'Қирғизистонда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳвол яхши томонга тез ўзгаришига умид йўқ'

Қирғиз парламенти Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Литва Ташқи ишлар вазири Аудрониус Азубалис айтишича, Қирғизистонда қайта қуриш, жамиятни ислоҳ этиш жараёнларига мамлакатдаги барча миллатлар вакиллари жалб этилиши керак.

Оврўпо ташкилоти амалдаги раиси Қирғизистонга борган, у ўтган йили юзлаб инсонлар умрига зомин Ўш шаҳрида ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашган, бу мулоқотлардан "Қирғизистонда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳвол яхши томонга тез ўзгаради" деган умид йўқ, деб айтган. Хўш, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раиси бундай хулосага келишига нималар сабаб бўлган. Би-би-си ушбу савол билан қирғизистонлик сиёсий таҳлилчи Александр Князевга мурожаат қилган:

Александр Князев: Мен ўйлайманки, Шўролар Иттифоқи тарқалиб Қирғизистон мустақиллигига эришганидан кейин етишиб чиққан мамлакатнинг сиёсий раҳбарияти "титул миллат" тезиси остида шаклландилар. Мамлакатдаги бутун сиёсий ҳаёт қирғиз миллатига мансуб инсонлар томонидан монополияга айлантирилди. Мамлакатда яшайдиган бошқа этник озчиликлар вакилларининг сиёсий ҳаётдаги иштирокини мен фақат иллюстрация мазмунидаги иштирок деб атаган бўлар эдим. Кўпинча бу одамлар ўзларининг миллий жамоалари билан алоқаси йўқ, бу жамоалар манфаатини акс эттирадиган сиёсатчилар эмас. Аммо, улар мамлакат сиёсий тизимларида бошқа миллатлар вакиллари ҳам мавжудлигини кўрсатаётгандек таасурот уйғотади. Бир неча рус миллатига мансуб бош вазирлар тайинлангани мамлакатда миллатлараро муносабатларда ҳамма нарса кўнгилдагидек, деб кўрсатиш мақсадида қилинган. Мен ўйлайманки, Қирғизистоннинг бугунги сиёсий раҳбарияти ҳам шу вақтгача шаклланиб келган сиёсатни давом эттираяптилар. Бунинг сўнгги мисоли сифатида мен охирги ойларда Қирғизистонда коррупцияга қарши кураш баҳонасида, айниқса, ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият юритиб келган бошқа миллат вакилларини сиқиб чиқарилаётганини келтиришим мумкин.

Би-би-си: Мана куни кеча Қирғизистондаги қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари миллий озчиликлар вакилларига тазйиқлар кучаяётгани ҳақида матбуот анжумани уюштиришди. У ерда иштирок этган Қирғиз президенти маъмурияти вакили давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида бошқа миллатлар вакилларига жойлар берилган, дея эътироз билдирди...

Александр Князев: Мамлакат умумий аҳолисининг сони, миллатлар сонига қараб давлат тизимларида "бунча сонда рус, бунча сонда ўзбек бўлиши керак" деган тартиб ҳақида гапириш, менимча ноўрин. Агар сиз Қирғизистон парламенти таркибига қарайдиган бўлсангиз ҳам қирғиз бўлмаган миллат вакиллари ўзларининг сайловчиларидан узилганини кўришингиз мумкин. Улар парламентга партиялар рўйхатлари бўйича ўтишган, миллий озчиликлар вакиллари ўз партияларининг сиёсатини белгиламайдилар, партияларининг сиёсий йўналишини белгилайдиган салоҳиятга эга эмаслар. Улар парламентда ўрин эгаллашлари билан мен юқорида айтган "ҳамма миллат вакилига ўрин берилган"дек манзарани кўрсатишгагина хизмат қилаяптилар. Мен тўла ишонч билан айта оламан, бош вазир Танаев ёки бош вазир Четинов рус бўлганларига қарамасдан, Қирғизистондаги рус ёки русийзабон миллат вакиллари манфаатларига ҳеч қандай алоқалари йўқ эди.

Би-би-си: Жаноб Азубалиснинг Қирғизистон жамиятидаги ислоҳотлар барча жамоаларни қамраб олиши кераклиги ҳақидаги тавсиясини нақадар ҳаётга татбиқ этиш мумкин, деб ўйлайсиз?

Александр Князев: Буни мен амалга ошириш қийин бўлган вазифа деб биламан. Чунки, Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин - 20 йил мобайнида ўсиб вояга етган қирғиз миллатига мансуб авлод вакиллари миллатчилик руҳида тарбия топганлар. Шу йиллар давомида тарих фани ҳам, бошқа ижтимоий фанлар сабоғи ҳам айнан ана шу руҳни тарбиялашга қаратилган эди. Миллатчилик жамият бир қисмининг ички руҳиятига ҳам айланиб улгурган. Бу авлод, қирғизлар Қирғизистонда устун миллат бўлиши керак, қолганлар вақтинча яшаётганлар, деб ишонади. Шунинг учун, бугун Қирғизистонда ҳокимият тепасига миллатчилик кайфиятидан йироқ инсонлар келган тақдирда ҳам бу вазифани ҳаётга татбиқ этиш қийин бўлур эди. Мушкул, аммо, менинг фикримча, ҳал қилса бўладиган вазифа. Ўйлайманки, агар давлат амалда вазиятни ўзгартирмоқчи бўлса, бунинг йўллари кўп эди. Давлат бошқарувига бошқа миллат вакилларини фаол жалб этиш мумкин. Оммавий ахборот воситаларига таъсир ўтказиш мумкин, чунки биз биламизки, кўплаб мақолалар Жиноят Кодексининг банди бўйича иш очишга асос бўладиган шаклда ёзилмоқда. Шу сабабдан ҳам, мен бу муаммони ташқаридан кўмаксиз ҳал этиб бўлмайдиган муаммо деб ҳисоблайман.