Тожикистон шимолида юз берган фалокатда икки киши қурбон бўлган

Image caption Фалокат Шаҳристон ва Анзоб довонлари ўртасидаги тоғ йўлида юз берган

Шимолий Тожикистоннинг Шаҳристон ва Анзоб довонлари ўртасидаги тоғ йўлида икки киши ҳалок бўлган ва бир киши бедарак йўқолган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси вазирлиги берган хабарга кўра, фалокат қалин қор ёғиши натижасида йўл музлагани боис юз берган.

Музлаган тоғ йўлида бораётган машина жарликка, дарёга қулаган.

Ҳозирда Тожикистон жануби ва шимолини баланд тоғли Душанбе-Хўжанд йўли боғлаб туради.

Тожикистонликлар олдинлари мамлакат шимолига сафар қилиш учун Ўзбекистон йўлларидан фойдаланишган.

Ҳозирда виза тартиби жорий этилгани, машиналар ўтиши учун пул олиниши ва йўллардаги таъмагирликка асосланган текшир-текширлар кўплиги боис тожикистонликлар хавфли бўлса-да, тоғ йўлидан юришни маъқул кўришади.

Фалокат баланд тоғли Шаҳристон ва Анзоб довонлари ўртасидаги йўлда, Айний туманига қарашли Сафедорак қишлоғи яқинида юз берган.

Тезоқар Фондарёга қулаган "Муссо" машинасида уйларидан, таътилдан қайтаётган, ҳаммаси Суғд вилоятилик Тожикистон Давлат тиббиёт дорулфунунининг беш нафар талабаси бўлган.

Кечки саккизлардан ўтган пайт қоронғи йўлда бораётган машина музда сирғаниб кетиб, 50 метр чуқурликдаги жарликка, Фондарёга қулаган.

Фалокатдан сўнг бир соат ўтар-ўтмас фавқулодда ҳолатлар хизмати ходимлари дарёдан чиқишга муваффақ бўлган уч талаба йигитни Айний тумани беморхонасига етказишган.

Жароҳатланган йигитларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар кейинроқ Душанбега юборилган.

Эртаси тонгда машина дарёдан чиқариб олинган. Унинг ичидан 21 ёшли Абдурасул Самадовнинг жасади топилган.

Машина ҳайдовчиси Душанбе яқинидаги Рудакий туманида яшаган 53 ёшли Саттор Алиевнинг ўлиги кечга яқин дарё қирғоғидан топилган.

21 ёшли толиба қиз Бишоира Холбоева эса, бедарак йўқолган ҳисобланмоқда ва уни қидириш давом этмоқда.

Айни пайтда Душанбе-Хўжанд йўлида қатнаётган машиналарга фақат кундузи ўтиш учун рухсат берилмоқда.

Ҳар бир машина текширилиб, фақат тоғ шароитида юришга мослашган машиналаргина ўтказилмоқда.

Йўлни қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларга кўра, баландтоғли Анзоб ва Шаҳристон довонлари ўтадиган Душанбе- Хўжанд йўли Тожикистондаги энг хавфли йўллардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу йўлда Анзоб туннели қуриб битказилган, Шаҳристон туннели қурилиши давом эттирилмоқда.

Олдинлари қор ва тоғ кўчкилари, йўл музлаши боис қиш фаслида Душанбе-Хўжанд йўли ёпиб қўйиларди.

Лекин илгари фойдаланиб келинган Ўзбекистон йўлларидан ўтиш қийинлашгач, икки баланд тоғли довон мавжуд бўлган тоғ йўлининг йил давомида ҳаракат учун очиқ бўлиш имкониятлари кўрилаётир.