ОХҲТ қозоқ парламентининг Назарбоев ваколатини узайтириш қароридан хавотирда

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик Институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси раҳбари Жанез Ленарчич Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ваколатини узайтиришга оид референдум эҳтимолидан хавотир билдириб чиққан.

"Режаланаётган референдумнинг мақсади Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро масъулиятларига мос келмайди ва биз масъул идораларнинг ушбу ташаббусни тўхтатиш учун лозим чораларни кўришларига умид қиламиз," деб айтган жаноб Ленарчич.

Қозоғистон қуйи парламенти ва сенат аъзолари жума куни бир овоздан конституцияга ўзгартириш ва қўшимча киритишни маъқуллашганди.

Ушбу ўзгартиришлар мамлакатнинг биринчи президенти Назарбоевнинг ваколатини чўзиш учун референдум ўтказиш ва конституцияга “элбоши” атамаларини киритишни назарда тутади.

Қонунга ўзгартиришлар киритган депутатлар 2011 йилнинг баҳор ойларида президент ваколатларини чўзувчи реферундум бўлиб ўтишини айтишмоқда.

Қуйи палатанинг 106 депутати ва 44 сенатор томонидан бир овоздан қабул қилинган қонунга кўра, конституцияга ўзгартиришлар киритилади.

Энди Қозоғистоннинг биринчи президенти Назарбоевнинг ваколатларини 2020 йилгача чўзувчи референдумни ўтказиш учун қонуний томондан ҳеч қандай тўсиқ қолмади.

27 декабр куни референдумни қўлловчиларнинг имзосини йиғишни бошлаган компания 10 январ куни якунланганди.

Икки ҳафта давом этган тадбир давомида ташкилотчилар 5 миллиондан ортиқ одамнинг имзосини тўплашган эришишди. Бу Қозоғистондаги умумий сайловчиларнинг 55 фоизини ташкил қилади.

Бу кунлар давомида маҳаллий оммавий-ахборот воситаларидан тортиб, черков ва масжид каби одамлар йиғиладиган жойларгача тарғибот ишлари юритилди.

Референдум ташаббускорларига кўра, мамлакатда Назарбоевга бас келадиган рақибнинг ўзи йўқ, бу орада сайловлар ўтказиб, ортиқча ҳаражат қилиш давлат бюджетига зарар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, 2020 йилгача президент Назарбоев томонидан давлатни ривожлантириш дастури учун ҳам имкон бериш керак.

Мухолифат вакиллари 2 ҳафтанинг ичида мажбурловларсиз ва қўшиб ёзмасдан бунча имзо тўплашни савол остига олди.

Президент Назарбоевнинг ўзи бунгача парламент томонидан тақдим этилган референдум ўтказиш тўғрисидаги қонунга вето қўйган бўлса-да, парламентнинг 80 фоиздан ортиқ овози ушбу ветони четлаб ўтиши маълум қилинганди.

Қозоғистон Марказий Осиёдаги иқтисоди нисбатан жадаллик билан ривожланаётган давлат ҳисобланади.

Нефт, газ, мис каби табиий бойликларнинг кўплиги сабаб Нурсултон Назарбоев халқнинг фаровонлигини бир мунча таъминлаган дея ишонилади.

Қозоғистон минтақада Россиядан сўнг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келаётган меҳнат муҳожирларини иш билан таъминлайдиган иккинчи давлат ҳисобланади.