Туркманистон Президенти ўз ҳукуматида компютер саводсизлигига қарши 'уруш очди'

Президент Гурбангули Бедимуҳаммедов
Image caption Президент Гурбангули Бедимуҳаммедов

Компютер бўйича саводхонликни ошириш - Туркманистон Президенти 2011 йил ҳукумат зиммасига юклаган асосий вазифалардан бири.

Президент Гурбангули Бедимуҳаммедов барча ҳукумат вазирлари ва хизматчилари компютер дарсларига иштирок этишларини истайди.

У компютер бўйича синовларидан ўта олмаганлар ишларидан кетишлари мумкинлиги билан огоҳлантирди.

Шу билан бирга жаноб Бердимуҳаммедов барча раҳбарлар, вазирлар ва бошқа олий мартабали расмийларни йиғинлар ва конференцияларга қўл компютерлари билан иштирок этишга чақиради.

Туркман раҳбари ҳукумат вазирлари ва аҳоли ўртасидаги алоқани яхшилаш учун замонавий компютерлашган маъмурият ташкил этишни истайди.

Дунёдаги энг йирик газ заҳираларига эга давлатлардан бири бўлган Туркманистон - авторитар давлат. Марказлашган ҳукумат ҳаётнинг барча томонларини назорат қилади.

Мамлакат раҳбарининг буйруқларига барча бўйсунади. Ишларини йўқотиш хавфи ҳукуматда ишлайдиган катта сондаги туркманлар учун таҳдиддир.

Бироқ, мамлакатда компютер ва интернетдан фойдаланиш кенг тарқалмаган.

Ва илк интернет кафе бир неча йилгина бурун ташкил этилган Туркманистонда вебсаҳифалардан фойдаланиш қаттиқ назорат қилинади ва ҳукумат тарафидан қатъий чекловлар ўрнатилган.