Ўш ҳокими янги этник тўқнашувнинг олдини олишга ваъда берди

Image caption Мирзақматов ўтган йил июнидаги зўравонликларни уюштиргани ҳақидаги даъволарни рад этиб келади

Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов шаҳар расмийлари янги этник зиддиятнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришини айтган.

Интерфакс агентлиги Мирзақматовнинг "бу йил осойишта эмас ва мен нима юз бериши мумкинлигини башорат қилмайман. Аммо мен сизга айтишим мумкинки, биз одамлар орасида янги тартибсизликлар ва нотинчликларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўраяпмиз", деган сўзларини келтиради.

Ҳоким бу йил Ўшда милий тотувлик, тинчлик ва дўстлик йили деб эълон қилинганини урғулаган.

"Биз бутун йил давомида қирғизлар ва ўзбеклар, шунингдек, жанубий пойтахтда яшовчи бошқа этник гуруҳлар ўртасида дўстона алоқаларни тиклаш учун қаттиқ ишлаймиз. Бу мақсадда кенг миқёсдаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда" деб айтган Мирзақматов.

Айни пайтда у Қирғизистон жанубида "экстремист ва миллатчи-бўлгинчи гуруҳлар фаолиятини кучайишидан хавотирда" эканини билдирган.

Унинг фикрича, мана шу баҳорда бу каби гуруҳлар "беқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин"

"Душман остонамизда турибди", деган Ўшнинг қудратли ҳокими.

Унинг сўзларига кўра, қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари баҳордан то 10 июнгача, яъни Ўш воқеаларининг 1 йиллиги нишонланадиган санага қадар этник тўқнашувларнинг олдини олиш учун қўлдан келган барча чораларни кўришлари керак.

Ўш ҳокими шунингдек, жорий йил бошидан буён кузатилаётган нарх-навонинг ошиши аҳоли норозилигини кучайтириши мумкинлигидан ташвишда эканини айтган.

Ўш шаҳри ўтган йил июнида юз берган этник зўравонликлар маркази бўлган, Ўшда юзлаб, асосан ўзбеклар ўлдирилган ва уларнинг уйларига ўт қўйилган.

Гувоҳлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва айрим қирғиз сиёсатчилари зўравонликларда собиқ президент Бакиевнинг тарафдори бўлган Мелис Мирзақматовнинг қўли борлигига ишора қилишган.

Унинг ўзи зўравонликларга алоқаси борлиги, уларнинг ўзбекларга қарашли мол-мулк ва бизнесларни тортиб олиш мақсадида уюштирилгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келади.

Янги зўравонликлар

Ўш шаҳар ҳокимининг баёноти Ўш яқинидаги Новқат шаҳрида янгидан зўравонликлар юз берган пайт янграган.

Сешанба куни қирғиз оломон ўзбек милатига мансуб экани айтилган тадбиркорнинг уйини ёқиб юборган.

Хабарларга кўра, тадбиркор 23 феврал куни Новқат туман солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Сағинбек Алимбаевнинг ўлдирилишида гумон қилинган.

Шаҳарда тўпланган 700 чамаси қирғиз оломон Ўзбекистонда яширинаётгани даъво қилинган қотилни топиб, жазолашни талаб килган.

Милиция қотилликда гумон қилинган бир неча кишини ҳибсга олгани айтилмоқда.

Қиргиз хабар агентликларига кўра, Новқатга вазиятни барқарорлаштириш учун қўшимча кучлар юборилган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг ўринбосари Маратбек Иманқулов Новқатдаги ҳодисалар миллатлараро танглик асосида келиб чиққанини рад этган.

Қирғиз расмийлари чоршанба куни Новқатда вазиятнинг осойишта ва назорат остида эканини айтмоқда.

ОХҲТ раисининг ташрифи

Айни пайтда чоршанба куни Ўшга ташриф буюрган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раиси, Латвия Ташқи ишлар вазири Аудрониус Азубалис Қирғизистондаги қайта қуриш ва тараққиёт жараёнлари барча жамоаларни қамраб олиши кераклигини айтган.

Ўшда шаҳар ҳокими Мирзақматов ва бошқа расмийлар билан учрашган ОХҲТ мулозими барча жамоалар билан мулоқот миллий муроса ва узоқ муддатли барқарорлик учун муҳим эканини таъкидлаган.

Ўшдалик чоғи у маҳаллий милиция ҳамда ОХҲТ хавфсизлик ташаббус гуруҳидан халқаро экспертлар, шунингдек, фуқаро жамияти вакиллари билан ҳам учрашган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раиси пайшанба куни Бишкекда ҳукумат расмийлари билан музокаралар олиб боради.