Тожикистонда боласини мактабга юбормаган ота жазоланди

Шимолий Тожикистонда фарзандларини умумтаълим мактабига қўймаган ота маҳкамага тортилган. Маҳкама унга нисбан 3500 сомонийлик жарима жазосини эълон қилган. АҚШ долларига чаққанда бу деярли 800 долларга тенг.

Маҳкамага тортилган киши ўзига қўйилган айбни рад этган.

Айни бир пайтда Тожикистонда 5,5 минг нафар мактаб ёшидаги бола ўқишдан четда қолаётир. Бу борада Тожикистон Маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов Жаҳон банкининг таълим соҳасидаги нозирлари ўтказган тадқиқот натижаларига суяниб айтган.

Тожикистонда мавжуд "Таълим ҳақидаги" қонунга кўра, барча болалар ва ўсмирлар таълим олишлари шарт. Бу қонунни бузганлар эса, жазога тортилишлари белгиланган.

Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, кўп болаларнинг мактабга бора олмаслигига уларнинг оилавий аҳволи сабаб бўлаётир.

"Арава тортишга имконият бериш керак"

Кўринишидан ўн тўрт-ўн беш ёшли бола йўловчиларни йўналишли таксига ўтиришга чорламоқда. Бу каби таксиларнинг ҳар ўнтадан етти-саккизтасида айнан мактаб ёшидаги болаларнинг пул терувчилик қилаётганларини кўриш мумкин. Бу болаларнинг вазифаси фақат пул териш эмас, балки эшик ёпиб-очиш, машина мотори қизиб кетганда сув қуйиш, ҳайдовчи буюрган майда юмушларни бажариш.

"Биз икки ака-укамиз, мен саккизинчида, укам олтинчи ўқийди. Иккаламиз ҳам маршруткада ишлаймиз. Кунига йигирма сомонийдан пул топамиз," дейди Ғафуров туманида яшайдиган бола. Лекин бу пул қўлга тушиши учун эрта тонгдан кеч тушгунча ишлаш зарур.

Йигирма сомонийга камида ўнта нон олиш мумкин. Боланинг айтишича, унинг пули кундалик егуликлар учун ишлатилади, укасининг пулини йиғиб, кийим-бош олишади.

- Агар вилоятда кунига минглаб йўналишли таксилар йўлга чиқилиши айтиладиган бўлса, қанча боланинг мактабга ё бутунлай бормаслиги ё орада икки-уч кун номига қатнашини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас, чунки пул терувчиларнинг камида учтадан иккитаси ёш бола, дейди кузатувчи Ислом Расулов.

Ойнисо Назарова Ашт туманидаги мактабларда ўттиз йилдан ортиқ ишлаган:

"Баъзи бир ўқувчилар иқтисодий етишмовчиликлар туфайли шанба-якшанба кунлари арава тортиб пул ишлашга мажбур бўлишмоқда. Якшанба - ҳордиқ, шанба куни, менинг фикримча, сал бўлса-да ўша ўқувчиларга мактаб томонидан имконият бериш керак. Душанба куни келганда шанба кунги дарсларни ўзлаштириб ол, деб айтилса, боланинг тирикчилиги ҳам бўлади, мактаби ҳам бўлади. Бўйнидан боғланган ит овга ярамайди. Агар боланинг ўзида бўлса, тирикчилик учун бозорга чиққан бўлса ҳам дарсни ўзлаштириб кетади, деб ўйлайман," дейди у.

Зафарободлик ўқитувчи Назарқул Остоновнинг фикрича, ўқувчиларнинг мактабга қатнамаслиги сабаби битта эмас ва Тожикистонда ота-оналарнинг бола тарбиясидаги масъулиятини оширишга хизмат қиладиган конун ишлаб чиқилаётгани яхши иш бўляпти.

Бу муаллимнинг фикрича, болаларнинг мактабга бормаслигининг асосий сабаби ота-оналарнинг болалар тарбиясига эътиборсиз қарашганидир.

Шунингдек, у жамият, мактаб, ота-оналарнинг биргаликда иш олиб бормасликлари, жумҳуриятда кам таъминланган оилаларнинг кўплиги, болаларни кийим-бош, жумладан, мактаб кийими билан таъминлай олмаслик каби сабабларни ҳам таъкидлаб ўтди.

