ArcelorMittal 2011 йилда Қозоғистонга ярим миллиард доллар сармоя киритмоқчи

Image caption ArcelorMittal келаси тўрт йил ичида Қозоғистонда пўлат ишлаб чиқаришни қарийб икки баробарга кўпайтиришга аҳд қилганини айтмоқда

Дунёдаги энг йирик пўлат қуйиш ширкати бўлмиш ArcelorMittal 2015 йилгача маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб икки баробар кўпайтириш ниятида Қозоғистонга шу йил 500 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритмоқчи.

Халқаро ширкатнинг Қозоғистондаги бўлими ArcelorMittal Temirtauнинг билдиришича, жорий йилда пўлат хом ашёсини ишлаб чиқаришни 4 миллион, тайёр маҳсулот ҳажмини эса, 3.5 миллион тоннага кўпайтирмоқчи.

ArcelorMittal Қозоғистоннинг Совет даврида энг йирик пўлат корхонаси жойлашган Темиртау шаҳрида фаолият олиб боради.

Мазкур корхона йилига 6 миллион тонна пўлат хом ашёси ишлаб чиқариш салоҳиятига эга экани айтилади.

Ширкат пўлат корхонасини замонавийлаштириб, 2015 йилда бор қувввати билан ишга туширишни режаламоқда.

Жаҳон Пўлат Уюшмасининг маълумотларига қаралса, пўлат хом ашёсини ишлаб чиқариш ўтган йили дунёда 15 фоизга ортиб, рекорд даражага етган.

Мазкур ҳолат ривожланаётган давлатларда пўлат ишлаб чиқариш саноатининг яхшилангани ва янги бозорларнинг пайдо бўлаётгани билан изоҳланади.

Рейтер ахборот агентлигининг ёзма мурожаатига жавоб бераркан, ArcelorMittal ширкат етарли даражада хом ашёга эга бўлмагунча, Темиртауда йилига 10 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш салоҳиятига эга янги корхона қуриш режаси тўхтатиб турилишини билдирган.

Ўз вақтида Темиртау пўлат корхонасида ишлаган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса, ўтган йили 2015 йилга бориб мамлакати ана шундай салоҳиятга эга бўлишига умид билдирганди.

ArcelorMittal Temirtau ширкати Қозоғистондаги Атасу темир конини кенгайтириш ишларини бошлаганини ҳам айтмоқда.

Ширкат Қозоғистон марказида жойлашган бир қанча кўмир ва темир конларига эгалик қилади.