Британиялик журналист Россиядан бадарға қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Люк Хардинг доғистонлик терррчиларнинг аёллари билан суҳбатлашган ва Путинннг бойлиги билан қизиққан

Британияда чиқадиган Guardian рўзномасининг Москвадаги мухбири Люк Хардинг Россиядан чиқариб юборилган.

Guardian га кўра, журналист май ойига қадар визаси бўлишига қарамай, Россия чегарасидан ўтишга қўйилмаган.

Журналистнинг айтишича, Москва аэропортида ҳужжатларни текшириш чоғида уни камерага олиб боришган ва қамаб қўйганлар.

Журналист 45 дақиқа давомида камерада ўтирганидан сўнг, уни Лондонга қайтаётган учоққа ўтқазишган ва паспортини қўлига тутқазганлар.

Унинг паспортидаги май ойида тугаши керак бўлган Россия визаси бекор қилинган.

Мулозимлар журналистга нима учун чиқариб юборилаётганини тушунтиришмаган, аммо Федерал Чегара Хизмати зобити унга "Россия энди сиз учун ёпиқ" деб айтган.

'Ўт билан ўйнашган журналист'

Люк Хардинг Россиядан икки ойга чиқиб кетган ва Wikileaks сайтида чоп этилган америкалик дипломатларнинг ёзишмаларини Лондондан туриб ёритган.

Жумладан, Путиннинг Россияси "мафия давлати" деб тасвирланган дипломатларнинг ёзишмалари Люк Хардинг муаллифлигида чоп этилган.

Guardian ҳодиса юзасидан Британия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

Форин-Офисдан Би-би-сига тасдиқлашларича, вазир Уилям Хейг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан боғланган ва журналистни чиқариб юбориш қарорига аниқлик киритишни сўраган.

"Биз жавоб кутаяпмиз", деб айтган Братиня Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Guardian га кўра, жаноб Лавров журналистнинг бадарға қилинишига аниқлик киритмаган ва бу билан шуғулланишга ваъда берган.

Рўзноманинг маълумотларига кўра, Люк Хардинг совет давридан буён Россиядан бадарға қилинган биринчи британ журналисти бўлган.

Ғарб матбуотига кўра, Хардинг Россиядаги хорижлик журналистлар орасида Кремл билан муносабатлари энг оғир бўлган журналист бўлган.

"Хардинг ўт билан ўйнаши билан ном чиқарганди. У доғистонлик терорчиларнинг аёллари билан суҳбатлашган, Путиннинг бойлиги қанчалиги билан қизиққан эди", - деб ёзади Foreign Policy нашри.