Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ҳозирги кунда ҳеч бир орқага қайтиш ниятимиз йўқ, ишонинг...' - 6- ҳикоя

Кечаётган 2010 йил минтақа ва жаҳон тарихида Қирғизистон жанубида юз берган қонли миллий низолар билан ҳам ёдда қолмоқда. Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида шу йилнинг июн ойида келиб чиққан қонли тўқнашувлардан қарийб ярим миллион киши жабр кўрди. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиб, бир неча кун давом этган ва кўплар наздида қирғин, дея баҳо топган этник зўравонликлар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлди. Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади. 400.000 га яқини доимий турар-жойларини ташлаб чиқишган, ўн минглаб бошпанасизлар эса, қўшни Ўзбекистонга ҳам қочиб ўтишганди. Этник низолар чоғида Қирғизистон жанубида 2.000 га яқин турар-жой ва бинолар ҳам буткул вайрон бўлди. Маҳаллий аҳоли эса, қиш тушиб қолганига қарамай, айрим жабрдийдаларнинг ҳануз вақтинчалик чодирлар остида яшашаётганидан шикоят этишади. Улар орадан ярим йил ўтиб ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганини айтиб келишади. Биз миллий низо жабрдийдаларининг Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларига қулоқ тутиш учун уларни суҳбатга чорладик. Суҳбатларимизни 26 декабрдан 1 январгача ҳар куни “Дараклар” дастуримиз орқали тинглашингиз мумкин бўлади:

