Назарбоев ваколатини чўзиш бўйича референдум ўтказиш тарафдорлари 5 миллиондан ортди

Қозоғистонда Президент Назарбоев ваколатини 2020 йилгача чўзиш учун референдум ўтказиш тарафдорлари 5 миллиондан ортиб кетди.

Ташаббус гуруҳи Марказий сайлов комиссиясига мамлакатдаги умумий сайловчиларнинг ярмидан кўпини ташкил қилувчи бўлган имзоларни тақдим этди.

Шу билан бирга ташаббус гуруҳи парламентга мурожаат қилиб референдум ўтказиш учун мавжуд конституцион қонунларга ўзгартириш киритишни сўраган.

Референдумга қаршилар эса, имзолар маъмурий босимларни ишга солган ҳолда йиғилганини даъво қилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси тарқатган хабарга кўра, Президент ваколатини чўзишга қаратилган референдумни қўллаб қувватловчилар сони 5 миллиондан ортиб кетган ва умумий сайлов ёшидагиларнинг 55 фоизини ташкил қилмоқда.

Имзо тўплаш ишлари тугаганлиги боис ташаббус гуруҳи референдум ўтказиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида парламент депутатларига мурожаат қилди.

Ўз навбатида қудратдаги "Нур Отан" партияси мамлакатдаги сиёсий кучларни референдумни қўллаб қувватлаш учун "Қозоғистон-2020" коалиция атрофида бирлашишга чақирди.

Мухолифат вакиллари Назарбоевнинг ваколатини чўзишни истаган 5 миллиондан ортиқ имзо тўплаш шубҳали эканлигини даъво қилади.

Image caption "Алға" партиясидан Нағашбай Эшмирзаев

-Бунинг ҳаммаси бўлмаган гап. Мана мен Ўскамендаги ўқитувчи бўлиб ишлайдиган танишим билан гаплашдим. Унинг айтишича, уларни имзо йиғишга юборишган. Ўскаменнинг совуғида уйма-уй юриб 42 та имзо тўпланган. Уларни урушишган ва жеркиб ташлаган одамлар бўлган. Имзо қўймаганларни қора рўйхатга киргизишган, - дейди "Алға" партиясидан Нағашбай Эшмирзаев.

Нағашбай Эшмирзаевнинг қўшимча қилишича, референдумга қарши бўлган одамлар кўпчиликни ташкил қилади, аммо улар ўз фикрларини очиқ айтишга қўрқишади. Чунки, фикрини эркин айтганларнинг ўзига ёки яқинларига босим ўтказилиши мумкин.

"Нур отан" партиясининг Олмаота шаҳар бўлими биноси ёнида бир гуруҳ ёшлар норозилик акцияси билан чиққанди. "Руҳ билан тил" клуби ёшлари "демократияни кўмиш маросими"ни ўтказган. Ёшларга кўра референдум ўтказиш ғояси билан ташаббусчилар ва депутатлар Қозоғистонда демократиянинг ўлимига сабаб бўлишмоқда.

Узоғи билан 10 дақиқа давом этган ушбу норозилик ноқонуний дея баҳоланиб, куч ишлатар тизими ходимлари томонидан тўхтатилган ва иштирокчилар идорага олиб кетилган.

Декабрнинг охирги ўн кунлигида имзо йиғишни бошлаган ташаббус гуруҳи қарийб 20 кун ичида ушбу ишни якунлади. Кузатувчилар имзо йиғиш ва референдум ўтказиш учун ҳам давлат ғазнасидан маблағ ва ишчи кучи сарфланишини айтишади. Бироқ, ташаббус гуруҳи референдумга кетадиган маблағни сайловлар билан солиштириб бўлмаслигини айтади.

"Референдум бу сайловлар эмас. Референдумга бир савол қўйилади ва бир кунда ўтиб кетади. Албатта бу нарсалар ўз ўзидан ва текинга бўлиб қолмайди. Бунинг учун "Референдум ўтказиш тўғрисида"ги қонун бўйича маълум маблағ ажратилади", - дейди ғоя ташаббускорларидан Ерик Сидиқов.

Image caption "Нур отан" партиясининг Олмаота шаҳар бўлими биноси ёнида бир гуруҳ ёшлар норозилик акцияси билан чиққанди

Президент Назарбоевнинг ўзи ваколатини 2020 йилгача чўзиш тўғрисидаги парламент томонидан таклиф этилган қонунни рад этган эди. Президент ўз қарори борасида бирон бир шарҳ бермаган.

Аммо, Қозоғистоннинг "Референдум ўтказиш тўғрисида" ишлаб чиқилган қонун бўйича парламент аъзоларининг 80 фоизи референдум ўтказиш тўғрисидаги қонунни қўллаб қувватласа, президент ветоси ўз кучини йўқотади.