Хитой Марказий Осиёни эгаллаб олмоқдами?

Марказий Осиёга миллардлаб доллар сармоя киритаётган Хитойнинг минтақадаги мақсадлари номаълум. Хитой улкан ҳудудга эга бўлган Марказий Осиёни аста - секинлик билан эгаллаб олиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам йўқ эмас. Биз Москвалик шарҳловчи Санобар Шерматовадан бу хавотирлар қанчалик асосли, деб сўрадик:

Санобар Шерматова: Мен яхши эслайман, 1990- йиллар бошида Президент Акаев менга "хитойликлар ипак ип билан тикишади" деган нақлни айтган эди. У хитойликлар билан муносабатларни бузишни истамаслигини айтиб, мендан буни матбуотга чиқармаслигимни сўраганди. Яъни демоқчи булганим - қирғизларда, қозоқларда ҳам Хитойдан қўрқув бор. Аммо, шунга қарамай, Қирғизистон ва Қозоғистон Хитой билан йирик савдо алоқаларига эга. Қирғизистон, дейлик, ўзининг жаҳон савдо ташкилотига аъзолигидан Хитой билан савдо алоқаларида яхши фойдаланаяпти. Ҳатто, Қозоғистон билан Хитой ўртасидаги савдонинг катта қисми Қирғизистон орқали ўтади. Ўзбекистон билан ҳам шундай. Хитой моллари бутун Марказий Осиёни босиб кетди. Сабаби - у ерда бозор бор. Ўз вақтида Россия бу бозорни ташлаб чиқиб кетган эди. Ҳозир Марказий Осиёда сотилаётган ҳамма нарса аввал совет моллари эди. Албатта, сифат ҳам совет молларига хос бўлган. Эндиликда, нафақат Марказий Осиё, балки Россия бозорлари ҳам Хитой моллари билан тўла. Россияда бугун мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган лампочкани ҳам, ўйинчоқни ҳам топишга қийналасиз. Ҳамма нарса Хитойники. Шунинг учун ҳам, Хитойнинг Марказий Осиё бозорларини эгалллаётганида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Хитой Марказий Осиё давлатлари иқтисодига киритаётган сармояларга келсак, бу сармоялар, асосан, нефт ва газ соҳасига киритилмоқда. Аммо, уларнинг қанчалик шаффофлиги борасида мен бир нарса дейишим қийин.

Би-би-си: Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсий мақсадлари борасида нима дея оласиз?

Санобар Шерматова: Хитой мисолида биз кучли сиёсий таъсирни иқтисодий йўл билан қўлга киритиш уринишини кузатамиз. Хитой Марказий Осиёда, таъбир жоиз бўлса, юмшоқ куч билан ҳаракат қилаяпти. Хитой Марказий Осиёдаги таъсири ҳақида оғиз кўпиртирмайди, шов-шувли баёнотлар бермайди, ўзининг Марказий Осиёдан нима хоҳлаши ҳақида ҳам лом-мим демайди. Бу каби баёнотлар, сўров ёки тадқиқотларни ҳеч қаерда кўрмайсиз. Чунки, улар ҳеч қаерда йўқ. Ва менинг назаримда, Хитой Марказий Осиё ва Россия билан ўзаро алоқаларнинг энг қулай шаклини топган ва бу шакл ШОС - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти деб аталади. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Хитой ўзи билан чегарадош Россия ва Марказий Осиё давлатларини бир-биридан ажратган ҳолда, ҳаммаси билан чегаралар борасида алоҳида-алоҳида музокаралар олиб борди. Шу йўл билан Совет Иттифоқи пайтида ечилмаган чегара баҳсларини усталик билан ечиб олди. Россия, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг катта-катта ер майдонлари Хитойга ўтди. Хитой Марказий Осиёда ўз олдига қўйган энг катта мақсадлардан бири, бу албатта, хом ашёдир - нефт ва газ. Хитой ўз энергетика эҳтиежининг сезиларли қисмини Марказий Осиё давлатлари ҳисобидан қоплашни бошлади. Туркман газ қувури ишлаяпти, ўтган ҳафта Ўзбекистон қувурнинг иккинчи навбатини ишга туширди. Буларнинг ҳаммаси Хитой дипломатиясининг муваффақиятидир.

Би-би-си: Марказий Осиё раҳбарлари ҳамма вақт Россия, Америка ва Хитой манфаатлари ўртасида мувозанат сақлашга уриниб келадилар ва ҳозирча улар бунга муваффақ булишмоқда. Аммо, келажакда Хитой таъсирининг кучайиишини кутишимиз мумкинми?

Санобар Шерматова: Ҳамма нарса вазиятга ва Марказий Осиё раҳбарларининг қанчалик усталигига боғлик. Албата, Хитойнинг пули, моллари ва дипломатияси яхши ишлаяпти. Аммо, ўтган йили содир бўлган бир нарса эътиборга лойиқ. Бу Россия, Қозоғистон ва Бералус ўртасидаги божхона иттифоқи. Бу умумий бозорни яратиш учун 10 йил вақт кетди. Ҳозирда Қирғизистон ва Тожикистоннинг бу иттифоққа қўшилишини кутишимиз мумкин. Назаримда, қийинчилик билан бўлса ҳам, бу умумий бозор ривожланади. Минтақадаги Тожикистон ва Қирғизистон, биринчи навбатда Россияга кўпроқ карам. Албатта, Марказий Осиё давлатларининг келажаги катта давлатлар, жумладан, Хитойнинг манфаатлари ўртасида қанчалик мувозанат қила олишларига боғлиқ. Бу уларнинг яшаб қолишларининг тамал принципидир. Улар бу қоидадан ҳеч қачон воз кечишмайди. Бу Марказий Осиёдаги ҳақиқий воқеълик.