Ўзбекистондан Тожикистон ва Қирғизистонга пул жўнатмалари чекланди

ўтказма

Ўзбекистондан Тожикистон ва Қирғизистонга пул жўнатмалари ҳануз чекланган.

Пул ўтказиш билан шуғулланувчи тизимлар турли сабабларни келтирмоқда.

Мижозлар учинчи давлат орқали пул юбориб, муаммони ҳал қилаётганини айтганлар.

Бир неча ойдан бери ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳамда Тожикистонга пул жўната олишмаяпти.

Тошкентдаги бир қанча банкнинг турли хизматларига мурожаат қилган Қобилжон бунинг сабабларини билолмаётганини айтади.

"Тожикистон билан Қирғиғистонга ёпиқ деди. Юборолмаймиз, иложимиз йўқ дейишди. Беш-олтита жойга кирдим. Western union, Moneygram, Россиянинг "Быстрая почта", "Анелик", Contact деган пул ўтказма системаларидан сўрадим. Ҳеч қайсиси ўтказиб беролмаймиз дейишди,” - дейди тошкентлик Қобил.

Би-би-си Тошкент шаҳридаги пул жўнатмалари билан шуғулланувчи бир неча хизматларга телефон қилиб, вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Турли банклардаги пул ўтказма ходимлари Қирғизистон ва Тожикистонга пул жўнатлмалари тўхтатилганини тасдиқлашди.

Аммо турли банк жўнатмалар нима учун тўхтатилгани борасида турлича сабаб кўрсатишди.

Тошкентдаги Western union ваколатхонасидан ходима Қирғизистон ва Тожикистонга фақатгина Миллий банк филиаллари орқали пул юбориш мумкинлигини айтди.

"Ўш воқеалари сабаб Қирғизистонга нисбатан чекловлар жорий қилинган, шунинг учун ҳам бошқа банклар жўнатишга рози бўлмаяпти. Миллий банк эса жўнатаяпти," дейди Western union вакили.

Western union вакили нима сабабдан Тожикистонга пул юборилмаётгани ҳақида тасаввурга эга эмаслигини айтди.

Миллий банкка қўнғироқ қилганимизда айни дамда техник сабалар туфайли Қирғизистон ва Тожикистонга пул жўнатилмаётганини билдирди.

"Ҳозир техник сабабларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистонга жўнатмаяпмиз. Бир икки ойча бўлиб қолди. Қачон ечилиши ҳам аниқ эмас," - дейди Миллий банк ходими. Contact пул ўтказмалари амалиётини бажарувчи "Трастбанк"нинг Тошкентдаги бош идораси лимит чекланганлиги учун ўтказмалар амалга оширилмаётганини айтди.

"Сабабини билмаймиз, ҳозирча лимит йўқ. Қирғизистондан лимитни ўчириб қўйишган," деб жавоб берди банк ходими.

Contact пўл жўнатмалари тизимининг Москвадаги бош офисидан ўзини Илья деб таништирган ходими аввалига Ўзбекистондан Қирғизистон ва Тожикистонга пул ўтказилмаётганлиги бўлмаган гаплигини айтди. Аммо 3-4 соат вазиятни ўргангач, маълумотни тасдиқлади ва сабабини айтди.

"Ўргандик, ростдан ҳам пуллар жўнатилмаётган экан. Бу Ўзбекистон Марказий банкининг оғзаки буйруғи асосида қилинаётган экан. Сабаби давлат раҳбарлари келиша олмаётганмиш. Шунинг учун ҳам пуллар жўнатилмаяпти," - дейди Contact пул ўтказма тизимидан Илья.

2010 йилда Россиядан Ўзбекистонга юборилган пуллар 1 миллард 700 миллион долларни ташкил этган.

Аммо Ўзбекистондан четга чиқарилган пуллар ҳақида очиқ маълумот йўқ.

Қирғизистон ва Тожикистонга пул юборишни истаганлар бу ишни учинчи давлат орқали ҳал қилишаётганини айтади.

"Учинчи давлат орқали пул юборишни ҳал қилдик. Фақат шу ўртада яна қўшимча 2 % пул йўқотдик," - дейди Тошкентдан Қобил.