Ўзбекистон Қирғизистонга узатадиган газ нархини пасайтирди

Ўзбекистон Қирғизистонга сотиладиган ҳар минг куб метр газ нархини 223 АҚШ доллари қилиб белгилади.

Бу борадаги келишув "Ўзтрансгаз" очиқ акциядорлик жамияти ва "Қирғизгаз" давлат корхонаси ўртасида имзоланган.

Ўзбекистон томони газ баҳосини борасида Қирғизистоннинг таклифини қабул қилмаган.

Бугун Бишкекда "Қирғизгаз" ширкати раҳбари Турғунбек Қулмирзоевнинг айтишича, қирғиз тарафи "Ўзтрансгаз" ширкати билан музокаралар чоғи ҳар минг куб метр газ учун 160 АҚШ доллари таклиф қилган, бироқ ўзбек ҳамкасблари бу таклифни рад этишган.

Шундан сўнг, "Қирғизгаз" ўзбек томони шартларига рози бўлган:

- "Ўзбек томони билан биз ўтган йилнинг декабр ойидан бери музокаралар юритиб келмоқдамиз. Газ нарх-наволарини муҳокама қилишнинг сўнгги навбатига мана 5 январда борган эдик. Натижада, биз ҳар минг куб метр газ нархини 223 долларга қадар пасайтиришга эриша олдик",- деди Турғунбек Қулмирзоев.

Бу ўтган йилгига қараганда 19 долларга арзондир.

Келишувга биноан, жорий йил Ўзбекистон Қирғизистонга 200 миллион куб метр газ етказиб беради.

Олдинроқ, Қирғизистон Бош вазири Алмаз Атамбоев газ ширкати мулозимларини амалга ошира олмайдиган ваъдаларни бераётганлиги учун қаттиқ танқид қилган. Чунки "Қирғизгаз" раҳбарияти ўзбек томони билан музокаралар ҳали бошланмасидан, газ нархини ҳар минг кубометр учун 140 АҚШ долларгача пасайтиришга эришиши ҳақида айтган.

Шу кунга қадар қирғиз истеъмолчиларининг "Қирғизгаз" ширкати олдидаги қарзлари тахминан 10 миллион АҚШ долларига етган.

2010 йил Қирғизистон ҳар минг куб метр газни 242 Америка долларидан харид қилганди.

"Қирғизгаз" ширкати ички истеъмолчиларга ҳар куб метр газни қарийб 430 доллардан ($ 429) сотган.

Аввалроқ, Ўзбекистон 2011 йилда Қирғизистон учун етказиб бериладиган ҳар минг куб метр газ учун нархни 255 АҚШ доллари қилиб белгилагани ва нархлар устида кечаётган музокаралар тўхтатиб қўйилгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон тарафи буни 2010 йилда етказиб берилган табиий газ учун қарзлар тўла узилмагани ва қарз миқдори - 3 миллион АҚШ долларига тенг экани билан изоҳлаган.

Аммо, Қирғизистон расмийлари ва "Қирғизгаз" раҳбарлари буни рад этишган ва "Ўзтрансгаз"дан қарзлари йўқлигини таъкидлашган. Қирғизистон газни асосан Ўзбекистондан сотиб олади. Ўзбекистон ўтган йил давомида қарзлар тўланмагани боис дея бир неча бор Қирғизистон жанубига узатиладиган табиий газ ҳажмини бир неча бор камайтириб қўйганди.

Шимолий Қирғизистонга ўзбек гази Қозоғистон орқали ўтади. Жанубий Қирғизистонга эса, ўзбек гази тўғридан-тўғри Андижон вилояти орқали узатилади. Мутахассиcларга кўра, шу боис Жанубий Қирғизистонга йўналган газ қувурини керак бўлганда "ёпиб" қўйиш муаммо эмас.