Санкт-Петербургда Марказий Осиёлик муҳожирлари учун яна бир газета нашрдан чиқди

Россияга йўл олган муҳожирлар
Image caption Расмий маълумотлар бўйича, Россия ҳудудида 10 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири яшайди

Ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган "Турон" номли рўзноманинг илк сони муҳожирлар гавжум жойларда тарқатила бошлаган.

Кейинроқ, газетани қирғиз ва тожик тилларида ҳам нашр этилиши режаланган. "Турон" асосчиларига кўра, газета биринчи навбатда Россияда юрган меҳнат муҳожирлари оғирини енгил қилишга қаратилган.

"Турон" газетаси Бош муҳаррири, асли ўшлик Маҳмуд Маматмўминовнинг айтишича, газета Россияда марказий осиёликлар дуч келаётган муаммоларни ёритиш қатори, муҳожирларга ёрдам бериш мақсадини кўзлайди.

"Газета саҳифаларида келаётган муҳожирларнинг Россияда рўйхатдан ўтиш, ишлаш рухсатномаси ва патент каби тегишли ҳужжатларини қандай қилиб қонуний олишлари ҳақида маълумотлар бериб борилади. Иккинчидан, муҳожирларни Россия қонунлари ва анъаналари билан таништириш ҳам кўзда тутилган", деб айтди Маҳмуд Маматмўминов.

Рўзнома саҳифаларида Россия Федерал миграция хизмати чоп этган қонун-қоидалар, хорижийлар учун керакли телефон рақамлари чоп этилади.

Газета лотин алифбосида ўқиган ўзбек ёшлари учун мушкуллик туғдириши мумкинлиги айтилади.

Бош муҳаррирга кўра, газетанинг кирилл алифбосида чоп этилиши, Ўзбекистон фуқароларига катта қийинчилик туғдирмайди.

"Ҳозирги ёш авлод лотинча энди ўрганаяпти. Ёши 20дан юқори фуқаролар, кирилл алифбосини ўқишган, яхши билишади. Мактабни янги тугатган ёшлар эса, кирилл алифбосини ўрганишлари учун яхши бўлади", дейди Маҳмуд Маматмўминов.

Бошмуҳаррирнинг айтишича "Турон" газетаси Россиялик ишбилармон Игорь Белоусов ажратган маблағ асосида ташкил этилган.

"Турон" Санкт-Петербургда ўзбек тилида нашрдан чиққан иккинчи рўзнома. Бундан бир ойча олдин Россия шимолий пойтахтида ўзбек ва рус тилларида "Петербург-Ўз" газетаси меҳнат муҳожирлар орасида тарқатила бошлаганди.

Айни дамда Москва қурилиш иншоотларининг бирида ишлаёткан ўзбекистонлик йигитнинг фикрича, ушбу газеталар Россияда юрган муҳожирлар оғирини енгил қилмайди.

"Чунки газеталар ҳақиқатни ёзишмайди. Газетанинг ўзбек тилида бўлгани билан, барибир русларга ён босиб ёзишади. Ҳақиқатни ёзган рус журналистларини ўлдиришяпти-ю, ўзбекларни қўйишадими? Россияда марказий осиёлик мигрантлар ишлаган ҳақларини олишолмай, сарсон бўлиб юришибда. Буни ҳокимият ҳам, ўша журналистлар ҳам билишади. Лекин, нима учун бу ҳақда ёзишмайди? Ўзбек тилидаги газеталар мигрантларга фойда келтирмайди",- дейди ўзбекситонлик муҳожир. Расмий маълумотлар бўйича, Россия ҳудудида 10 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири яшайди. Қонуний муҳожирлар сони 2 миллиондан ортиқ эканлиги айтилади. Россия Федерал миграция хизматига кўра малакатдаги меҳнат муҳожирларнинг катта қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. davlat