Яқин Шарқдаги ҳодисалар Марказий Осиё ва Қофқозга таъсир қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Таҳлилчиларда Яқин Шарқ мамлакатларидаги жараёнларнинг марказий Осиё ва Қофқозга таъсири қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида саволлар туғилмоқда...

Араб дунёсидаги сўнгги эврилишлар - авторитар лидерларнинг қулаши ва мухолифат кучлари овозларининг баралла янграй бошлагани бутун дунё диққат марказида турибди.

Яқин Шарқдаги ҳодисалар Марказий Осиё ва Қофқозга таъсир кўрсатиши мумкинми?

Эврилишлар гирдобида қолган Араб мамлакатлари сингари Марказий Осиё ва Қафқозда ҳам кучли истихборот ва ҳарбий тизимларидан баҳраманд бўлган, ўз сулолаларини барпо этган ва битмас бойликлар тўплаган, кекса раҳбарлар бор.

Бироқ Яқин Шарқдаги кўплаб йирик мамлакатлардан фарқли, собиқ Совет Иттифоқидаги мусулмон мамлакатларида аҳоли нисбатан камроқ, кучли мухолифат гуруҳлари ёда агар эркин ва адолатли сайловлар бўлиб ўтгудек бўлса, халқнинг ҳаққоний дастагидан баҳраманд бўладиган лидерлар йўқ.

Араб мамлакатларидан фарқли, бу мамлакатларда омманинг ижтимоий медиа ёрдамида фаоллашув эҳтимоли камроқ, зеро интернет тармоқлари ё чекланган ёда кучли назорат қилинади.

Аксар шарҳловчилар фикрларига кўра, Марказий Осиёда энг беқарор режимлар Қирғизистон ва Тожикистондадир.

Қофқозда эса Озарбайжон беқарорлик потенциалига эга бўлган мамлакат сифатида кўрилади.

Халқаро геополитик масалалар таҳлили маркази, "STRATFOR"га кўра, терроризм, диний ҳаракатлар ва сиёсий беқарорликлар қоришиб кетган мамлакат сифатида Тожикистонга алоҳида диққат қаратилмоқда.

Бу мамлакатда, айниқса Рашт водийсида беқарорлик ва зўравонликлар кўлами ортган.

"STRATFOR" шунингдек Қирғизистонни ҳам ўтган йил этник низоларни бошдан кечирган ва кучсиз марказий ҳокимиятга эга бўлган мамлакат сифатида алоҳида тилга олган.

Озарбайжон ҳам яқинда мухолифат, айниқса Исломий гуруҳларнинг босимига юзма-юз келди.

Ҳозирга қадар, Араб дунёсидаги эврилишлар кўпроқ идора этилганларга эмас, балки идора этувчиларга таъсир кўрсатди.

Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоев афтидан Мисрдан сабоқ олган кўринади: президидентлик муддатини узайтириш бўйича умумхалқ референдумини бекор қилиш ва бунинг ўрнига муддатидан илгари президентлик сайловини ўтказиш қарори Президент Назарбоевнинг қанчалар хавотирга тушганини акс эттиради.

Озарбайжонда ҳам ҳукумат коррупцияга қарши курашиш ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича баъзи чора-тадбирларни кўрди.

Ўзбекистонда эса Президент Ислом Каримов ҳалиям мамлакатни қаттиққўллик билан идора этаётир, бироқ Ҳусни Муборак сингари у ҳам ворислик режасига эга эмас.

"STRATFOR" ташкилотидан Жорж Фридманнинг айтишича, Муборакнинг келажак режаларга эга бўлмагани, беқарорликларга йўл очди.

Мисрдаги ўзгаришлар халқ инқилоби натижаси эдими ёки Мисрда ҳокимиятни кимга топшириш масаласини ҳарбийлар ҳал қилмоқдами?

Бу саволга жавоб Марказий Осиё ва Қофқоз раҳбарлари учун ўта аҳаммиятли бўлади.