Ўзбекистон Президенти Брюсселга сафар билан келмоқда

Image caption Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ислом Каримов билан Оврўпо расмийлари учаршувини номақбул, дея таърифламоқдалар.

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи Алоқалар бошқармасининг билдиришича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Брюсселдаги ташкилот қароргоҳига сафар билан келмоқда.

Ташқи Алоқалар бўлинмасидан Майкл Карничникнинг Би-би-си га айтишича, душанба, 24 январ кунига Оврўпо Иттифоқи президенти Жозе Мануэл Баррозонинг жаноб Каримов билан учрашуви белгиланган.

"Учрашувдан асосий мақсад Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг турли жиҳатларини, жумладан мамлакат ички ҳаётидаги ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилишдир",-деди Оврўпо расмийси.

Бундан ташқари Афғонистон ва Покистонни ҳам ўз ичига олган минтақавий муаммолар, шунингдек Оврўпо Иттифоқи томонидан молияланган сув лойиҳалари, энергия ва иқтисодий масалалар ҳам кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Лекин сафар мобайнида бирон соҳада муайян битимларнинг имзоланиши кўзда тутилмаган.

Майкл Карничникнинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи 2007 йилдан бери минтақадаги ҳар беш мамлакат билан яқинроқ алоқаларни назарда тутувчи Марказий Осиё стратегиясини амалга ошириб келмоқда ва Оврўпо Иттифоқининг ЎЗбекистон билан жорий алоқалари ана шу стратегиянинг таркибий қисмидир.

Унинг билдиришича, президент Боррозо жаноб Каримов билан учрашувда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масалаларини муҳокама қилишга қатъий қарор берган.

"Инсон ҳуқуқлари масаласи Ўзбекистон дохил ҳамма Марказий Осиё давлатлари билан расмий диалогимизнинг ажралмас таркибий қисмидир. Бу диалог доирасида болалар меҳнати, қамоқхонлардаги шароитлар, алоҳида инсон ҳуқуқлари фаолларининг ишлари ва матбуот озодлиги каби бир қатор бошқа масалалр албатта кўтарилади", - деди Оврўпо Иттифоқи расмийси.

Брюсселда Ислом Каримов шунингдек, НАТО вакиллари ва Белгия расмийлари билан ҳам музокаралар олиб боради.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мухолифат вакиллари Ўзбекистон Президентининг Оврўпо Иттифоқига сафарини танқид остига олиб, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва эркин журналистлар қамоққа ташланган, болалар меҳнатидан кенг фойдаланиладиган, матбуот эркинлиги мавжуд бўлмаган мамлакатнинг авторитар раҳбари билан Оврўпо расмийлари учаршувини номақбул, дея таърифламоқдалар.

Узоқ йиллрадан бери муҳожиратда истиқомат қилувчи мухолифатдаги "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Андижон хунрезлигидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан киритилган жазо чораларининг биронта шарти бажарилмаса ҳам бекор қилиниши ва жорий учрашувнинг амалга ошишини Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг икки юзламачилигидан далолат беришини айтди.