'Ҳозирги кунда ҳеч бир орқага қайтиш ниятимиз йўқ, ишонинг...' - Туркия

6- ҳикоя

Университетда ўқитувчи эдим. Турк тили ва диншуносликдан даср берганман. Ухлаб ётганимизда, пайшанбадан жумага ўтар кечаси, шунақанги даҳшатли, ваҳший воқеалар содир бўлишни бошлади. Маҳаллалардамиз, оиламиз билан биргамиз, қариндош-уруғлар ҳаммаси битта жойдамиз, шу нарса содир бўлди, яъни бизнинг миллатимизга қарши қирғинлик содир бўлди. Юз берган қирғин сабаб Ўшни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. Қаерда жон сақлаш мумкин бўлса – ё бирорта бир “подвал”га, ё бирорта бир янаям чеккароққа, ўзбеклар зич жойлашган жойларга қочишга мажбур бўлдик. На бизнинг миллатимизга, на бизнинг соғлиғимизга, на бизнинг тинчлигимизга, на бизнинг ҳузуримизга ҳеч қанақа нарса кафолат бўлгани йўқ. Ҳузурсизлик ва беқарорликлар сабаб мамлакатимиз, ватанимиз, юртимиз, ҳамма нарсамизни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. Ҳамма тўплаган, топган нарсаларимизни ўртага ташладик-да, чиқиб кетадиган бўлдик. Айнан Туркияга келганимизнинг сабаби – Туркияда ўқиган бўлганим ва турк тилини билганим учун шу йўлни танладим. Оиламиз билан, учта бола-чақам, хўжайиним билан, аммо ҳозир у киши биз билан Туркияда эмаслар. Чунки Туркияда бизнинг ишлашга ҳаққимиз йўқ. Тил ўрганиш керак, иш топиш керак, бола-чақа, оила ташвиши, ижара ҳақи, емоқ-ичмоқ бор, ўзингиз ҳам биласизки, Туркия арзон шаҳар эмас,...Шунинг учун хўжайиним аввалги ишлаётган жойимдаги ишимни ҳам йўқотмайин деб, яна Россияга қайтиб кетди. Чунки унинг ота-онаси ҳам бор, уларгаям қараши керак, бизгаям қараши керак. Аллоҳ рози бўлсин, биласиз, Туркияда мусулмончилик кучли бўлгани учун анча-мунчаси бизга ёрдам беришган. Устига устак биз Рамазон пайтида борганмиз. Кейин у ерда ҳар хил ёрдам берувчи вақфлар бор. Ўша ерларга мурожаат қилганмиз, озгина кийим-кечак, емоқ-ичмоғимизни ўшалар беришган. Туркияда яшаш учун рухсатнома олганмиз, ана шу рухсатнома бўйича Туркиянинг ичида шахсий номеримиз бор, ўша билан болаларимизнинг мактабда таҳсил олишлари ва касалхоналардаги тиббий муолажамиз бепул. Худога шукр, ҳали бир касалхонага, дори-порига эҳтиёжимиз тушгани йўқ. Бундан ташқари, у қўшни бу, бу қўшни бу, бошқа вақфлар берган ёрдамлар билан эпланиб турибди ҳозир. Лекин, биласиз, пул ҳамиша керак нарса, моддиёт ҳамиша керак нарса, пул масаласида давлат томонидан бирор бир ёрдам йўқ. Ҳаммамиз, оз есак ҳам, ижара ҳақини беришга мажбур бўлаяпмиз. Хўжайинимиздан сўраяпмиз, акамиз, укамиз озгина ёрдам бераяпти, вазиятимизни кўриб тургани учун. Шулар билан эпланяпти, ҳамма шунақа қилиб эплаяпти. Ижара ҳақи 250-300 доллардан бошланади. Қайнонам билан қайнотам Ўшда қолишган. Ўзимнинг ака-укаларимнинг ҳаммаси Россияга қочишган. Қайинларим, қайин-сингилларим, овсинларимнинг ҳам ҳаммаси Россияга қочишган. Ўшда қолган яқинларимиз билан боғланиб турибмиз, “Озгина жимиб қолди, энди ҳеч ким ҳеч нарсага тегмайди, қайтинглар, жимиб қолди,” дейишяпти-куя, лекин бунинг жимишига ҳеччам ақлимиз етмайди. Ҳали у ёғда, ҳали бу ёғда яна сиқувиради, ҳам иқтисод томондан сиқади, ҳам “моралний” сиқувиради. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда ҳеч бир орқага қайтиш ниятимиз йўқ. Ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат қилганимиз учун 1-1.5 йил Туркияда қолиш мажбуриятидаман. Ундан кейин статусимизни оладиган бўлиб, учинчи бир давлат қабул қиладиган бўлса, валлоҳу-аълам...Хаёлимизга ҳам келмаяпти Янги Йил. Чунки кунингиз қандай қилиб ўтаётганини билмайсиз. Ҳар куни ўйланиб ўтасиз бу ерда, “Эртага нима ейман, эртага нима кияман,” деб. А Янги Йил келиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келаётгани йўқ. Ҳамманинг биттадан ғами бор, ҳамма ота-онасидан узоқда, қариндош-уруғларидан узоқда, ишонинг ҳали Янги Йилни ўйлаганим ҳам йўқ. Болалар мактабга боришяпти, болалар билан шуғулланишга мажбурман, нима қиламиз, бу бир имтиҳон Аллоҳу Таолодан. Албатта янги бир сана киради, 2011 йил киради. Қирғизистондаги вазиятнинг ижобий бўлишига ишонаман, қанақа – айнан ўша ердаги ўзбекларниям кўнгли таскин топиши, ўша ердаги ватандошларимиз, мамлакатдошларимиз, ота-оналаримизнинг ичига жичча бўлса ҳам ёруғлик киришига ишонаман, лекин буни ким қилади, билмадим,...бу фақат Аллоҳга аён, холос. Ҳамма ишонгиси келаяпти яхши бўлиб кетишига, ҳамма ишонгиси келаяпти. Сўнгги эшитган хабарларимизга кўра, Туркияда мингта оила эканмиз. Лекин мен атрофимиздаги беш юзта оилани аниқ биламан. Ҳамманинг вазияти бир, ҳамманинг вазияти бир. Борди-келдимиз бор, сўраб-суриштириб, Ўш билан ким гаплашса хабар бериб, Ўшда қанақанги воқеа бўлса, бир-биримизга хабар бериб турибмиз. Бизни ўйлантираётган асосий муаммо – қачон биз статусни оламизу, учинчи бир давлатга чиқамиз. Қачон статусни берадию, бергандан кейин яна қанча кутилади, учинчи давлат қабул қиладими, учинчи давлатга боргандан кейин ҳам, худди шунақа вазият содир бўладими, шулар бизни қийнаётган асосий саволлар ҳозир," дейди ҳозир Туркиядан бошпана топган ўшлик жабрдийдалардан яна бири.

Сўнгги ҳикоя

Қирғизистон жанубидаги миллий низо жабрдийдалари билан навбатдаги суҳбатимизни ўқиш учун веб саҳифамизни кузатиб боринг. Агар сиз ҳам Қирғизистон жанубида бўлсангиз ва Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларингиз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, уларни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин. Биз уларни веб саҳифамизда чоп этиб, радио дастурларимиз орқали ўқиб, эшиттириб борамиз.