"Асил арна" Ислом асосларини бутун дунёга ёйишни мақсад қилган

Қозоғистонда сўнгги йилларда турли мазмундаги мустақил телеканаллар очила бошлаган. Уларнинг айримлари информацияга чанқоқ аҳолини тезкор хабарлар билан таъминлашни мақсад қилган бўлса, "Асил арна" каби исломий канал нафақат Қозоғистон, балки сунъий йўлдош орқали бутун дунёга Ислом асосларини етказишни ният қилган.

"Стан ТВ" каналини анъанавий теканаллардан ажратиб турадиган асосий хусусияти уни фақат интернет орқали кўриш мумкинлигида. Видео порталнинг очилганига беш йил бўлди. Бош офиси Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида жойлашган бу видеопортал Марказий Осиёнинг беш давлатидан видео сюжетлар тайёрлайди.

Ушбу информацион портал минтақадаги янгиликларнинг видео шаклини зудлик билан бутун оламга тақдим қилиши билан ҳам ажралиб туради.

"Стан ТВ"нинг Қозоғистонда ҳам каттагина бўлими жойлашган. Бош продюсор Александр Габченконинг айтишича, эркинроқ ишлаш ушбу интернет телеканалининг асосий афзалликларидандир.

"Интернет жабҳаси анча эркин ҳисобланади. Гарчи Қозоғистон ҳам сўз эркинлиги борасида муаммоларни бошидан кечираётган бўлса-да, биз интернетда ўзимизни Қозоғистондаги анъанавий оммавий ахборот воситаларидан бир мунча эркинроқ ҳис қиламиз", - дейди Александр Габченко.

"Стан ТВ" муҳим видео янгиликларни кун давомида веб саҳифасига жойлаб боради. Аммо кечки вақт алоҳида 15-20 дақиқалик янгиликлар дастурини интернет орқали эфирга узатади.

Видео портал дастурларида Қозоғистондаги анъанавий телеканалларда унча айтилавермайдиган мавзулар ўрин олганини кўриш мумкин. Лойиҳа бутун Марказий Осиёни қамраб олишни мақсад қилиб қўйган бўлса-да, аммо ёпиқ ҳисобланадиган Туркманистон ва Ўзбекистондан лавҳаларни кам учратасиз. Туркманистондан энг сўнгги хабар 2009 йилда киритилган. Ўзбекистондан эса 2010 йилда лавҳа тайёрланган.

"Лойиҳамиз ишга тушган кезларда Ўзбекистонда ҳам офисимиз очилган, ишлар бир маромига туша бошлаганди. Афсуски вақт ўтиши билан биз Ўзбекистондаги офисимизни сақлаб қола олмадик. Сабаби Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат Қозоғистондан ҳам абгор ҳолатда. Ўзбекистон ҳукумати бизнинг ҳамкорларимизни ва ходимларимизни информацион жабҳадан сиқиб чиқарди", - деб изоҳлайди видео портал бош продюсери Александр Габченко.

Сайтга ҳар куни бир неча минг одам кириши айтилади. Келажакда видео портал янада ривожланиб интернет жабҳасида информацион видео хабарлар етказиш бўйича етакчига айланишни мақсад қилиб қўйган.

Қозоғистонда сўнгги икки йилда шиддат билан танилган телеканаллардан бири бу исломий руҳдаги "Асил арна" каналидир.

"Асил арна" ўзбек тилига таржима қилганда "асл канал" бўлади. Телеканал 2009 йилда очилган, аммо шу қисқа вақт давомида унинг томошабинлари 25 миллионга етиб қолгани айтилади. Қозоғистонда 30 дан ортиқ кабел телевидениеси билан шартнома имзолаган канал ҳар бир истовчи хонадонга кириб бориши мумкин. Дунё бўйлаб эса сунъий йўлдош антеенаси орқали томоша қилиш мумкин.

Телеканал бош директори Муҳаммаджон Тазабековнинг Би-би-сига айтишича, телеканални очишдан мақсад Шўролар даврида динга чанқаб қолган аҳолининг чанқоғини қондириш ва ҳар бир хонадонга маърифат олиб кириш.

"Шўролар жамиятидан чиққан қозоғистонликларга уларнинг ота-бобосининг дини бўлган Ислом билан яқиндан таништириш, ҳақиқатни етказиш мақсадида ушбу канални очдик. Динсиз жамият ва эътиқодсиз одамлар бўлмайди. Одамзод фитратан бирор нарсага эътиқод қилувчи қилиб яратилган", - дейди телеканал бош директори Муҳаммаджон Тазабеков.

Муҳаммаджон аканинг айтишича, бундан беш йилча олдин Қозоғистонда мана шундай бир канал очиш ғояси ўртага ташланади. Бу таклифни жамиятдаги ўн чоғли бой кимсалар ўртага ташлашган ва биргаликда ушбу канални очишган.

Исломий канал очилиш кезларида ушбу лойиҳага хадик кўзи билан қаровчилар ҳам бўлган. Қандай қилиб исломий канал бўлиши мумкин дея фикрловчилар номозхонларнинг ичида ҳам бўлганлиги айтилади. Аммо бу таклиф ҳукумат ва Қозоғистон диний ишлар қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланади.

Тазабеков жанобларининг айтишича, энг асоссий муаммо ушбу телеканалга мос келувчи одамларни топиш қийинлигида бўлган. Ҳам ўз ишининг устаси, ҳам Ислом динини тушунувчи кадрлар топиш бошоғриққа айланган.

Вақт ўтиши билан ушбу муаммолар ечилмоқда. Собиқ Шўролар минтақасида илк бўлиб очилган ушбу исломий канал томошабинлари Қозоғистон чегаралари билан чекланиб қолмади.

"Асл арна"ни ҳозир Африканинг Чад, Ливиясидан бошлаб, шарқий Оврўпо, Россия, Эрон, Покистон, Марказий Осиёда кўриш мумкин. Бизга Ўзбекистон ва Қирғизистондаги томошабинларимиздан кўплаб мурожаатлар бўлиб туради", - дейди телеканал бош директори Муҳаммаджан Тазабеков.

Бугунга келиб телеканалнинг 50 дан ортиқ кўрсатувлари бор. Булар махсус парламент дастурларидан тортиб, янгиликлар ва бошқа маърифий кўрсатувларни ўз ичига олади.

24 соат бўйи эфирга узатиладиган кўрсатувлар ичида "Меҳрибонлик" кўрсатувининг ўз ўрни бор. Ҳаётда оғир дард билан қийин синовларни бошидан кечираётган одамлар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу кўрсатувнинг рейтинги баланд эканлиги айтилади.

"Ислом дини бизга сўнгги 15-20 йилда қайтадан келди деб ўйлайман. Ушбу "Асл арна" канали динимизнинг тозалиги ва тўғрилигини кўрсатувчи бир воситадир", – дейди Қозоғистон халқ ёзувчиси Шерхан Муртаза.

Кузатувчиларга кўра, минтақанинг бошқа давлатларида бўлгани сингари Қозоғистонга ҳам турли оқим ва йўналишлар кириб келган. Улар "Асл арна" каби исломий каналнинг фаолият юртиши ёшларнинг бошқа оқимларга кириб кетишининг олдини олишда катта рол ўйнаши мумкин, дейишади.

Канал ижодкорлари ҳам мақсадлари Қозоғистондаги диний англашмовчиликларнинг олдини олиш эканини айтадилар.

Келажакда ушбу канал исломий мултфилм ва филмлар ишлашни мақсад қилган.