июл ойи охирларида Ўш шаҳар кенгаши аъзолари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция маслаҳат кучларининг киритилишига қарши овоз беришганди.

Шу вақтгача Ўшда халқаро полициячиларнинг киритилишига қарши қатор намойишлар ҳам бўлиб ўтган.

Қирғизистондаги ўнлаб ёшлар ташкилотлари ҳам президент Роза Ўтинбоеванинг ушбу қарорига норозилик билдириб, ягона ҳаракатга бирлашишган.

Уларнинг айтишларича, ОХҲТ полиция кучларининг сафарбар этилишини маъқуллаш қарори билан президент Роза Ўтинбоева ўз ваколатини суиистеъмол қилган.

Ёшлар ташкилотлари агар ўз талаблари инобатга олинмаса, хорижий кучларни Ўшга киритмаслик билан ҳам пўписа қилишганди.

Улар Ўшдаги стратегик жиҳатдан муҳим авто-трассани ёпиб қўйиш ва шаҳар аэропортини қамал қилишгача боришлари мумкинлигини айтишганди.

Ва агар шунда ҳам ОХҲТ кучлари шаҳарга сафарбар этилишса, фаолиятларига тўсқинлик қилиниши ва уларнинг хавфсизликларини ҳам ҳеч ким кафолатлай олмаслиги билан таҳдид этишганди.

Ўш шаҳрининг ўзида эса, ёшлар ташкилотлари ОХҲТи полиция кучларининг юборилишига қарши махсус идоралар ҳам ташкил этишганди.

Ўш шаҳар кенгаши депутатларининг ОХҲТ қуролсиз полициячиларини жойлаштиришга қарши чиқарган қарорига муносабат билдираркан, халқаро ташкилот вакили бу борада Қирғизистон марказий ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаётганларини айтганди.

Шу йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида келиб чиққан этник низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб кишиларга тан жароҳати етган ва юз минглаб кишилар бошпанасиз қолишганди.

Маҳаллий аҳоли миллий низолардан ярим йил ўтиб ҳам Қирғизистон жанубидаги вазият ҳануз беқарорлигича қолаётганини айтади.