Турк ва қирғиз бош вазирлари Бишкекда учрашишди

Image caption Турк бош вазири Қирғизистонни сармоядорлар учун ишончли муҳитни яратишга чақирди

Туркия Бош Вазири Ражаб Тойиб Эрдўған билан Бишкекда учрашган Қирғизистон Бош Вазири Алмазбек Атамбаев музокаралар ўта самарали ўтганини айтган.

Жаноб Атамбаевга кўра, Туркия Қирғизистонга 25 миллион доллар ёрдам пулини беришни ваъда қилган.

"Бу пулнинг 10 миллиони бугун етиб келди," - деди у.

Ёрдам пулининг қолган 15 миллион доллари Туркия Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги TICA орқали Қирғизистон жанубини қайта тиклаш йўлида ишлатилади.

Жаноб Атамбаев, шунингдек, Туркия бу миқдор билан чекланиб қолмаслиги ва яқин келажакда яна кўпроқ ёрдам пули юборилишини билдирган.

"Қирғиз бюджетидаги ҳозирги дефицит шароитини ҳисобга олганда, бу ёрдам ўз вақтида берилаяпти," - деди у.

Қирғиз бош вазири Эрдўған жаноблари Туркияда таълим оладиган қирғиз талабалари учун квотани кўтаришни ваъда қилганини ҳам айтди.

Икки тараф 2011 йил охиригача Қирғизистон ва Туркия ўртасида визасиз қатнов ўрнатилишини билдирди.

Бош вазирлар юқори даражали давлатлараро кенгашни барпо қилишга келишганлар.

Кенгашнинг илк мажлиси жорий йилнинг март ойида Туркияда бўлиб ўтади. У Қирғизистондаги ислоҳотлар, ҳамда Қирғизистон иқтисодига сармоялар жалб қилиш масалаларига бағишланади.

Ўз навбатида Ражаб Тойиб Эрдўған Қирғизистонга жалб этиладиган сармоялар 450 миллион долларни ташкил этишини айтган.

Айни дамда жаноб Эрдўған ўтган йил апрелида содир бўлган давлат тўнтариши чоғида турк тадбиркорлари талончилардан 7 миллион доллар зарар кўрганини билдирди.

Турк бош вазирига кўра, Қирғизистон ҳукумати нафақат турк тадбиркорлари балки Ғарбдан ҳам келиши учун ишончли муҳитни яратиши керак.

"Мафия ва порахўрлик - буларнинг ҳаммаси қачонлардир Туркияда ҳам бўлган. Лекин биз бундан ҳолларни камайтиришга ҳаракат қилганмиз. Мен биламан, булар Қирғизистонда ҳали ҳам бор. Сизнинг ҳукуматингиз коррупцияга қарши курашни кучайтириши керак," - деди у.

Бош вазир Атамбаев билан учрашуви ортидан жаноб Эрдўған Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева билан учрашган.

Ўтинбоева хоним жаноб Эрдўғанни миллатлараро дўстликни мустаҳкамлагани учун Данакер ордени билан тақдимлади.