Хитой ва Қозоғистон:иқтисодий ҳамкорлик "чироғи" уранда ёқилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди янги бозорларни қидирмоқда

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Хитойга сафари Пекиннинг минтақадаги ўрни янада мустаҳкамланиб бораётганидан дарак беради.

Остона ва Пекин уран заҳиралари ва нефт лойиҳаларига доир муҳим шартномаларни имзолаши кутилмоқда.

Иқтисоди тобора юксалиб бораётган Хитой дунёдаги йирик давлатлар орасида энг "энергияга чанқоқ" мамлакатлардан бири саналади.

Хитой ҳозирда Қозоғистонга импорт бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Икки ўртадаги энергия шартномалари миллиардлаб долларга баҳоланаётир.

Хитой шунингдек, хабарларга кўра, Ўтрордаги нефтни қайта ишлаш иншооти қурилиши учун бир миллиард долларга тенг сармоя ётқизиш ниятида.

Бугунги кунда Қозоғистонда Хитойнинг катта - кичик мингдан ортиқ ширкатлари фаолият олиб боради.

Қозоғистон Президенти Назарбоев Хитойни ўз мамлакатига молия ётиримларини оширишга чақирган.

Президент Назарбоев ўз сафари давомида Алмати ва Остонани боғлайдиган тезюрар поездларга мўлжалланган темир йўл қурилишига доир меморандумни ҳам имзолаган.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Марказий Осиёга миллардлаб доллар сармоя киритаётган Хитойнинг минтақадаги асл мақсадлари номаълум. Хитой улкан ҳудудга эга бўлган Марказий Осиёни аста - секинлик билан эгаллаб олиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Ўтган ой Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасидаги деморкация ва делимитация қилиш ҳақидаги ҳужжат Тожикистон парламентида тасдиқланиши ва Тожикистон ҳудудидан

Бунга кўра, Тожикистон ўз ҳудудидаги Хитой даъво қилиб келаётган минг квадрат чақирим ерни Хитойга топширди.

Аммо, бир қатор сиёсатчилар бундай қарорга эътироз билдиришган ва бу Тожикистон Конституциясига зид деб урғулашган.

Айрим кузатувчиларга кўра, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида ҳам фаол бўлган Хитой Марказий Осиё давлатларини тобора ўз иқтисодий ва сиёсий таъсир доирасига олмоқда.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган.