Сўнгги янгиланиш 17 феврал 2011 - 08:25 GMT

'Бу йил Марказий Осиёни Форс Кўрфази билан боғловчи темирйўл ишга тушади'

Янги темирйўл 21-асрнинг Ипак Йўли, деб баҳоланмоқда

Қатар Марказий Осиёни Форс Кўрфази билан боғловчи ва 21-асрнинг Ипак Йўли деб баҳоланаётган йирик темирйўл қурилиши лойиҳасида иштирок этмоқчи.

Бу эса, Эрон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокидаги лойиҳанинг янада жадаллашишига хизмат қилиши мумкин.

Қатарлик масъуллар бу хусусдаги истакларини Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан Ашхабодда бўлиб ўтган музокаралари чоғида билдиришган.

Қатар томони Туркманистон иқтисодиётининг барча соҳалари, жумладан, нақлиёт, энергия ва телекоммуникация соҳаларига ётирим киритиш иштиёқида эканлигини изҳор этган.

Бу ҳақда Эроннинг "Форс" ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Янги темирйўл қурилишига оид битим эса, 2007 йилда Эрон, Туркманистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланганди. Ва мазкур худди ўша йилнинг ўзида ҳар уч давлат президентлари бу масалада якуний бир тўхтамга келишганди.

Қурилаётган темирйўлнинг узунлиги 1.000 километрни ташкил этади. Унинг 90 км Эрон, 700 км Туркманистон ва 210 кми Қозоғистондан ўтади.

Унинг шу йил - 2011 йилда қуриб, битказилиши кутилмоқда.

Янги темирйўл Марказий Осиё давлатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Форс Кўрфазига элтишда ниҳоятда қўл келади.

Ва маҳсулотларни ташишда фойдаланиб келинган одатий йўлни 600 кмдан ортиқроққа қисқартиради.

Жорий пайтда темирйўлнинг Туркманистоннинг Балкан вилоятидан бошланиб Қозоғистон чегарасига қараб борувчи 300 километри тайёр.

Янги темирйўл Хитой ва Оврўпо орасидаги энг муҳим халқаро нақлиёт алоқасига айланиши кутилмоқда.

* http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2011/02/(none)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.