Ўш Ташаббус гуруҳи Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликларга доир ҳисоботини эълон қилди

Қирғизистонда миллий низолар ортидан ҳибсга олишлар
Image caption Ҳисоботда миллий низолар ортидан Қирғизистонда адолатсиз ҳибсга олишлар бошланиб кетгани ҳақида ҳам айтилади

Қароргоҳи Ўзбекистонда бўлган Ўш Ташаббус гуруҳи Қирғизистон жанубида ўтган июнь ойида содир этилган қонли зўравонликларга доир ҳисоботини ошкор этган.

Ҳисобот, муаллифларга кўра, кенг қамровли бўлиб, унда нафақат этник зўравонлик, балки мамлакатда этник муносабатлар тарихига, 2010 йил июнь воқеаларигача Қирғизистонда миллий масала, миллий озчиликларга муносабат мавзуси ҳам таҳлил қилинади.

Ўтган октябр ойида ташкил топган Ўш ташаббус гуруҳининг фаолияти Тошкентда Эксперт Ишчи гуруҳи томонидан мувофиқлаштирилади.

Ана шу гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Қирғизистон жанубидаги июнь воқеаларига доир бугун чиқарилган ҳисобот ҳозиргача мавжуд ҳисоботлардан асосий фарқи унда эътибор воқеалар жараёни ва ушбу ҳодисаларга боғлиқ ҳозирги кунгача давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишига оид фактларга қаратилган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бугун чиқарилган ҳисоботнинг ўзида бу ҳақда қисман айтиб ўтилган, аммо ҳисоботга биз 45 гигабайт ҳажмдаги иловаларни қўшган ҳолда халқаро комиссияга топширдик. Мана шу иловаларда ўлган кишилар, ёниб кетган уйларнинг рўйхатлари, шу воқеалар натижасида зиён етказилган уйларнинг манзиллари билан кимга тегишлилиги кўрсатилган ҳолда аниқ-батафсил берилган. Иккинчи фарқи, шу воқеаларнинг ўзига баҳо беришда биз пагром сўзини ишлатишга қарор қилдик. Ўзбекларга, яъни Қирғизистонинг ўзбек аҳолисига нисбатан мана шу воқеалар кунлари айнан "пагромлар амалга оширилди" деган атамани қўллаяпмиз", дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳисоботни тайёрлаш жараёнида Қирғизистонда июн воқеаларини текшириш бўйича ўз ишини якунлаган миллий комиссия хулосалари ҳам ўрганилган.

"Ҳамда ҳисоботда айни хулосалар ва Қирғизистондаги ушбу ҳодиса юзасидан чиқарилган бошқа барча ҳужжатларни ўрганиб, солиштиришга ҳаракат қиляпмиз", дейди у.

Айни пайтда Ўш Ташаббус гуруҳи чиқарган ҳисоботда Қирғизистон қуролли кучлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам миллий низоларда иштирок этганлиги ҳам айтилади.

"Бу борадаги фактлар фақатгина қоғоз, ҳужжат шаклида эмас, ҳатто аудио, видео, фотоматериалларда ҳам бу ҳақда кўплаб фактлар бор", дейди Суҳроб Исмоилов.

Унга кўра, ҳисоботни тайёрлаш жараёнида Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинган ва улар зўравонликлар кечган кунлар тўплаган маълумотлардан кенг фойдаланилган.

"Аммо, маълум сабабларга кўра, биз номларни ошкор қила олмаймиз, чунки уларга ҳам ҳозир Қирғизистонда ишлаш осон эмас", дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган хунрезликларда қирғиз расмийларига кўра, камида 400 инсон ҳалок бўлган.

Аммо, Қирғиз мулозимлари хунрезликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони расмий рақамлардан анча кўплигини тан олишади. Бир неча минг уй вайрон этилган, ўн минглаб инсонлар бошпанасиз қолганлар.

Воқеалардан кўп ўтмай, қирғиз ҳукумати ҳодисаларни текшириш учун "Миллий комиссия" ташкил этган.

Бу текширув ўз хулосаларида зўравонликлар учун ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаганди.

Аммо, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу хулосаларни шубҳа остига олишади.

Қирғизистондаги қонли ҳодисалар юзасидан Ўзбекистон дохил қатор мамлакатлар мустақил текширувлар олиб боришга чақирганди.

Мазкур зўравонликлар бўйича текширувлар олиб бориш учун ташкил этилган халқаро мустақил комиссия эса, ўз ишини ўтган йил кузидан бошлагани хабар берилганди. Комиссия тўрт Скандинавия давлати- Финландия, Норвегия, Швеция ва Даниянинг муштарак ташаббуси билан тузилган ва БМТ, Оврўпо Иттифоқи, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва қирғиз ҳукумати томонидан дастакланган.