Тожикистонда қимматчилик йўқсиллар сонини кўпайтирмоқда

писта ва бодомлар растаси

Тожикистонлик масъулларга кўра, озиқ-овқат нархлари ўтган бир йилнинг ичида 13.4 фоизга кӯтарилган.

Айни вақтда энг кам маош 18 долларга тенг Тожикистонда хонадонларнинг асосий иқтисодий манбаи муҳожирлик бўлиб қолмоқда. Муҳожирликда иши юришмаган ёки яқинлари муҳожирликда бўлмааган хонадонларда тўйиб овқатланмаслик ҳоллари кўпайгани кузатилади.

"Бир пулим бор, уя олайми, туя?"

Душанбе шаҳридаги Шоҳмансур бозорига кириб борар экансиз, пойтахтдаги бошқа бозорлар сингари бу ерда ҳам харидорлар сийрак эканига гувоҳ бўласиз.

Харидордан кўра сотувчилар кўпдек...

Сабзи-пиёз растасида харид қилаётган Зулайҳо Холова нархлар ўтган ойдагига нисбатан анча қимматлашганини урғулайди.

"Пиёз 80 дирам эди, хозир икки ярим сомони, сабзи 50 дирам эди, бир ярим сомони бўлибди, картошканинг нархи ҳам ошган, гўшт 22 сомони бўлган. Мен янги йил арафасида харид қилгандим, бу фарқ бир ой ичида содир бўлди. Ҳар куни гўшт ейолмаймиз. Гарчи ўзим тиббиёт ходими сифатида болаларим ҳар куни гушт ейиши кераклигини билсам ҳам, ора-орада 3-4 кун гўшт харид қилмай тураман", дейди Зулайҳо.

Тожкистонда ҳозир 1 доллар 4.5 сомонига тенг.

Зулайҳо Душанбедаги тиббиёт даргохларидан бирида ҳамшира бўлиб ишлайди.

У 200 сомони, яъни 45 доллардан атрофида маош олишини айтади.

"Оиламизда беш нафар кишимиз. Менинг маошим дейлик фақат бир қоп ун ва беш литрлик идишда пахта ёғи олишга етади. Турмуш ўртогим Москвада, муҳожиратда. Агар у киши муҳожирликка жўнамаганларида, билмадим, ҳолимиз нима кечарди", дейди Зулайҳо.

У беш кишилик оилада бир кунлик ўртамиёна даражада қозон қайнаши учун камида 10-15 доллар сарфланиши лозимлигини ҳисоблаб беради.

Маошларни ошириш борасида гапиришнинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблайди.

"Еганим фақат нон..."

Image caption 45 доллар атрофида маош оладиган Зулайҳо турмуш ўртоғи юборган пул эвазига кун кўришини айтади

Тожикистонда Зулайҳо оладиган иш ҳақи ўртача маош ҳисобланади.

45 доллар рисоладагидек ҳафталик еб ичишга етмаслигини ҳамма билса-да, бу маошга ҳавас қилганлар қанча?

Нон растаси олдида чақаларини қайта-қайта санаб олган аёл энг арзон ва енгил нондан иккитасини олади.

Нафақа ёшидаги бу аёлнинг кийим-боши ранги ўчиб кетган.

У 30 йилдан ортиқроқ вақт нон ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаганлигини айтади.

Аёл нафақаси 90 сомони.

"Коммунал хизматлари ҳақини тўлайсан ва қолгани нонга кетади. Гўштга умуман етмайди. Қолган маҳсулотларни нафақа олган кунларимда оз-оздан харид қиламан. Гўштни эса умуман емайман ҳисоб. Лекин егим келади... Фақат қурбон ҳайити кунларида кимлардир гўшт беришади. Сўнгги йилларда янги либос кийганимни эслолмайман," дейди бу аёл.

Нонвойлар эса нарх ўсишида уларнинг айби йўқлиги, ун қимматлашганини қайта-қайта таъкидлашади.

Бозорда сотувчилар сингари аравакашларнинг кўпчилиги ҳам бекор ўтирарди.

Улар орасида нафақа ёшидаги кишиларни ҳам учратиш мумкин.

Асли Абдураҳмон Жомий туманидан бўлган Ислом Сатторов 63 ёшда экан.

Image caption "Халқда пул йўқ, шунинг учун бозорда харидор кам," дейди 63 ёшли аравакаш

У харидорлар камлиги туфайли аравакашлар ишлари ҳам юришмаётганини айтади.

"Халқда пул йўқ, чунки иш жойлари йўқ, завод-фабрикалар ишламайди. Ундан олиб, бунга сотиш тирикчилик шу бўлиб қолган. Мана бу келбатли-келбатли йигитлар заводлар ишласа, шу ерда сарғайиб ўтирармиди. Шу йигит кечгача совуқда ўтириб 20 сомонлик савдо қилмайди," дея у йўл четида ўтириб анор сотаётган йигитга ишора қилади.

Ислом аканинг ўзи бир кунда 15 сомонигача пул топиши мумкинлигини айтади.

У атайлаб тумандан келиб, пойтахтда ишлаётгани бу ерда ўғли Миллий университетда ӯқиши ва ўғлини оёққа қўйиш мақсадида эканини айтади.

"Аравакашлик орқасидан топганимни икковиимиз амаллаймиз, қишлоқдаги уйимизда яна 3 киши бор, қизим ўқитувчи, унинг маошини тежаб ишлатишади,” дейди суҳбатдош.

Рақамлар устидан мулоҳазалар

Image caption Бозорда аравакаш кечгача 10-15 сомони топса топади, йўқса...

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири сўнгги матбуот анжуманида "ёқилғи нархлари 40-46 % ортиши озиқ-овқат нархларининг ҳам кўтарилишига олиб келди," деб айтганди.

Тожикистонга экспорт қилинувчи озиқ-овқат маҳсулотлари эса, четдан йирик нақлиёт воситалари ёрдамида келтирилади.

Тожикистон шундоқ ҳам Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналади.

Мамлакат аҳолисининг катта қисми хорижда меҳнат қилиб, кун кўради.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ёқилғи нархларини белгилашда Тожикистонга имтиёзлар берилиши ҳақида Россия ҳукумати билан музокаралар олиб борилаётганини айтди.

Журналист Ҳусния Қурбонова ўтган июлда мамлакатда маош ва нафақаларнинг оширилиши самараси кам бўлганини таъкидлайди.

"Тожикистонда ҳозирда энг кам иш ҳақи 80 сомони, яъни 18 долларни ташкил қилмоқда. Лекин энг зарур нарсалар учун киши бошига 700 сомони, яъни 157 доллар керак бўларкан. Эҳтиёж ва энг кам маош ўртасидаги катта номутаносиблик ўтган йилларда ҳам кузатилган. Одамлар мунтазам қашшоқликни бошидан кечираверса, аввало саломатликка таъсири бор, қолаверса, норози кайфият, радикаллашувга олиб келиши мумкин,” дейди Ҳусния Қурбонова. Жаҳон Банки раҳбари яқинда Би-би-сига берган суҳбатида масъул ширкатлар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кучайтирмас экан, инқироз хавфи сақланиб қолишини айтганди.