"Марказий Осиё инфратизилмаси емирилиб бормоқда"

Халқаро Инқироз Гуруҳи рамзи
Image caption Гуруҳга кўра, Марказий Осиё ҳукуматлари таълим, соғликни сақлаш, нақлиёт ва энергия тизимларини сақлаб қола олишмади

Марказий Осиёга боғлиқ хабарларда одатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши, сиёсий ислоҳотлар ва шаффофликнинг йўқлиги ҳақида сўз боради.

Ҳукуматларнинг иқтисодиётни тўғри юритмаётгани ва ислоҳотларни секин ўтказаётганига оид хабарлар ҳам ўқтин-ўқтин чиқиб туради.

Аммо Марказий Осиёнинг бешта мамлакатини алоҳида-алоҳида қамраб олган тўлақон ҳисобот ва таҳлиллар ҳар доим ҳам чиқавермайди.

Халқаро Инқироз Гуруҳи худди ана шундай ҳисоботни тайёрлади.

"Марказий Осиё: парчаланган ва заволли" номли ҳисоботида гуруҳ минтақадаги таълим, соғликни сақлаш, транспорт ва энергия тизимлари систематик тарзда емирилаётганини огоҳлантиради.

Гуруҳ айниқса Тожикистон ва Қирғизистон инфратизилмалари абгор ҳолга келганини маълум қилган.

Халқаро Инқироз Гуруҳи Марказий Осиёдаги муҳим иншоотлар жиддий парчаланганини анчадан буён айтиб келаётганди.

Аммо бу гал гуруҳ ҳисоботидаги оҳанг анча хавотирлидир.

"Ислоҳот муддати тугаб бораяпти. Таъминот соҳасининг янада емирилиши у сиз ҳам абгор минтақада ижтимоий зиддиятни янада кучайтиради. Бу ҳолат келажакда можароларга етаклаши мумкин," дейди гуруҳнинг Марказий Осиё бўйича лойиҳаси раҳбари Пол Куин-Жадж.

Инқироз Гуруҳининг айтишича, 5-10 йил ичида мактабларда ўқитувчилар, шифохоналарда беморларни даволайдиган докторлар қолмайди ва электр энергиясида узилишлар одатий ҳолга айланади.

Емирилиш сабаблари

Халқаро Инқироз Гуруҳи фикрига кўра, Марказий Осиё давлатларида ҳукуматлар таълим, соғликни сақлаш, нақлиёт ва энергия тизимларини сақлаб қола олишмади.

Совет йилларида иқтисодиётлари бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган қўшни мамлакатлар ўзаро ҳамкорликда ишлай олишнинг ва янги тизимни яратишнинг уддасидан чиқа олишмади, деб хулоса қилади Халқаро Инқироз Гуруҳи.

Инфратизилманинг емирилишига идорий элиталарнинг халқ маблағларидан бойиш воситаси сифатида фойдаланаётгани сабаб бўлди, дейди Халқаро Инқироз Гуруҳи.

Унга кўра, фақат Қозоғистонда давлат тизимлари бир маънода сақланиб қолаётир, лекин бу мамлакат ҳам инфратизилмадаги тақчилликларни бартараф этиб улгурмаган.

Икки қўшни мамлакат - Қирғизистон ва Тожикистонда парчаланиш хавфи энг катта, чунки бу мамлакатлардаги асосий муассисалар ва хизматлар деярли емирилиб бўлган.

Ҳисобот Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам айни йўлдан бораётганига ишора этади.

Мазкур мамлакатлар аҳволи аниқ эмас, чунки бу борада аниқ маълумот ё йўқ ёда сир тутилади.

Туркманистон ва Ўзбекистон давлат органлари чиқараётган ҳисоботлар ҳақиқатдан йироқ, дейди Халқаро Инқироз Гуруҳи.

Гуруҳнинг огоҳлантиришича, Марказий Осиёнинг бир мамлакатида юз берган ҳодиса шу пайтнинг ўзидаёқ қўшни давлатларга ўз таъсирини кўрсатади.

2010 йилда Тожикистонда фалаж касалининг тарқалиши қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистонни кенг миқёсли эмлаш ишларини бошлашга ундади.

Халқаро Инқироз Гуруҳи ҳисоботига кўра, атроф минтақалардаги вазият Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳисобот Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиёда исёнчиликнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

"Теппадан ислоҳотлар ўтказилмас экан, пастдан тартибсиз ўзгаришларнинг юз бериш хавфи сақланиб қолади," дейди Халқаро Инқироз Гуруҳининг Осиё лойиҳаси директори Роберт Темплер.