Тожикистонда диний аҳамиятга эга адабиётлар тарқатишга қарши чекловлар кучайтирилди

Тожикистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига диний аҳамиятга эга адабиётларни тарқатишга қарши жазо чораларини қаттиқлаштирувчи қўшимчалар киритилган.

Қўшимчалар 1 январдан эътиборан кучга кирган. Тожик расмийлари қонундаги янги ўзгаришлардан мамлакатда диний адабиётлар тарқатилишини тартибга солиш мақсади кўзланганини таъкидлашган.

Диний уламолар эса, қонундаги янги қўшимчалар ҳукуматнинг Исломнинг таъсири кучайиб бораётганлигидан хавотирлари сифатида талқин қилишган. Қонундаги янги ўзгартиришларга кўра, давлат махсус экспертизасидан тасдиқлатмай, диний адабиётларни, шунингдек, диний таълим учун керак бўладиган бошқа ашёларни ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт қилиш, сотиш ва тарқатиш билан шуғулланган шахсларга бериладиган маъмурий жазо оғирлаштирилган.

Жумладан, қоидани бузганлиги исботланган жисмоний шахслар 30дан 50 кўрсаткичгача жарима тўлаши лозим бўлади. Лекин, маълум лавозимлардаги шахслар 50дан 100 кўрсаткичгача, ҳуқуқий шахслар эса, 100дан 150 кўрсаткичгача жарима тўлайди.

Ҳозирда Тожикистонда бир кўрсаткич 35 сомони, яъни 8 доллар миқдоридаги маблағни ташкил қилади.

Бир йил давомида такроран қоидабузарлик қайд этилса, янада катта миқдордаги жаримага тортилади. Жумладан, жисмоний шахслар 50дан 70 кўрсаткичгача, масъул шахслар 100дан 150 кўрсаткичгача ва ҳуқуқий шахслар 200дан 300 кўрсаткичгача жаримага тортилиши қонунда таъкидланган.

Шунингдек, диний ташкилотларнинг ўз адабиётларини чоп этиши ҳам қатъий назоратга олиниши қўшимчаларда ўз аксини топган.

Ҳукуматдагилар ушбу қонунга қўшимчалар киритилиши мамлакатда диний адабиётлар тарқалишини тартибга солишга қаратилганлигини урғулашади.

Расмийлар ўтган йил ўтказилган махсус рейдларда Тожикистон диний қўмитаси тартибларига мувофиқ келмайдиган кўплаб диний адабиётлар тарқатиш билан боғлиқ кўплаб қонунбузарликлар фош этилганлигини урғулашади. Амалиётлар даврида рухсатномаси бўлмай туриб, диний адабиётларни чоп этаётган босмахоналар ҳам борлиги маълум бўлган. Бундан муассасаларнинг рўйхати назорат мақсадида тегишли идораларга етказилган.

Image caption Айни вақтда айрим диний уламолар орасида диний адабиётлар савдоси ёки чоп этилиши билан боғлик чекловлар ҳукуматнинг мамлакатда Исломнинг таъсири кучайиб бораётганлигидан хавотирлари нишонаси эканини айтишади

Тожикистон диний қўмитасига кўра, Тожикистонда тарқатилаётган диний адабиётларнинг аксарияти Покистон, Миср ва Эрондан келади. Тожикистонда диний адабиётлар савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома бера оладиган ягона ташкилот бу - Маданият вазирлиги қошидаги диний ишлар бўйича қўмитадир.

Кўчаларда ва масжидлар олдида диний адабиётлар савдоси билан шуғулланадиган кишилар энди расмиятчиликлар учун идораларда вақтларини сарфлаётганларини айтишади.

"Рухсатнома учун пул ҳам тўлаш керакдир ҳали", деб қўшимча қилади "Саҳоват" бозори олдида диний адабиётлар сотаётган йигит.

Айни вақтда айрим диний уламолар орасида диний адабиётлар савдоси ёки чоп этилиши билан боғлик чекловлар ҳукуматнинг мамлакатда Исломнинг таъсири кучайиб бораётганлигидан хавотирлари нишонаси эканини айтишади.

Улар Тожикистонда "Имом Аъзам" йили деб эътироф этилган йилда ҳижоб ва соқолга бўлган таъқибларни мисол қилишади ва уйларда диндан сабоқ бераётган мулла ва отинлар фаолияти чекланганлигини урғулашади.

Ҳукуматнинг диний таълимга яна бир босими сифатида Исломий мамлакатлардаги диний мадрасаларда таълим олаётган мингдан ортиқ талабанинг ихтиёрий-мажбурий тарзда қайтарилганлиги таъкидланади.

Мамлакатда диннинг таъсири кучайиб бораётганлиги дунёвий тушунчаларни четга чиқараётганлиги кузатилади. Жумладан, "Одноклассникки", "Мой мир" каби сайтларда айрим тожикистонликлар: "Менга Янги йил табриги йўлламанг, бу мусулмонлар байрами эмас", деб ёзишган.