АҚШ: 'Қирғиз ҳукумати қийноқларнинг олдини олишга масъулдир' - ҳимоячи билан суҳбат

Американинг Қирғизистондаги элчилиги махсус баёнот билан чиқиб, маҳбусларнинг қирғиз ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қийноқларга тутилаётганига оид хабарлардан хавотирда эканини билдирган.

Бу хусусдаги баёнот кеча пайшанба куни эълон қилинган.

Расмий баёнотда қирғиз ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга ундалади.

Америка томонига кўра, барча маҳбусларга адолатли маҳкамага замин яратилиши ва уларга қонун доирасида муносабат қилинмоғи лозим.

Яқинда Қирғизистонда қатор портлашлар юз берган ва расмийлар уларда исломий жангариларни айблашганди.

Фаоллар куни-кеча айни шу воқеаларга алоқадорлик гумони билан қўлга олинганларнинг хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан калтакланиб, қийноққа солинганликларини даъво қилишганди.

Масъуллар ўтган ноябр ойида пойтахт Бишкек ва Ўш шаҳрида юз берган портлашлар билан ундан сал аввалроқ мамлакат жанубида ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинган 9 шахснинг ноқонуний фаолияти ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини айтишганди.

Америка томонининг янги хавотирлари айни шу хабарлар манзарасида янграмоқда.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров қийноқлар билан боғлиқ аҳвол, айниқса, вақтинчалик ҳибсхоналарда жиддий эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистондаги сўнгги портлашлар ўтган йилги қатор қонли можаролар ортидан кузатилганди.

Дейлик, ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қақшатқич миллий низолар аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди.

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар гувоҳлари қирғиз армиясининг қуролли оломон томонида ўзбекларни ўққа тутгани, ҳарбий кийимдагиларнинг қизларни зўрлаш, уйларга ўт қўйиш ва талончиликларда иштирок этганини даъво қилишганди.

Аммо айни ҳодисалар билан алоқадорликда қўлга олинган инсонларнинг ҳам асосан ўзбеклар экани айтилади.

Аввалроқ Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай ҳам Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлакат жанубида қийноқ қўллаш ва ўзбошимча ҳибсга олишлар сингари инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини такрор ва такрор содир этаётганликларини баён қилганди.

Халқаро ташкилот, ўз ўрнида, аксар ўзбекларга ноқонуний муомала қилинаётгани ҳолларига қарши Қирғизистон расмийлари чора кўрмаётганликларини ҳам урғулаганди.

Уларнинг ҳибсдаги аҳволлари ва маҳкама жараёнлари ҳозиргача қатор халқаро ташкилотларнинг хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Қирғиз масъуллари июн ойидаги зўравонликлар юзасидан 4 мингдан ортиқ жиноий иш очишган ва маҳкама жараёнлари август ойидан буён давом этади.

АҚШ Қирғизистонда Марказий Осиёдаги ягона ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ўта муҳим бўлган ҳарбий базасига эгадир.