Азимбек Бекназаров учинчи инқилоб эҳтимолидан огоҳлантирди

Жаноб Бекназаровга кўра, янги хукуматдаги коалицияни тузган учта партия давлатни ўзаро бўлиб олишган ва конституцияни бузишган
Image caption Жаноб Бекназаровга кўра, янги хукуматдаги коалицияни тузган учта партия давлатни ўзаро бўлиб олишган ва конституцияни бузишган

Қирғизистонда президент маслаҳатчиси, муваққат ҳукумат собиқ аъзоси Азимбек Бекназаров мамлакатда оммавий тартибсизликларнинг учинчи тўлқини эҳтимолидан огоҳлантирган.

Жаноб Бекназаровга кўра, коалицион ҳукумат таркибидаги партиялар Қирғизистон "Конституциясига зид равишда" давлатни ўзаро тақсимлаш билан машғуллар.

"Сайловда ғалаба қозонган ҳукуматлар коалицион ҳукумат тузади. Унинг тизимларини аниқлайди. Ундан бошқа ишларга бурнини суқишга ҳеч ким ваколат бермаган ва парламент коалицияси ҳам бермайди", дейди Азимбек Бекназаров.

Сиёсатчининг таъкидлашича, коалицион ҳукумат таркибидаги партиялар "худди гўшт тақсимлагандек", вилоятлар ва туманлардан тортиб, рўзномалар ҳамда корхоналаргача ўзаро тақсимлашмоқда.

Бекназаров жанобларига кўра, у аввал ҳам парламент депутатлари, президент ва бош вазирдан ушбу жараённи тўхтатишни сўраган.

Азимбек Бекназаров ушбу ҳатти-ҳаракатлар аҳолининг норозилиги кундан кунга ошиб бораётганига сабаб бўлаётганини таъкидлайди.

"Мен яна бир бор олий мартабали шахсларни хавфдан огоҳлантиришни истайман. Агар улар мазкур жараённи тўхтатишмаса, бу учинчи инқилобга сабаб бўлиши мумкин", дейди Азимбек Бекназаров.

"Халқнинг норозилиги учун қандайдир партия ёки мухолифатни айблаш керак эмас, улар ўзлари ўзларини боши берк кўчага олиб киришмоқда", деб айтган ҳукумат собиқ мулозими.

У ҳуқуқ - тартибот органлари ва жиноий гуруҳлар ўртасида алоқа борлигига оид саволга жавоб қайтараркан, бу муаммо эски экани, Бакиев давридаёқ пайдо бўлгани, аммо ҳамон долзарб эканини айтган.

Коалицион ҳукумат таркибига Қирғизистон парламентида кўп ўринларни қўлга киритган Социал-демократлар партияси, "Ата Журт" ва "Республикалари партиялари кирган.

Президент Қурманбек Бакиев қудратдан кетказилганидан кейин Қирғизистонда парламент республикаси бошқарувига ўтилиши эълон қилинганди.