Тожикистон шимолида ЎИҲ аъзоларини қўлга олишлар кучайди

Одил Усмон
Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистоннинг қабилалар яшовчи ҳудудларида фаол экани ишонилади

Хўжанд шаҳрида сентябр ойида содир этилган худкушлик ҳужумидан сўнг Тожикистон шимолида Туркистон ё Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда гумон этилиб қўлга олинганлар сони 50 нафарга етган.

Бу борада Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Шариф Назаров маълум этган.

Шунингдек, ўтган йили Шимолий Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир"га мансубликда кўрилган 17 эркак ва аёл ҳибсга олинган. Улар орасида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Хўжанддаги портлашдан сўнг қамоққа олишлар кучайиб кетар экан, оддий одамлар орасида гуноҳсиз кишилар ҳам жазога тортилиши эҳтимоли мавжудлигидан хавотирлик кучайган.

"Тузоққа илинган ёшлар"

Шимолий Тожикистонда Хўжанддаги портлашдан сўнг қўлга олинган 50 киши ҳуқуқ-тартибот мулозимлари томонидан Туркистон ё Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда кўрилмоқда.

Қўлга олинганларнинг аксарият кўпчилиги - деярли 40 нафари Истаравшан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан эканлиги айтилар экан, бунга худкуш ҳужумчининг аслида айнан шу Истаравшан туманидан эканлиги боис у ерда қидирув ишлар кучайгани таъкидланади.

Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Шариф Назаровнинг айтишича, айнан Истаравшанда қўлга олинган кишиларнинг бир қатор жиноятларни содир этишда қўли борлиги аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимлари томонидан Истаравшан шаҳрида амалиёт ўтказилгач, у ерда мир саналган Дилшод Раҳимов қўлга олинади. Шундан кейин бошқалар ҳам ҳибсга олина бошланади.

Тергов давомида аниқланишича, бу кишиларнинг яна бошқа портлашларни амалга ошириш ниятлари борлиги маълум бўлган ва қўпорувчилик ҳаракатлари олди олинган.

"Бу ҳаракат бир-икки ой давомида пайдо бўлмаган. Айрим шаҳар ва туманларда у бир неча йил олдин юзага келган. Уларнинг айримлари хорижий мамлакатларга бориб таълим олиб қайтишган. Сўнгра ёшларни йўлдан уриб, ёллай бошлашган. Биз таҳлил қилиб чиқдик - қўлга олинганларнинг 22 нафари 18 ёшдан 25 ёшгача, 10 нафари 25 ёшдан 30 ёшгача.. Демак, аксарият кўпчилик етарли ҳаётий тажрибага, тузукроқ диний билимга ҳам эга бўлмаган ёшлар. Бундан фойдаланган тақиқланган ноқонуний ҳаракатлар уларни ўз тузоқларига илинтиришган," деган генерал Шариф Назаров.

Туркистон ё Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллари дея кўрилган кишиларни қидириш жараёнида Исфарада икки отишма юз берган. Бу отишмалар натижасида уч нафар қуролли, жумладан бир аёл ҳалок бўлган.

Хўжандда ноқонуний юрган самарқандликлар

Айни бир пайтда Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут таҳрир" фирқаси мансубларини қўлга олишлар ҳам кўпайган.

Расмийларнинг билдиришларича, ўтган йили 17 нафар эркак ва аёл мазкур фирқа ғояларини тарқатишда айбланиб ҳибсга олинган. Улар орасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси - Самарқанд шаҳридан бўлган, иккови ҳам 39 ёшли Абдусаттор Азизов ва Саид Азизов ҳам бор.

Икковлон Хўжанд шаҳрининг турли маҳаллаларида қўлга олинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Суғд вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, Абдусаттор Азизов Тожикистонга бундан беш йил олдин ўтиб келган ва ноқонуний яшаган.

У Хўжанд шаҳри яқинидаги қишлоқларда "Ҳизбут таҳрир" варақаларини тарқатишда айбланмоқда.

Самарқандлик иккинчи киши - Саид Азизовнинг илгари Ўзбекистонда бу мамлакат Жиноий Кодексининг бир неча моддалари билан судланганлиги ва ҳозирда халқаро қидирувда эканлиги айтилган.

Шимолий Тожикистонда ҳозирда 12 киши "Ҳизбут таҳрир"га мансубликда кўрилиб қидирилмоқда.

Хавотирлик боиси не?

Хўжанддаги худкуш ҳужумчи содир этган портлашдан сўнг 3 нафар милиция мулозими ҳалок бўлиши ва яна 27 нафар милиция мулозими яралангандан сўнг ноқонуний ҳаракатларга мансубларни аниқлаб, қўлга олишлар кучайиб кетар экан, бу одамлар орасида хавотирликка ҳам сабаб бўлаётир.

Хавотирликка эса, гуноҳсиз одамларнинг ноқонуний ҳаракатларга мансубликда айбланиб ҳибсга олишлар эҳтимоли йўқ эмаслиги боис бўлмоқда.

Тожикистоннинг бошқа минтақаларига қараганда Суғд вилоятида Туркистон ё Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллиги боиси борасида гап кетар экан, расмийлар бу мазкур вилоятнинг катта қисми Фарғона водийсида эканлиги билан изоҳлашади.

Вилоятнинг жуғрофий жойлашуви айтилгач эса, Туркистон ё Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг айнан Фарғона водийсида Исломий тузум - халифалик ўрнатиш нияти борлиги урғуланади.

Аҳоли ўта зич яшайдиган Фарғона водийсида Суғд вилоятидан ташқари яна олти вилоят - Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона, Наманган, Қирғистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари жойлашган.