Тожикистон Президентининг ўғли божхона хизматини бошқаради

Image caption Тожикистон Президенти ўғлининг мавқеларига яна биттаси қўшилди.

Тожикистон Божхона хизмати расмийлари президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали хизматга раҳбар этиб тайинланганлигини тасдиқладилар.

Шу вақтгача 24 ёшли Рустам Имомали Тожикистон ҳукумати қошидаги Сармоялар ва давлат мулки қўимитасида ишбилармонлик бошқармаси раҳбари лавозимини эгаллаб келганди.

Бундан ташқари у Тожикистон футбол федерациясининг вице-президенти ва Тожикистон Ёшлар Иттифоқи раисининг ўрибосари ҳамдир. Ёшлар Иттифоқи президентликка ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга ягона жамоат ташкилотидир.

Ўтган йили у шунингдек Президент отаси раислик қилувчи Миллий Декмократик партия раёсатига сайланган.

Кейинчалик эса Душанбе шаҳар вакиллар кенгашига ҳам сайланган.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда Рустами Имомалига янги мақом берилиши бир қарашда у қадар аҳамитясиз бўлиб кўринса ҳам, аслида ўзгача аҳамият касб этиши мумкин.

Чунки Божхона хизмати мўмайгина молия келтирувчи соҳа ҳисобланади.

Бу хизматга раҳбарлик қилиш Тожикистондан чиқиб кетаётган ёда кириб келаётган ҳамма моллар, яъни экспорт ва импорт устидан тўлиқ назоратни қўлга олишни англатади.

Яна бир қатор кузатувчилар коррупция кенг тарқалган, дея айтилган хизматда Президент бир оз тартиб ўрнатмоқчидир, деган тахминни илгари сурмоқдалар.

Яна бир тахмин эса, жаҳоннинг турли нуқталарида юз бераётган халқ исёнлари манзарасида Тожикистон Президенти ўз мавқеига таҳдид солиши мумкин бўлган молларнинг мамлакатга кириб келишидан огоҳ бўлиш мақсадида бу ишга қўл урган бўлиши мумкинлигидир.

Тожикистон Президентининг тўққиз фарзанди бор. Унинг қизларидан бири Ташқи Ишлар вазири ўринбосари вазифасида.