Хўжанд шаҳрида амалга оширилган худкушлик ҳужуми бўйича 48 киши қўлга олинди

Хўжанд
Image caption Хўжанддаги худкушлик ҳужуми 4 ой олдин юз берганди

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бундан тўрт ой илгари юз берган худкуш ҳужумчи содир этган портлаш бўйича 48 киши қўлга олинган. Тергов давомида уларнинг кўпчилиги ўзларига қўйилган айбларни тан олган.

Бу борада Суғд вилояти прокурори Юсуф Раҳмонов маълум этган. Лекин, у тергов манфаатлари нуқтаи назаридан дея қолган тафсилотларни бермаган.

Тожикистонда биринчи марта экани айтилган худкушлик ҳужумида ҳужумчидан ташқари уч нафар милиция ходими ҳалок бўлган. 27 нафар милиция зобити яраланган.

Тожикистон расмийлари бу ҳужумда Туркистон ёки Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг қўллари борлигини даъво қилишганди.

Айни бир пайтда номаълум "Ансоруллоҳ Жамоати" гуруҳи портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Ҳибсга олишлар

Суғд вилояти прокурори Юсуф Раҳмоновнинг айтишича Хўжанддаги худкушлик ҳужумига алоқадорликда гумон этилаётган кишиларни аниқлаш ва қўлга олиш давом этмоқда:

"Террорчилик ҳужумига доир очилган жиноий иш бўйича аллақачон 48 киши қўлга олинди. Уларнинг 37 нафари Истаравшан шаҳрида яшайдиган кишилардир. Қолганлари бошқа шаҳар ва қишлоқлардан. Менинг фикримча, уларнинг террорчилик ҳужумида қатнашганликлари ёки экстремистик ташкилотларга аъзо бўлганликлари тергов давомида тўлиқ исботини топган ёки топади",- деган Суғд вилояти прокурори.

Лекин, прокурор бошқа тафсилотларни келтирмади ва буни тергов манфааатлари нуқтаи назаридан дея изоҳлади.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти Истаравшан шаҳридан бўлиб, улар шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини Тожикистонда Ислом давлати тузишга чақиришган, шу билан бирга ҳуқуқ-тартибот мақомоти мулозимларига нисбатан нафрат руҳини уйғотишга уринишган.

Қўлга олинганларнинг ҳар бирига нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг жиноий гуруҳ тузиш, унга аъзо бўлиш моддаси билан жиноий иш қўзғалган.

Шимолий Тожикистонда террорчилик ҳаракатига мансубларни қўлга олишлар жорий йил сентябр ойи бошида Хўжанддаги худкуш ҳужумчи содир этган портлашдан сўнг бошланиб кетган.

Суғд вилоят ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳовлисида юз берган портлаш натижасида худкуш ҳужумчидан ташқари уч нафар милисия мулозими ҳалок бўлганди. Яна 27 нафар милисия мулозими яраланганди.

'Тўқайга ўт кетса, ҳўл ҳам қуруқ ҳам бирдай ёнади'

Портлашдан сўнг, бу ҳужумнинг айнан шу милиция бўлинмасига уюштирилишига гуноҳсиз одамларни қийнаш сабаб бўлганлиги айтилганди.

Портлаш содир этган худкуш ҳужумчининг аслида Истаравшан туманидаги қишлоқлардан биридан эканлиги аниқлангач, айниқса, у яшаган ерда қидириш ишлари кучайтирилган.

Натижада қўлга олинганлардан бири - 23 ёшли Дилшод Раҳимов Туркистон Исломий ҳаракатининг Истаравшан шаҳридаги раҳбари сифатида кўрилган.

Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида Исфара шаҳри ва унинг атрофидаги қиш-лоқлардан бўлган кишилар борлиги ҳам айтилган. Исфарада қўлга олишлар давомида юз берган икки отишмада уч нафар қуролли, жумладан бир аёл ҳалок бўлган.

Кузатувчиларга кўра Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва Исфара шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг алмаштирилиши ҳам Хўжанддаги худкушлик ҳужуми натижасида юз берган портлаш билан боғлиқ.

Хўжанддаги худкушлик ҳужуми ва Душанбедаги муваққат ҳибсхонадан оммавий қочишдан сўнг Тожикистонда тероорчилар айрим чет мамлакатларда тайёрланаётгани боисидаги тахминлар кучайган.

Кузатувчиларнинг айтишларича Покистон, Эрон ва араб мамлакатларида диний таҳсил олаётган 1300 нафардан ортиқ талаба ихтиёрий-мажбурий тарзда Тожикистонга қайтарилган.

Айни бир пайтда кузатувчилар фикрича ҳали маҳкамадан олдин худкушлик ҳужумига алоқадорлик ёки террорчилик гуруҳларига мансублик борасида айбларнинг тўлиқ исботлангани ёки исботини топишга қатъий ишонч билдирилганлиги тўғри эмас.

"Тўқайга ўт кетса, ҳўл ҳам қуруқ ҳам бирдай ёнади, деган гаплар бор. 2009 йил октябрида Исфарада юз берган қуролли отишмадан сўнг қидирув эълон қилинган 40 кишидан аксарияти ҳали топилмаслиги ва Хўжанддаги портлашдан сўнг қисқа вақт - тўрт ой давомида 50 нафарга яқин кишининг қўлга олиниши ёки қўлга олиш пайтида ҳалок бўлиши турлича фикрлар уйғотади",- дейди маҳаллий кузатувчи Ислом Расулов.

Кузатувчиларга кўра, кўпинча жиноий гуруҳларга мансубликда гумон этилиб, ҳибсга олинганлар маҳкама пайтида терговдаги иқрорларга руҳий ёки жисмоний қийноқлар боис қўлга киритилишини айтишади. Лекин, маҳкамада уларнинг бу иддаоларига деярли эътибор берилмайди.