Қирғиз парламенти тоғ чўққисига Путин номини бериш ҳақидаги қонунни тасдиқлади

Путин чўққиси Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Қирғизистон парламенти кўпчилик овоз билан мамлакатдаги тоғ чўққиларидан бирини Россия Бош вазири Владимир Путин номи билан аташ тўғрисидаги қонунни маъқуллаган.

Қирғизистон парламентига кўра, бу Путин номини абадийлаштиради ва икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди.

Путин чўққисининг баландлиги тўрт ярим минг метр бўлиб, Қирғизистондаги Ельцин чўққисидан баланд, аммо Ленин чўққисидан пастроқдир.

Владимир Путин номини абадийлаштиришга қаратилган қонунни тасдиқлаш учун парламент вакиллари бор йўғи бир дақиқа вақт сарфлаганлар.

Қирғизистоннинг янги Бош вазири Алмазбек Атамбаев ўзининг илк хорижий сафарини декабр ойида Москвадан бошлаган эди.

Собиқ Совет республикалари орасида энг қашшоқларидан бири деб кўриладиган Қирғизистонда Қўшма Штатлар ва Россия ҳарбий базалари жойлаштирилган.

"Кулгули амал"

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев шу йил бошида Тянь-Шань тоғидаги чўққилардан бирини "Владимир Путин чўққиси" деб номлаш ҳақидаги қонунни имзолаши ортидан мамлакат сиёсатчилари орасида ушбу қонун баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Мухолифатдаги етакчи "Ата-Мекен" партияси вакилларига кўра, Қирғизистоннинг янги россияпараст раҳбари Алмазбек Атамбаев ўз режаси билан мамлакатни "мазах объекти"га айлантирди.

"Ата-Мекен" партиясидан бўлган парламент вакили Жўрмат Сапарбоевнинг айтишича, Бош вазир бунинг Қирғизистон қонунчилигига зид амал эканини англаб ҳам етмаган.

Қирғизистонда бу каби воқелик янгилик эмас. Мамлакатда бундан аввал иккита чўққи Борис Ельцин ва В.И.Ленин номлари билан аталган.

"Минг афсус, ҳукуматдаги айрим сиёсатчилар Россия билан алоқаларини мустаҳкамлашга уриниб, гоҳида аҳмоқона, кулгули амалларга қўл уришади," деб айтган жаноб Сапарбоев.

Қирғизистонда 1995 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, тоғ ёки бирор бир жуғрофий ҳудудни тирик одамнинг исми билан номлаш ман этилади.