Назарбоев халқ ишораси туфайли лавозимда қолишини исташини айтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Назарбоев ўз муддатининг чўзилиши борасидаги референдум ўтмай туриб, лавозимда қолиш истагини изҳор қилмоқда

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев унга ўз халқи ва саломатлиги қанча имкон берса шунча вақт давлат раҳбари лавозимида қолишини ваъда қилди.

"Агар соғлигим ва қувватим шунга йўл қўйса, агар халқ қўллаб-қувватласа, қанча имкон беришса шунча ишлайман. Биз ҳаммамиз бор кучимиз билан халққа хизмати қилишимиз керак," - деди жаноб Назарбоев.

У мазкур баёнотини парламент палаталарининг қўшма мажлисида ўзининг йиллик халққа мурожаати доирасида қилди.

Жорий йилнинг 14 январида Қозоғистон парламенти Президент Назарбоевнинг ваколатларини 2020 йилгача чўздиришга ижозат берувчи конституциявий ўзгартиришларни қабул қилди.

Бунинг учун референдум бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Бироқ жаноб Назарбоев бу ўзгартиришларни имзоламай, Конституцион маҳкамага йўллаганди.

24 январда Конституцион маҳкама мазкур масалани кўриб чиқишни бошлаган, бироқ унинг қонуний ё ноқонуний экани борасида қачон қарор чиқаришини маълум қилмади.

21 йилдан бери давлат тепасида бўлган Назарбоевнинг ҳозирги муддати келгуси йил якунига етади. У келгуси йил президентлик сайловларида яна номзодини қўйиш истаги борлигини билдирган.

Бироқ, унинг муддатини чўздириш бўйича референдум ташаббускорлари 5 миллион 16 минг имзо йиғиб, Назарбоев лавозимда қолишини халқ ҳал қилсин дейишмоқда.

Бу имзоларнинг 194 мингтаси сохта экани аниқланган бўлсада, жаноб Назарбоев халқ уни ҳукмрон курсисида қолишини истаётганини тушунганини билдирди.

"Мен халқнинг ишорасини тушундим - лавозимни ташлаб кетма, ишингни давом эттир дейишмоқда. Мен бу лавозимда оз йил хизмат қилмадим, лекин халқ ҳар қачон менинг тарафимда бўлган, " - деди у.

Китоб

Айни дамда Остонада британиялик собиқ сиёсатчи Жонатан Айткеннинг "Нурсултон Назарбоев ва Қозоғистоннинг яратилиши" номли китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтган.

Китобда Назарбоевнинг темирчиликдан президент лавозимигача босиб ўтган йўли тасвирланади.

Тақдимот пресс-релизида айтилишича, "Буюк Британиянинг таниқли сиёсий ва ижтимоий арбобининг инглиз тилидаги китоби инглиззабон давлатларда дарҳол машҳур бўлиб кетди."

Китоб муаллифи Жонатан Айткен Британия парламентининг собиқ аъзоси. У ёлғон гапиргани учун 1999 йилда қамалган ва сиёсатдан четлатилган.