Зафарободлик бу ўқитувчининг фикрича, айнан етишмовчиликлар боис болалар дарслик ё кийим-кечакка пул ишлаш мақсадида, айниқса, баҳор ва куз фаслларида далага чиқиб ишлашади.

Жаримага тортилган ота

"Мен мактабларда лаёқатсиз муаллимларнинг кўпаяётганлиги ҳам ўқувчиларни таълим даргоҳидан бездиряпти, деб ўйлайман. Кўп болаларни койисанг, кўтармайди. Минг тарбияси оғирроқ бола бўлса ҳам, ўшанинг психологиясини билиб, кўнглига йўл топиш ўқитувчининг бурчи деб ўйлайман," дейди Ойнисо Назарова.

Суғд вилоятидаги Мастчоҳ тумани маҳкамаси Нормаҳмад Ғафуров исмли кишини фарзандларини мактабга юбормаганлиги учун жазога тортди. Маҳкамага ҳукмига кўра, унга 3.500 сомоний, бу деярли 800 АҚШ долларига тенг жарима солинди.

Ўн боланинг отаси Нормаҳмад Ғафуров ўзига қўйилган айбларни рад этди. Маҳкамада айтилишича, ўзи олий маълумотга эга бўлган бу ота еттинчи синфда ўқийдиган ўғли ва олтинчи синфда ўқийдиган қизини мактабга боришга қўймаган. Ўн тўрт яшар бола хўжалик ишларини бажарган.

Зафарободдаги деҳқон хўжаликларидан бирининг бошлиғи Бегали Ашурматовнинг айтишича, агар мактаб ёшида бўлса на ўз фарзандларини, на бошқа болаларни далада ишлатмайди:

"Биз далада фақат вояга етган фарзандларимизни ишлатамиз. Бегона одам оз иш-лаб, кўп ҳақ олиш учун интилади. Айрим деҳқон хўжаликлари раҳбарлари арзон ишчи кучи санаб, болалар меҳнатидан фойдаланишлари сир эмас," дейди Бегали Ашурматов.

Лекин у айрим деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ё ўз фарзандларини, ё бошқа болаларни далада ишлатишаётганидан рози эмас.

"Масалан, болаларни шолида, сув кечиб, лойга ботиб ишлатиш уларнинг соғлиғига таъсир этмайди, дея ҳеч ким кафолат бера олмайди," дейди Бегали Ашурматов.

Аниқ сонни ким билади?

Тожикистонда ҳозир 3 минг 800 тадан ортиқ умумтаълим ва бошланғич мактаб мавжуд. Бу мактабларда ўқиётган 1 миллион 700 минг нафарга яқин ўқувчига 96 минг нафар муаллим дарс беради.

Шимолий Тожикистонда болалар учун ўзбек тилида нашр этиладиган «Б энд Б» газетаси бош муҳаррири Аҳлирасул Муҳаммад:

"Мактаб ёшидаги болаларнинг дарсларда иштирок этмасликлари фақат оила учун эмас, балки жамият учун ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Мактабга бормаётган болаларнинг оилавий ҳаётини ўрганиб чиқадиган бўлсак, кўпчилиги тирикчилик боис дарсларни қолдиради. Ота-оналар оилани тебратиш учун фарзандлари меҳнатига эҳтиёжманд," дейди у.

Аҳлирасул Муҳаммад мактабга бормаётган болаларнинг бир қисми мақсади пок бўлмаган айрим инсонлар таъсир доирасига тушиб қолишлари хавотирланарли, дейди.

Келажак ҳақида чинакам қайғурилганда ҳеч бир бола таълимдан четда қолмаслиги шарт, дея ҳисоблайди журналист.

Тожикистон Маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов Жаҳон банкининг таълим соҳасидаги мутахассислари ўтказган тадқиқотга таянган ҳолда мамлакатда 5 ярим минг боланинг мактабга бормаётганлигини айтган. У бунда мазкур масалага етарлича эътибор бермаётган маҳаллий ижроия ҳокимиятларини айблаган.

Лекин кузатувчиларга кўра, аслида мактабга бормаётган болалар келтирилган рақамдан камида икки баравар кўп бўлиши мумкин.

Чунки кўпинча муаллимлар давомат яхшилигини кўрсатиш учун дарсга келмайдиган ўқувчиларни ҳам дарсда қатнашган тарзда кўрсатишаверади.