Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рашод қори Камолов: "Баъзи бир нарсаларни сир тутиб турмоқчиман..."

Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳар жомеъ масжидининг имом-хатиби Рашод қори Камолов 16 кун ҳибсда ушланганидан сўнг, бугун озод этилган.

Аввалига Бишкекдаги Свердлов тумани тергов изолятори, кейин эса қамоқхонада сақланган Рашод қори Камолов икки Ўзбекистон фуқароси аризаси асосида ҳибсга олинганди.

Унга фирибгарлик айблови қўйилгани хабар қилинди.

34-ёшли Рашод қори Камолов Қорасув шаҳар масжидининг собиқ имоми Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг тўнғич ўғлидир.

Муҳаммадрафиқ Камолов 2006 йил августида Қирғизистонда хавфсизлик кучлари амалиёти чоғида ўлдирилган эди.

Ўшанда Қирғизистон куч тизимлари мулозимларидан бири Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммадрафиқ Камоловни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан алоқадор дея даъво қилганди.

Рашод қори Камолов отасининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқаси йўқлигини бир неча бор айтган.

Рашод қори яқинларидан Муҳаммад қори Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган, бошқа бир яқин қариндоши Абдували қори 15 йил муқаддам Москвага йўл олган пайти Тошкент аэропортида бедарак йўқолганди.

Рашод қори Камолов ўтган йили ёзида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар пайтида Қорасув шаҳрида тартибни сақлаш ва у ерда қон тўкилишларнинг олдини олишда катта ҳисса қўшгани айтилади.

Би-би-си Бишкекдан Қорасув шаҳрига етиб келган Рашод қори Камоловга боғланди.