Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таниқли имом Рашод қори Камолов ҳамон ҳибсда қолмоқда

Image caption Рашод қори Камолов товламачиликда айбланмоқда

Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳри таниқли имоми Рашод қори Камолов ҳамон қамоқда қолмоқда. У ўтган ҳафта бошида Бишкек шаҳар аэропортида ҳибсга олинган 35 ёшли имомни озод этиш талаби билан ҳозирга қадар Қорасув шаҳрида бир неча бор стихияли намойишлар бўлиб ўтган.

Қирғизистон жанубидан инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатулла Раҳматуллаев Би-би-си билан суҳбатда Қорасув аҳолиси ва имомнинг яқинлари унинг тақдиридан безовта эканларини айтади. Аммо, унга кўра, расмий доиралар Рашод қори Камоловнинг аҳволи борасида бирон бир маълумот беришмаяпти.

Рашод қори Камолов товламачиликда айбланмоқда. Унинг гўё Ўзбекистон фуқаросини ҳаж зиёратига олиб боришга ваъда бериб, пул олгани айтилади.

Иззатулла Раҳматуллаевга кўра, Қорасувда ўтган намойишларга жавобан расмийлар Рашод қори Камоловни тез орада озод қилишга ваъда беришган, аммо улар ҳалича бу сўзларининг устидан чиқишгани йўқ.

Ҳозиргача имомнинг яқинлари у билан кўриша олганми ёки йўқлиги ҳамда унинг адвокат балан таъминлангани ё-да, таъминланмагани хусусида маълумот йўқ.

34-ёшли Рашод қори Камолов Қорасув шаҳар масжидининг собиқ имоми Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг тўнғич ўғлидир.

Муҳаммадрафиқ Камолов 2006 йил августида Қирғизистонда хавфсизлик кучлари амалиёти чоғида ўлдирилган эди.

Ўшанда Қирғизистон куч тизимлари мулозимларидан бири Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммадрафиқ Камоловни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан алоқадор дея даъво қилганди.

Рашод қори Камолов отасининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқаси йўқлигини бир неча бор айтган.

Рашод қорининг яқинларидан Муҳаммад қори Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган, бошқа бир яқин қариндоши Абдували қори 15 йил муқаддам Москвага йўл олган пайти Тошкент аэропортида бедарак йўқолганди.

Рашод қори Камолов ўтган йили ёзида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар пайтида Қорасув шаҳрида тартибни сақлаш ва у ерда қон тўкилишларнинг олдини олишда катта ҳисса қўшгани айтилади.