"Ўш воқеаларини ўрганган миллий комиссия имкониятни бой берди" - эксперт

Image caption Доктор Ривз Қирғизистонда бир неча бор ижтимоий тадқиқотлар олиб борган бўлиб, қирғиз ва рус тилларида ҳам сўзлашади

Қирғизистонда ўтган йил июнь ойида юз берган воқеаларни тергов қилиш бўйича тузилган Миллий Комиссия ўз хулосаларини 20 январда чоп қилган. Унда айтилишича, Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар аслида аввалдан уюштирилган кенг кўламли провокация бўлган, мақсад эса Қирғизистонни бўлиб, халқ бирлигини йўқ қилиш эди.

Комиссияга кўра, мазкур провокация ортида "ўзбек жамоасининг миллатчи руҳдаги лидерлари" туришган ва улар апрель ойида юз берган ҳукумат ўзгаришидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолмоқчи бўлганлар.

Асосий бузғунчилар, хулосада айтилишича, ўзбек тадбиркор ва сиёсатчи Қодиржон Ботиров, ҳамда наркобаронлар, террорчилар ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳамкорлик қилган собиқ президент Қурманбек Бакиев уруғларидир.

Манчестер Университетининг Иқтисодий ва Ижтимоий Тадқиқотлар Кенгаши ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Мадлен Ривз яқинда Қирғизистон Миллий Комиссияси хулосаларини таҳлил қилди ва бу борада "Бой берилган имконият" номли мақоласини чоп қилди.

Унинг Би-би-сига айтишича, Миллий Комиссия ҳисоботи кимгадир жиддий ва аниқ айбловларни қўйишга қўяди, аммо бу иддаолар асоссиздек намоён бўлган, уларнинг манбалари ҳам ноаниқ.

"Жуда ҳам кам далил-исбот келтирилган. Ҳар қандай жиддий таҳлилий ҳисоботда иловалар бўлади, ҳисоботни ўқиган одам мустақил ҳолда манбани текшириб кўриши учун. Лекин бу ҳисоботда ҳеч қандай иловалар йўқ," - дейди Доктор Ривз.

"Мумкинки комиссия қилган хулосалар мутлақо тўғри, лекин менинг айтаётганим шуки бу хулосаларни дастаклайдиган исбот йўқ".

Унга кўра, ҳисобот воқеаларнинг сабаби ва оқибатини аралаштириб юборган, иккита алоҳида воқеани бир-бирини келтириб чиқаргандек намойиш қилишга уринади.

Доктор Ривзнинг айтишича, комиссия аъзоларини уларнинг этник келиб чиқишларига қараб баҳолаш нотўғри бўлур эди. Аммо бу каби комиссия этник можароларни тадқиқ қилган олимлар, Қирғизистон жанубидаги маданий ва ижтимоий аҳволдан яхши хабардор бўлган шахслардан тузилиши керак эди.

"Нима учун мен ўз таҳлилимни "Бой берилган имконият" деб номладим? Чунки бу комиссия жуда катта маъсулиятга эга, у қирғиз парламентига ҳисобот беради. Бу комиссия мамлакат ичида муайян муаммо қай йўсинда муҳокама қилинишини шакллантириш кучига эга. Аммо бу комиссия ҳисоботи суст олиб борилгани, мантиқи ва иддаолари ожиз бўлгани ҳисобга олинса, Ўшда ижтимоий бўлинишларнинг келажакда яна содир бўлишини бартараф этиши мумкин бўлган имконият қўлдан бой берилди," - дейди Ривз хоним.

Унга кўра, Миллий Комиссия мамлакат жанубида яраштирувчи восита сифатида амал қилиши мумкин эди ва бунинг учун унда етарли салоҳият ва ваколатлар бор эди.