Тожикистонда жума намози маърузалари мавзуси расман белгилаб берилади

Жума намози мусулмонлар учун жуда муҳим
Image caption Жума намози мусулмонлар учун жуда муҳим...

Яқинда Тожикистонда имом-хатибларга мўлжалланган "Ҳафталик жума маърузаси" деб номланган янги ўқув қўлланмаси пайдо бўлади.

Қўлланмада жума маъвизалари учун 52та мажбурий мавзу киритилган бўлиб, йил давомида ҳар бир ҳафта улардан биттаси ўқилиши керак бўлади.

Айтилишича, имомлар таклиф этилган мавзуни рад этолмайдилар.

Қўлланма мамлакатдаги назариётчилар, олимлар ва давлат арбобларидан иборат махсус комиссия томонидан танланган.

Кузатувчилар ушбу қўлланманинг пайдо бўлиши одамлар диний ҳаётларини назоратга олишга уриниш сифатида талқин этишмоқда.

Тожикистондаги нуфузли уламолар аллақачон янги кўрсатмалардан ажабланганлари ва норозиликларини билдиришди.

'Қулай кўрсатмалар'

Махсус комиссия таклиф этган мавзулар тожик мулозимларининг сўзларига асосланган.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага кўра, янги қўлланма имом-хатибларга одатда жума намозигача ўқиладиган ваъзлар учун тўғри мавзуларни танлашда ёрдам беради.

"Ваъзхонлар масжидлардаги суҳбатларини ушбу китоб доирасида олиб боришлари керак. Мисол учун, мустақил маъвиза қилолмайдиган имомлар ҳам бор. Имомлар жавоб бериш мушкул бўлган саволларни Тожикистон Исломий уламолар кенгашига жўнатишлари керак", дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Жумахон Ғиёсов Би-би-си билан суҳбатда.

"Булар жуда яхши кўрсатмалар. Ваъзхонлар материаллар қидириб юришмайди. Биз бундай китоб таклиф қилаётган биринчи мамлакат эмасмиз. Бунга ўхшаш китоблар Россия ва Туркияда аллақачон чоп этилган", дея Ғиёсовнинг сўзларини дастаклайди Дин ишлари бўйича қўмита ходими Саидбек Маҳмадуллоев.

Жумахон Ғиёсовнинг тушунтиришича, жума намозигача 15-30 дақиқа давом этадиган маъвизалар чоғи имом-хатиб айни мавзудан ташқари бериладиган саволларга жавоб бермаслиги керак.

Аксар ҳолларда бундай савол Тожикистон Исломий уламолар кенгаши ва ё диний ишлар бўйича қўмитага йўлланади.

Image caption Ҳожи Акбар Тўражонзода: 'Бу ҳол нафақат имом-хатиблар, балки ҳар бир шахснинг эркинлигини чеклайди'

'Одамларда турли хил саволлар пайдо бўлади'

Мусулмонлар учун жума намози ўта муҳим. Душанбедаги марказий масжидда жума куни минглаб намозхон йиғилади.

Мамлакатдаги диний масалалар бўйича энг олий қўмита қарори барча масжидларга тааллуқли ва унинг қандай тадбиқ этилиши назорат қилиб борилади, айниқса, пойтахт Душанбеда.

Диний масалалар бўйича қўмитанинг урғулашича, янги кўрсатмаларга амал қилмаганлар жазоланади.

Қўмитага кўра, ушбу китобни чоп этиш қарорининг олинишига баъзи руҳонийларнинг билимсизлиги ва етарлича илмга эга бўлмаганлари сабаб бўлган.

Яқинда 26 имом-хатиб аттестациядан ўта олмаган.

Таниқли дин арбоби Ҳожи Акбар Тўражонзодага кўра, мамлакатда етарли илмга эга имом-хатибларнинг йўқлигига сабаб, уларнинг давлат арбоблари томонидан тайинланишидир.

"Кейинги 15 йил асносида давлат тасдиғи ва розилигисиз бирон бир мулла тайинлангани йўқ. Улар ўзлари одам топишади ва ўзлари маълум ўринларга тайинлашади. Ўнлаб ёшлар - аъло даражада Исломий ўқув даргоҳларини битирган одамлар иш топа олмайдилар", дейди у.

Тожикистонда дин давлатдан расман ажратилган. Аммо, ҳақиқатда ҳукумат мамлакатдаги диний олийгоҳлар фаолиятига фаол аралашади. Бунга қўшимча равишда, масжидларда имом-хатиблар сайлашда ҳам ҳал қилувчи овозга эга.

Шарҳловчиларга кўра, давлат томонидан тайинланган арбоб ҳукумат органлари фармойишини бажариши керак.

"Бу ҳол нафақат имом-хатиблар, балки ҳар бир шахснинг эркинлигини чеклайди", -дейди Ҳожи Акбар Тўражонзода.- Одамларнинг саволларига жавоб бериш имом-хатибнинг вазифаси. Одамларда ҳар хил саволлар пайдо бўлади, турли мавзулар уларни қизиқтиради. Агар савол давлат белгилаб берган мавзудан ташқари бўладиган бўлса, уларни қандай жазо кутади? Буларнинг бари яхшиликка олиб бормайди".

Сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати диндорлар ҳуқуқларига дахл қилганликда бир неча бор танқид остига олинди.

Масжидларни текшириш ва ёпиш, диний фирқалар ва ҳаракатлар тарафдорлари устидан кўпсонли маҳкама жараёнлари Исломий кийинган ва сақол қўйганларни қувғин қилиш кабилар ҳукумат томонидан олиб борилаётган амаллар жумласидандир. Кўплаб кузатувчилар кейинги йилларда Тожикистонда динга қизиқиш ўсиб бораётганини айтишади.